МИБ ва саховат: Тадбиркор бир оиланинг 10 млн сўмдан ортиқ қарздорлигини тўлаб берди

0

МИБ яна бир хайрли ишда бош бўлди ва Тошкентдаги бир оила боши ногиронлигини, фарзандлари вояга етмаганлагини, аёл оиланинг ёлғиз боқувчиси эканини билибоқ ҳомий топишга шошилди.

Кунлар совиб, одамнинг эти жунжикадиган ҳавода Бюро ходимлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг мониторингини ўтказиб, агар тармоқдан баъзи сабаблар билан ўчирилган бўлса, қарздорлик қопланишига ва тармоққа қайта улаб беришга, шунингдек, бошқа энергия ресусрларидан қарздорликлари бўлса, саховатпеша ҳомийларни ёллаш орқали савобли амалларни давом эттирмоқда.

Жумладан, МИБ Шайхонтоҳур туман бўлими бошлиғи ўринбосари Л.Абдурахмонов ҳамда инспектори А.Ходжаевлар Шайхонтоҳур тумани “Катта Ҳовуз” маҳалласи, Иттифоқ кўчаси 8-хонадонда истиқомат қилувчи Мўминовлар оиласидаги вазият билан танишди. Маълум бўлишича, Муҳайё Мўминова 3 нафар вояга етмаган фарзандлари ҳамда 2-гуруҳ ногирони, сил касаллигига чалинган турмуш ўртоғининг ёлғиз боқувчиси ҳисобланади.

Мазкур хонадоннинг коммунал хизматларидан жами 10 млн 400 минг сўм қарздорлиги йиллар давомида тўланмай келиб қарздорлик ошиб борган. Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими ходимлари ҳозирда ушбу оиланинг оғир аҳволдалигини, газ тармоғидан қарздорлиги сабаб тармоқдан узилганлигини инбатга олиб, саховатпеша тадбиркорларимизга мурожаат қилди.

Мурожаатга жавоб узоқ куттирмади ва «KORZINKA.UZ» супермаркет тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов савоб йўлида ўзининг ёрдам қўлини чўзишини билдириб, мазкур хонадоннинг коммунал хизматларидан қарздорлигини тўлаб берди. Мазкур оилага тадбиркор табиий газдан 5 800 000 сўм, ичимлик сувидан 2 800 000 сўм, маиший чиқиндидан 1 132 000 сўм ҳамда электр энергиясидан 680 000 сўм қарздорликларини тўлаб бериб, хонадон табиий газ тармоқларига қайта улаб берилди.

Бундан хурсанд бўлган хонадон эгалари кўзда ёш билан ҳомий ва Бюро ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Саховат инсоннинг зийнати бўлган гўзал ахлоқларидан ҳисобланади. Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар ким имкони борича, қўлидан келганича саховат кўрсатаверса, Аллоҳ таолонинг кенг даргоҳидан кўп савобга етишаверади.

loading...