Тошкентдаги 293-мактабга кирган нотаниш аёл болаларни заҳарламоқчимиди?

0

Кеча телеграм тармоғида «Огоҳ бўлинглар, шанба куни мана бу аёл 293-мактаб ошхонасига кириб, болаларга шакар чой ичасанми, деб ичирган. 2 нафар лўли бола ичишган. Бошқа синфдошлари дарсга чиқиб, устозга айтишибди. Директор, участкавойлар келиб аёлни ушлашибди. Унинг ёнидан шприц, дорилар чиқибди» деган хабар тарқалган эди.

Бектемир туман халқ таълими бўлими 293-сонли умумтаълим мактаби бўйича тарқалган ҳолатга жавобан қуйидагиларни маълум қилди:

«Жорий йилнинг 16 ноябрь куни соат тахминан 15:30ларда мактабга жиянини олиб кетиш учун келдим деб таништирган номаълум шахс (жинси аёл) мактаб навбатчисидан кун совуқ бўлгани учун мактаб ошхонасидан иссиқ чой олиб ичишга рухсат сўраб киради. Ошхонада ўтирган 5-6-синф ўқувчиларига ошхонадан олган ўзи ичиб ўтирган чойдан ичишни таклиф этган.

Шу вақт оралиғида дарсга қўнғироқ чалинади ва болалар дарсга бироз кеч қолади. Ҳолатга аниқлик киритиш учун синф раҳбари Н.Ансарова ошхонага тушган ва ўқувчилар атрофида бўлган нотаниш шахс ҳақида мактаб раҳбари Н.Таджибаевани огоҳлантиради.

Мактаб раҳбари Н.Таджибаева шу заҳоти ошхонага тушиб номаълум шахс билан савол-жавоб ўтказиб, берилган саволларга аниқ жавоб бера олмаган фуқаро бўйича дарҳол туман ИИБ ходимларига хабар қилади. Мактабга келган туман ИИБ ходимлари фуқарони тезкорлик билан суҳбатга тортиб, унга тегишли бўлган сумка ва кийимларини текширишади.

Текширув натижасида қўлидаги сумкасидан уколь олиш учун олган щприц борлиги аниқланади. Бу жисмларни фуқаро ўқувчиларга кўрсатмаган ва ўқувчиларнинг соғлигига зарар етказадиган ҳеч қандай хатти-ҳаракат қилмаганлиги аниқланади.

Шунингдек, туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув қилинганда ушбу фуқаро (08.04.1996 йил туғилган М.К) Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри, ИИБда бедарак йўқолганлар рўйхатида эканлиги ва соғлигида муаммоси (руҳий хаста) борлиги маълум бўлди. Яшаш жойи аниқланиб фуқаронинг онаси ва Олмалиқ шаҳар ИИБ ходимларининг қўлига топширилган.

Фуқаронинг онаси фарзандини соғлигида муаммоси борлигини, лекин ҳеч кимга зарари тегмаслигини тасдиқлаб, адашиб келиб қолганлигини маълум қилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу маълумотлар нотўғри эканлигини билдирамиз» дейилади уман халқ таълими бўлими хабарида.

Sof.uz

loading...