Тошкентдаги масжид имом-хатиби, мутаваллиси ва боғбони эҳсон пулларини ўғирлади

0

Мўмин-мусулмонлар учун имом-хатибнинг ҳар бир сўзи ва иши ибратдир. Шунинг учун имомлар жамоат жойларида, халқ орасида намуна бўлишлари лозим. Ҳаёт шундай, оддий одамда қанча камчилик бўлса ҳам унга унчалик эътибор берилмайди. Аммо элга панду насиҳат қиладиган имомда озгина нуқсон сезилса, халқ кўнглида дарров «Бу имом халқни бир ишга даъват қилар экану, ўзи бошқа ишни қиларкан» деган шубҳа пайдо бўлади.

Бугунги кун имом-хатиблари зиммасидаги юксак масъулиятни ҳис қилаяптими? Афсуски, онда-сонда бўлса ҳам баъзиларининг қинғир ишлари ҳақидаги хабарларни эшитаяпмиз. Хусусан, пойтахтимиздаги “Бўрижар” жоме масжидининг имом-хатиби ўз мутаваллиси ҳамда боғбони билан қилган ишлар одамларни ранжитиши тайин.

Х.А. (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекис­тон мусулмонлар идораси раисининг буйруғи билан 2014 йилда Чилонзор туманидаги “Бўрижар” жоме масжидининг имом-хатиби вазифасига тайинланади. Орадан икки йил ўтар-ўтмас Х.А. масжид мутаваллиси вазифасига А.В.ни тайинлаган бўлса, А.А.ни боғбон қилиб ишга олади.

Х.А. ўзига яқин инсонларни ёнига олгач мансабини суиистеъмол қила бошлайди. У А.В. ва А.А. билан тил бириктирган ҳолда масжиднинг эҳсон қутиларига тушган пулни қайд этиш далолатномасида тўлиқ кўрсатмасдан, унга сох­та маълумот киритади. Далолатномаларда фақат банкка топширилган пулларни кўрсатиб, қолган пуллар масжиднинг турли эҳтиёжлари учун ишлатиш важи билан олиб қолинаверади.

Маълум бўлишича, 2016-2017 йиллар ва 2018 йилнинг февраль-июнь ойларида масжиднинг эҳсон қутиларига жами 912 миллион 559 минг сўм, 1605 АҚШ доллари, 110 Россия рубли ва 200 қозоқ тенгеси тушади. Учовлон шу пуллардан масжиднинг ҳисоб рақамига 361 миллион 756 минг сўмини топширишган экан холос. Қолган 550 миллион 803 минг сўм ва хорижий валюталарни банкка кирим қилишмайди. Яъни 550 миллион 803 минг сўмдан 197 миллион 196 минг сўмини масжиднинг расмий ва норасмий ходимларига ойлик иш ҳақи қилиб беришади. Қолган 217 миллион 813 минг сўм ва хорижий валютани талон-торож қилишади. Бундан ташқари, Х.А. масжид тўлаши керак бўлган 83 миллион 502 минг сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаган.

Х.А., А.В. ва А.А.нинг қилмиш­лари жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан кўриб чиқилди ва уларга қонуний жазо тайинланди.

Дилшод ТОШТЕМИРОВ,

департаментнинг Чилонзор тумани бўлими бошлиғи

loading...