“Жониворлар ҳаёти туркумидан”: “АЙРИЛИҚҚА МАҲКУМ МАҲЛУҚЛАР…”

0

 

* * *

 

Қалин ўрмон турли жониворларнинг шовқинидан зир титрарди. Бир тарафда маймунлар шохдан шохга сакраб мева териш билан банд бўлса, йиртқичлар, ваҳшийлар сулоласи чекка-чеккаларда ўзига ўлжа қидиради.

Она шернинг эса кайфияти йўқ. Умрида илк бор икки шерваччани дунёга келтирди. Уларнинг бири ҳарқалай она ишончини оқлади. Овни у хоҳлаганидек уддалай олаяпти. Бунинг устига абжир. Худди бевафо отасига тортган. Ҳатто улкан зебра устига қушдек енгил сакраб бўйнини ғажиб ташлай билади…

Аммо буниси негадир дангаса чиқди. Ухлагани ухлаган. Ёнидан қуён сакраб ўтса ҳам қимирлагиси келмайди.

— Буни нима қилсам экан? — ўйларди она шер атрофга ўйчан назар ташлаб. — Олти ойлик бўлди. Ҳали бирор марта ўзи мустақил ов қила олмаяпти. Одатимиз қуриб кетсин. Отаси ўзга урғочининг кетидан кетиб қолди. Уни қайтаришга, норозилик билдиришга ҳақим йўқ. Бу биз шерлар одатига зид. Ахир, болаларим ҳали замон мустақил ҳаётга қадам ташлашлари лозим. Бечорагина маҳлуқлар қўлида ўлиб кетади-ку!.. Эҳ, болажонларим! Сизлардан бир умрга айрилиб қолишни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетаяпти. Кўз очиб кўрган дилбандларимсиз, ахир! Қандай чидайман? Афсус, шундай қилишга мажбурман. Акс ҳолда сулоланинг қарғишига, ғазабига дучор бўламиз. Бизни ўзга тўдалар менсимай қўйишади. Биздан юз ўгиришади. Негаки, шерлар кенг қалб эгаси, мағрур ва сабрли, совуққон бўлишлари лозим. Мен-чи? Ким билсин? Негадир қўрқаяпман. Сизларнинг ёлғиз қолишингизни кўз олдимга келтирсам, вужудим титраб кетаяпти.

Йўқ, бунақаси кетмайди. Ота-боболаримиздан қолган удумни оёқости қила олмайман. Барибир сен шерваччамни ов қилишга ўргатаман. Сен албатта кучли, эгизагинг каби абжир шер бўлиб етишасан. Эркаклар шундай бўлишлари зарур…

Она шер теварагида ўйноқлай бошлаган икки шерваччасини олдинга бошлади.

— Қаранглар, — деди кенгликка ишора қилиб. — ҳов анави ёқда чанқаган кийиклар кўлга тушиб келишди. Ҳозир сизлар ўшаларга ҳужум қиласиз. Сен эса, — дангаса шерваччага юзланди она шер. — эгизагингнинг ҳаракатларини диққат билан кузат! Бугун ўрганмаганингга қўймайман. Қани, олға, шунқорлар!..

 

* * *

 

Хавфни пайқаган кийиклар тўдаси жонҳолатда қирғоққа чопишди ва тирақайлаб қоча бошлашди

— Қани, югур, дангаса! — ҳайқирди она шер. — Сен мана шу кийиклардек тез чопа билишинг шарт. Шунда мақсадингга етасан! Ҳа, тезроқ, янада тезроқ!.. Фақат бўйнига ёпиш! Эплолмасанг, қорнига чанг сол!..

Бугун дангасанинг ҳам ғайрати жўшдими, орқароқда қочиб бораётган кийик боласини мўлжалга олди. Онасининг маслаҳатига амал қилиб ўлжага чанг солишга шошилмади. Аввал уни чарчатиб олишга қарор қилди. Ана, кийик боласи ҳолдан тойиб тезликни камайтирди. Олд тарафидан қувиб етган шерваччага чап беришга уринди. Аммо уддасидан чиқолмай йиқилиб тушди. Шервачча учун бу айни муддао эди. Кийик боласини таппа босди.

— Баракалла! — дея болаларини алқади ўлжага етиб келган она шер. — Энди сизлардан кўнглим тўқ. Сизлар мустақил ҳаёт кечира оласизлар. Юринглар, энди сўнгги вазифамни адо этмасам бўлмайди.

Учовлашиб кийик боласини баҳам кўришгач, олдинма-кетин йўлга тушишди.

Йўл олис. Улар узоқ-узоқларга, бу ўрмон кўринмайдиган жойларга боришлари, ўша ерда видолашишлари керак.

 

* * *

 

Айрилиқ онлари жуда яқин эди. Бегона ўрмон, кенг майдонда бир муддат она-болалар сукутга толди. Гоҳи-гоҳида бир-бирларига алам аралаш нигоҳ ташлашди. Бахтга қарши, бу манзара кўпга чўзилиши лозим эмасди.

— Сизлар мендан рози бўлиб яшанглар, эркатойларим! — ниҳоят тилга кирди она шер кўзлари жиққа ёшга тўлиб. — Ҳали сизлар ҳақиқий эраклар бўлиб етишасиз. Ўзларингиз ҳам фарзандларни дунёга келтирасиз. На илож? Биз шерларнинг шундай шафқатсиз урфларимиз бор.

— Ойижон, балки кетмассиз? — болалардан бири хитоб қилди. — Бирга яшашимизнинг нимаси ёмон?

— Овозингни ўчир! — атайин дўқ аралаш қичқирди она шер. — Нима, ота-боболар қолдириб кетган меросни оёқости қилмоқчимисан? Ёки ғурур йўқми сенда?..

— Кечиринг! — икки шервачча баравар бош эгди. — Биз бошқа қайтармаймиз.

Она шер базўр ўзини қўлга олиб анча нари борди-да, ҳамон бир жойда қотиб турган дилбандлари томон сўнгги марта ўгирилди.

— Алвидо! —ўзимнинг шерваччаларим!.. — деди она шер юзини терк буриб. — Мендан рози бўлинглар!..

Бу сўзлар шунчаки видолашув эмас, гўё она шернинг бўғзидан отилган олов эди.

У бирпас вужуди ёниб болаларига тикилиб турди-да, номаълум тарафга югуриб кетди.

Олимжон ҲАЙИТ

loading...