Бухоро вилояти ИИБ қийноққа солинган ўқувчи ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

0

2019 йил 02 ноябрь куни соат 11:00дан 04 ноябрь куни соат 16:00га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Ғиждувон тумани Шўрча МФЙ Шўрча қишлоғида яшовчи фуқаро Д.Раупованинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ҳовлисининг супасида ўрнатилган баҳоси 500.000 сўм бўлган сув насоси, ётоқхона ичидан баҳоси 1.000.000 сўм бўлган тикув машинаси ҳамда баҳоси 300.000 сўм бўлган ёстиқ жилдларини ўғирлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 06 ноябрь куни Ғиждувон тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноятни содир этган шахсни аниқлаш ва жиноятни фош этиш мақсадида ходимлар томонидан бир қатор тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.

Жумладан, 2019 йил 12 ноябрь куни соат 12.05да Ғиждувон тумани ИИО ФМБ 1-сон ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант М.Н.Шарипов ҳамда лейтенант Л.Р.Наимовлар томонидан Д.Раупованинг уйида содир этилган жиноятни фош этиш мақсадида, ушбу қишлоқда яшовчи, 2004 йилда туғилган, вояга етмаган Ф.З.Тошпўлатов билан суриштирув ишларини олиб бориш учун у таҳсил олаётган 31-мактаб директори Н.Авезовнинг рухсати билан мактаб ўқитувчиси Н.Усмонов иштирокида Ғиждувон тумани ИИО ФМБ 1-сон ИИБга олиб келинган ва мазкур жиноят бўйича суриштирув ўтказилиб, суҳбат олиб борилган.

Ушбу ходимлардан ҳолат юзасидан сўралганда, вояга етмаган Ф.Тошпўлатов билан ўқитувчиси Н.Усмонов иштирокида суҳбатлашилганини, орадан 10-15 дақиқа ўтиб Ф.Тошпўлатовнинг онаси М.Қ.Фозилова ИИБга келиб, бақир-чақир қилган ҳолда вояга етмаган ўғли билан унинг розилигисиз суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганлигига эътироз билдирганлигини, тушунтириш хатини ва суриштирув ҳаракатларини якунига етказишга тўсқинлик қилиб, фарзандини ИИБ биносидан олиб чиқиб кетганлигини маълум қилишди.

Фуқаро М.Фозилова 2019 йил 12 ноябрь куни ўғли Ф.Тошпўлатов билан Ғиждувон туман прокуратурасига бориб, ИИБ ходимлари ўғлини урганлиги ҳақида билдириб, суд тиббий экспертизасидан ўтиш учун йўлланма сўраб мурожаат қилган. Туман прокуратураси терговчиси томонидан судга оид тиббий экспертизаси тайинланган. Шу куни соат 21.10да Ф.Тошпўлатов РШТЁИМ Бухоро вилояти филиалига мурожаат қилган.

РШТЁИМ Бухоро вилояти филиалида Ф.Тошпўлатов шифокорлар кўриги, рентген ҳамда «УЗИ» аппаратларида текширувдан ўтказилиб, танасида жароҳат излари аниқланмаган ва унинг сўзларидан “Чап юзи юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси қўйилиб, вилоят суд тиббий экспертизаси кўригидан ўтазилган. Ҳозирда суд тиббий экспертизаси хулосаси Ғиждувон тумани прокуратурасига тақдим этилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани прокуратураси томонидан терговолди текширув ҳаракатлари, Ғиждувон тумани ИИО ФМБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here