Самарқандда собиқ ўқитувчининг 15 киши томонидан уриб ўлдирилиши юзасидан қўшимча маълумот берилди

0

23 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги 42-мактабда тарих фанидан дарс берган ўқитувчи И.М.ни 15 киши калтаклагани ҳамда ўқитувчи олган тан жароҳатлари натижасида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилган эди. «Дарё» мухбири ҳолат юзасидан суриштирув ўтказди.

Самарқанд шаҳридаги «Ҳаётобод» маҳалласида яшаб келган 1991 йилда туғилган И.М. ва унинг дўсти 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги микрорайон ҳудудида жойлашган кафега борган. У ерда 7 нафар нотаниш киши билан ўзаро келишолмай қолган. Натижада улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Жанжални ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари бартараф этган. Жанжал жойига келган ППХ ходимлари И.М ва унинг дўсти ҳамда яна икки нафар жанжаллашган фуқарони олиб кетган.

«Юзага келган жанжални ППХ ходимлари бартараф этиб, уларни олиб кетган. Улар И.М ва унинг дўстини Самарқанд шаҳридаги чой фабрикаси олдидаги бекатда қолдирган. У ерда уларни 10 нафарга яқин киши кутиб турган. Тортишиб қолган 7 киши шу заҳоти етиб келган. Ўша бекатда кафеда тортишиб қолган йигитлар ва унинг танишлари И.М. ва унинг дўстини калтаклаган», — дейди И.М.нинг яқинларидан бири.

Маълумотларга кўра, И.М.нинг орқасидан бир киши келиб уни кўтариб уриши натижасида орқа мияси билан ерга урилган. И.М. бир соатдан ортиқ вақт давомида кўчада қолиб кетган. Марҳум И.М. яқиндагина ўқитувчиликни ташлаб, Самарқанд шаҳридаги «Мармар» бозорида сомса пишириб сотишни бошлаган эди.

И.М. ва унинг ўртоғини калтакланган ҳолати акс этган видео мазкур кўчадаги кузатув камераларида, шунингдек, шу ҳудудда жойлашган Самарқанд шаҳри 5-сон ИИО ФМБнинг кузатув камерасида ёзиб қолинган.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here