Қишда автоуловни хавфсиз бошқариш қоидалари

0

Қишда ҳайдовчидан йўлда кўпроқ эътибор ва кўникмалар талаб қилинади. Қоронғулик, ёмон об-ҳаво шароити, тишсиз шиналар – буларнинг ҳаммаси совуқ мавсумда автоулов ҳайдовчисидан махсус маҳорат талаб қилади. Мақоламизда эҳтиёткорлик чораси сифатида қиш фаслида автомобилларни бошқариш бўйича фойдали маслаҳатлар берилади.

Оҳисталик

Шундай ҳаракат қилингки, автомобилни ҳар қандай вазиятда ҳам тўлиқ бошқара олишингизга ишончингиз комил бўлсин. Агар сизда қор ва музда ҳайдаш малакаси бўлмаса, секинроқ юришингиз лозим. Агар сизнинг шиналарингиз анча вақтдан бери хизмат қилиб келаётган ва эскирган бўлса – асло тезликни оширманг. Клиренси (ер юзасидан то автоуловнинг энг паст қисми орасидаги масофа) паст бўлган автоулов эгалари икки баравар эҳтиёткор бўлишлари зарур, чунки йўлда қор қатламлари машинанинг таги ва картерига ёпишиб қолиши автомобилни бошқаришга  катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Бир текисда ҳаракат қилинг

Нотекис ва сирпанчиқ йўлда ҳаракатланаётганингизда эҳтиёткор бўлинг. Ҳеч қандай ҳолатда кескин равишда тезликни оширмаслик, тормоз олмаслик ёки рулни айлантирмаслик керак.

Статистик маълумотларга кўра, бошқарувни йўқотиш билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларнинг энг кўпи рулни буриш вақтида рўй берар экан. Бундай ҳолда, транспорт воситасининг ўқлари параллел бўлмайди. Қорли қиш кунларида бурилишлар энг хавфли жой бўлиб қолади, шунинг учун бундай жойларда эҳтиёткорлик билан ва бир текисда ҳаракат қилинг.

Ёруғликдан фойдаланинг!

Ўзингизни кўрсатишдан уялманг. Фараларнинг ёқилганлигига ишонч ҳосил қилинг ҳамда қайрилма йўлларда бурилиш чироқларини ҳам ишга солинг.  Шаҳар ташқарисидаги трассаларда қайрилишдан аввал албатта узоқдан ёруғлик сигналини беринг. Бу қаршингизда келаётган автомобилларга сизнинг яқинлашаётганингиз ҳақида дарак беради.

Фуралардан эҳтиёт бўлинг

Сирпанчиқ йўлда катта оғир машинанинг тўхташи жуда қийин. Ҳар қандай назоратсиз тормоз юк машинасини бошқариб бўлмайдиган торпедога айлантириши мумкин. Юк машинасига яқинлашганда ҳар доим маневр ёки тормоз олиш учун етарли масофани сақлашга ҳаракат қилинг.

Йўл четида тўхтаманг

Йўлда кўриниш нолга тушганда ҳеч қандай ҳолатда йўлнинг ён томонида тўхтаманг – бу ҳолда сиз бахтсиз ҳодисалар статистикасининг кўпайишига ҳисса қўшган бўласиз. Агар тўхташ керак бўлса, яқин ўртадаги махсус тўхташ жойи ёки ёқилғи қуйиш шоҳобчасини топинг.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here