Ўзбек фильмлари илк бор халқаро кинофестивалида иштирок этади

0

Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. Жорий йилнинг 26 ноябридан 1 декабрига қадар давом этадиган “DigiCon6 Asia Awards-2019” халқаро қисқа метражли фильмлар фестивалида иштирок этиш учун ёш киноижодкорлар Гонконгга жўнаб кетган.

Осиё бўйича иқтидорли муаллифларни топиш, танитиш ва ижодий ишлари учун рағбатлантириш мақсадида ҳар йили кузда ўтказиб келинадиган мазкур фестивалда ёш режиссёр Шокир Холиқовнинг “Чой” ва Маҳлиё Асқаралиеванинг “Совға” фильми тақдим этилган. Жами ўзбекистонлик вакиллар етти кишидан иборат.

“Келгусида ёш киноижодкорлар маҳоратини ошириш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор лойиҳалар ташкиллаштирганмиз, — дейди агентлик раҳбари Ф.Абдухолиқов.— Биз “Ўзбеккино” миллий агентлиги қошида Ёшлар ижодий маркази ва ёшлар ижодий студиясини ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бундан ташқари, барча керакли ускуналар билан жиҳозланган 150 ўринли ижодий лабораторияни очиш ниятидамиз».

“DigiCon6 ASIA” кинофестивалида Япония, Хитой, Гонконг, Ҳиндистон, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Тайвань, Таиланд каби ривожланган давлатлардан ижодкорлар қатнашади. Ўзбекистон фестивалда илк маротаба иштирок этмоқда. Япониянинг йирик медиа кинокомпанияси TBS кинофестиваль ташкилотчиси ҳисобланади”,— дейилади хабарда.

loading...