Буюк дизайнерларга илҳом берган машҳур аёллар (фото)

0

Дунёдаги ҳар бир ижодкор, жумладан либослар дизайнерига ҳам соҳибжамол илҳом париси керак – у ижодкорга керакли образни тасаввур қилиш учун ёрдам беради, либосларнинг умумий кўриниши айнан унинг қиёфаси билан бирга фараз этилади. Кўплаб машҳур дизайнерлар ўз илҳом париларини ижодкор аёллар орасидан топган эдилар.

Юбер де Живанши ва Одри Хепберн

Юбер де Живанши ва актриса Одри Хепберннинг илиқ муносабатлари 40 йил давомида, актрисанинг ўлимига қадар сақланиб қолган. Улар 1954 йилда «Сабрина» фильмининг суратга олиш ишлари давомида танишган бўлиб, Юбер Одри хоним учун кўплаб либослар яратган, аммо фильм сўнггида унинг номи қайд этилмаганди.

Шундан кейин Живанши жаноблари Хепберннинг ҳар бир фильми ва кундалик образлари учун либослар яратишни бошлади. «Тиффанида нонушта» фильмидаги машҳур қора кўйлак, фотосессиялар учун тайёрланган барча либослар Живаншининг моҳир қўллари ёрдамида яратиларди. Одри Хепберн ушбу либосларда ўзини топгандек бўлишини бот-бот таъкидлаган. Дизайнер актрисага қандай либослар кўпроқ ярашишини яхши билган. Хепберннинг жозибали ва нафис образлари унинг ташриф қоғозларидан бирига айланди, Живанши либослари ўзининг илҳом париси билан бирга машҳур бўлиб бораверди.

Моника Беллуччи, Доменико Дольче ва Стефано Габбана

Бир замонлар ўзининг моделлик карерасини бошлаган Моника Беллучи учун Dolce & Gabbana модалар уйи билан имзоланган шартнома катта мода оламига кириб боришдаги асосий омад калити бўлган эди. Актриса аёл гўзаллигининг тимсолига айланди: унинг жозибали, сеҳрли, ўзига ишонган аёл образи ушбу икки ижодкор либослари орқали жуда ёрқин тарзда кўрсатиб берилди.

Афсонавий Италия актрисаси бугунги кунга қадар ушбу икки дизайнернинг илҳом парисидир. Улар актриса шарафига махсус сумка ҳам ишлаб чиққанлар. Ушбу ҳамкорлик вақт ўтиб мустаҳкам дўстликка ҳам айланиб кетди, десак адашмаган бўламиз.

Катрин Денев ва Ив Сен-Лоран

Ушбу икки ижодкор 1966 йилда «Кундузги соҳибжамол» фильмининг суратга олиш ишлари давомида танишган эдилар. Улар парижлик қизнинг бетакрор образини яратиш учун ўзига хос жакетлар ва бетакрор кўйлаклар яратишган. Дизайнер бу вақтда кино учун илк марта либослар яратган эди. Картина хит даражасига қадар кўтарилди, дунё гўзаллари актрисанинг образини такрорлашга ҳаракат қила бошладилар.

Шундан кейин Катрин янги ролларга розилик беришдан аввал фильм ижодкорларига либосларни Сен-Лоран тикиши керак деган шарт қўя бошлади. У қизил йўлак учун фақатгина дизайнернинг либосларини кияр, уларнинг дўстлиги кўпчилик учун намунага айланган эди.

Наоми Кэмпбелл ва Аззедин Алайя

Супермодель ва келиб чиқиши тунислик бўлган дизайнер Аззедин Алайянинг ўзаро дўстлиги шунчалар намунали даражада бўлганки, Наоми уни»ота» дея аташни бошлаган. Модель 16 ёшлик вақтлари дизайнер билан бирга ўз фаолиятидаги биринчи модалар ҳафталигида танишиб қолган. Алайя қизни жуда ёқтириб қолди, унга ўз фарзанди каби ғамҳўрлик қилган, ҳаддан ташқари кўп ишлаб толиқиб қолмаслиги, бегоналар билан дўстлашмаслиги, тунги вақтларда кўчага чиқмаслигини назорат қилиб борган.

У дизайнернинг мода намойишларида иштирок этган, аста-секин Аззедин Алайя унинг учун махсус либослар яратишни бошлаган. Ушбу илиқ муносабатлар 30 йил давом этди. 2017 йилда дизайнер ёруғ олам билан хайрлашди. Кемпбелл эса бундай жудоликдан чуқур қайғуда эканлигини айтган эди.

София Коппола ва Марк Жейкобс

Ушбу ижодий ҳамкорлик дўстлик алоқаларидан бошланган. Таниқли режиссёр ва дизайнер 1990 йилдан бери бир-бирларини яхши танишарди, 2001 йилга келиб эса биргаликда ишлашга қарор қиладилар. Марк бу вақтда Софияга ўзининг биринчи атири тимсолига айланишни таклиф этади. Коппола бренднинг кўплаб реклама роликларида иштирок этган, Марк Louis Vuitton брендига ишга ўтган вақти модалар уйи учун чемоданлар дизайнини яратган, унинг иши ривожи учун мини фильмлар ва реклама роликларини суратга олиб берган. Айнан шу сабабли ҳам дизайнер ўз илҳом париси шарафига Sophia by Marc Jacobs сумкасини ихтиро қилган.

Кира Найтли, Кристен Стюарт, Ванесса Паради, Лили-Роуз Депп ва Карл Лагерфельд

Мода оламининг қиролларидан бири ва Chanel модалар уйини бошқарган марҳум дизайнер Карл Лагерфельднинг илҳом парилари бир эмас, бир нечта эди. Унга илҳом бағишлаган аёллар орасида актрисалар Кира Найтли ва Кристен Стюарт ҳам бўлиб, ушбу ижодкорлар дизайнер учун аёл нозиклигининг намунаси саналган.

Дизайнер Ванесса Парадининг ташқи кўринишини ҳам жуда яхши кўрган. Эндиликда айнан унинг қизи Лили-Роуз Депп подиумлар оламини забт этиб бормоқда.

Рене Зеллвегер ва Каролина Эррера

Рене Зеллвегер ҳашаматли тантаналар чоғида кийиш учун кўп йиллардан бери Каролина Эрреранинг либосларига мурожаат қилиб келади. Америкалик дизайнер эса Рене Зеллвегерни ўз илҳом париси деб ҳисоблайди. Дизайнер бир замонлар ўзи учун иккита жозиба тимсоли мавжуд экани, уларнинг бири Жаклин Кеннеди бўлса, иккинчиси Зеллвегер эканлигини айтган эди.

loading...