Қидирув эълон қилдим! Партиялар популистик баёнотлар билан кўпроқ овоз тўплаш йўлини тутиши керакдек туюлиши хусусида

0

Халқ тилида интернет деб аталадиган глобал ахборот тармоғининг қамрови шунчалик кенгки, унда чегаранинг ўзи йўқ. Ҳамма маълумотлар мужассам бу оламда. Мавзуларнинг ранг-баранглигини айтмайсизми? Шунинг учун бўлса керак, вақти энг тиғиз одамлар ҳам кунига камида икки марта виртуал дунёга юзланиб қўяди. Бундан камина ҳам мустасно эмас.

Шу аснода хорижий сайтларда машҳур иқтисодчилардан бири Клаус Швабнинг “Тўртинчи саноат инқилоби” концепцияси кейинги йилларда кўплаб давлатлар сиёсатчиларию жамиятшунос олимлари орасида кенг муҳокама қилинаётганига гувоҳ бўлиб қолдим. Давос шаҳрида ҳар йили бўлиб ўтадиган жаҳон иқтисодий форумининг хулосалари билан танишдим баҳонада. Табиийки, мамлакатимиздаги бирор-бир ижтимоий-сиёсий газета, сиёсий партия ёки таҳлилий марказлар шу мавзуга эътибор қаратганмикан, дея интернетнинг ўзбек сегментида қидирув эълон қилдим.

Ишонасизми-йўқми, либерал ислоҳотларни ёқлаб келаётган O’zLiDeP айни масалани сайловолди дастурига киритибди. Бундан ташқари, партия фаоллари “Тўртинчи саноат инқилоби”нинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистонга нечоғли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ ишларни чуқур таҳлил негизида тарғиб қилаётган экан.

Шу ўринда аввалги учта саноат инқилоби хусусида қисқача маълумот: Биринчи саноат инқилоби 1760-1840 йилларни қамраб олиб, сув ва буғ энергиясининг ўзлаштирилиши орқали қўл меҳнатидан механизациялашган ишлаб чиқаришга ўтилиши билан характерланади. Иккинчи саноат инқилоби XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларига тўғри келиб, электр энергияси ва конвейер усули асосида илгари мисли кўрилмаган ҳодиса – саноатда оммавий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бошланиши билан аҳамиятлидир. Учинчи саноат инқилоби XX асрнинг 60-йилларидан бошланган бўлиб, электрон ва рақамли технологиялар натижасида саноат автоматлашув даражасига кўтарилди.

Таҳлилчилар фикрича, “Тўртинчи саноат инқилоби”нинг ўзига хос хусусиятлари рақамли, физик ва биологик технологиялар ютуқларини мужассамлаштирган янгиларнинг вужудга келишида намоён бўлади. Ҳозирданоқ 3D принтери орқали уйларнинг босмадан чиқарилаётгани, ген инженерияси натижасида тиббиётда яратилаётган инсон органлари, саноатни бошқараётган сунъий интеллект фикримиз исботидир. Модомики, тараққиётдан орқада қолишни истамаган давлатлардан нафақат ўзгаришлар фалсафасини англаш қобилияти, балки уларнинг ҳаётимизга кириб келиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда мобиллик, тезкорлик, кенг кўламли ишларни кечиктирмасдан амалга ошириш талаб қилинади.

O’zLiDePнинг бу борада илгари сураётган ғояси Ўзбекистон дунёнинг 50 та энг ривожланган давлати қаторига қўшилишни астойдил мақсад қилган экан, мамлакатни ТСИ талабларига мослаштириш зарурлиги билан ифодаланади.

Албатта, сайловолди палласида партиялар халқнинг эътиборини қозониш мақсадида айни дамда одамларни ўйлантираётган масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши, популистик баёнотлар билан кўпроқ овоз тўплаш йўлини тутиши керакдек туюлади. Лекин O‘zLiDeP сиёсий майдонга кирганидан буён Ватанимиз равнақига, эртанги кунига дахлдор муаммоларни халққа тушунарли бўлган шаклда, аниқ таклифлар билан жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиб келаётганини ва натижа учун ишлаётгани ҳам бор гап. Индаллоси, либерал-демократик платформани ўзи учун устувор деб биладиган очиқлик, тенг имкониятлар, инсон омилига бирламчи эътибор каби жиҳатлар етакчи давлатларнинг тараққиёт чўққиларига эришишига сабаб бўлди-ку!

Қўшиласизми, шу фикрга?

Омон ЭСОН

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here