Ғаройиб ҳодисалар изидан: “ВЬЕТНАМДАГИ ЕРОСТИ ҒОРИНИНГ СИРИ…” (ФОТО)

0

 

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида вьетнамлик деҳқон ер остидан ғалати, тушунарсиз, ёқимсиз товушлар таралаётганини эшитиб қолди. Ўша манзилда, ер остида ғор мавжуд эди. Деҳқон ер остига тушишга қўрқди. Орадан 20 йил ўтиб — 2009 йили бир гуруҳ археолог олимлар деҳқон билан боғлиқ ўша воқеа эсларига тушдими, ерости ғорига тушиш ҳаракатини бошлашди. Тушишди ҳам. Аммо кутилмаган манзарага дуч келиш уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

Ҳануз барча учун сирлилигича қолаётган «Шондонг» (Сон Дунг) ерости ғоридан улкан дарё оқиб ўтган экан. Дарё бўйи эса ям-яшил чангалзорлардан иборат. Ҳатто, юқори қисмида булутлар ҳам сузиб юрарди. Бундан ташқари, ғорда дунёдаги энг улкан шаршара ҳам бор эди. Умуман айтганда, ғорнинг ўзи ҳам дунёдаги энг катта ғор ҳисобланади. Шондонгнинг баланлиги 150 метрга тенг. Бу ерга қирқ қаватли бино қурса ҳам бемалол жойлашиб кетади. Ғорнинг узунлиги 8 километр, эни эса 180 метрдан иборат экан.

Ғор ер остида бўлишига қарамай, тангадек бўлса ҳам қуёш нури тушиб турарди. Ўша нур дарё бўйидаги тропик ўсимликларга ҳаёт бағишларкан. Бундан ташқари, олимлар ғор ичкарисидан ҳали фанга маълум бўлмаган жониворлар турини ҳам аниқлашди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишига кўра, Шондонгдаги дарё суви минг дардга даво эмиш.

Ҳозирги пайтда Шондонг ерости ғори барча қизиқувчилар учун очиб қўйилган. Фақат ғорга ҳамма ҳам кира олмайди. Чўнтаги кўтармайди. Бир киши учун ғорни томоша қилиш ҳақи 3 000 долларни ташкил этади.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here