Тошкентда 25 кунлик чақалоғидан айрилган она шифохона устидан шикоят қилди

0

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва вазирлик жамоаси фарзандини йўқотган ва Facebook орқали вазирга мурожаат йўллаган тошкентлик аёл Елена Саревскаяга ҳамдардлик билдирди.

«Бундай фожиали ҳодиса зудлик билан хизмат текширувини талаб қилганлиги сабабли, вазирнинг буйруғи билан 2 декабрда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, фуқаро Е.Саревская томонидан қайд этилган тиббий муассасани расмий текширишга киришди.

Ушбу текширув бўлим бошлиғининг шахсий назорати остида амалга оширилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги айбдорларни аниқлаш ва қатъий жазога тортилишини таъминлайди», — дейилади вазирлик хабарида.

Елена Саревская ўз мурожаатида 25 кунлик чақалоғини йўқотганини айтади. «Боланинг ўлимининг сабаби — унинг ўпкаси охиригача очилмагани. Туғруқхонадан чиқаётганимизда эса қайд варағида боланинг соғлом эканлиги кўрсатилган», — дейди она.

Аёл вазирдан «болалар жонлантириш бўлимларида элементар дори-дармонлар, кислород ниқоблари, яна кўп нарсаларнинг етишмаслигидан» хабари бор йўқлигини сўраган.

«Фарзандимни иссиқ сув билан тўлдирилган баклажкалар билан иситишди. Бу нимаси? Биз ўрта асрларда яшаяпмизми?», — дейди Елена.

«Фарзандимни энди қайтариб бўлмайди. Бироқ бундай ёрдамга муҳтож болалар жуда кўп. Биз бутун республика аҳолиси касал болаларнинг ё операциясига ё дорисига пул йиғамиз. Бошқа нормал мамлакатларда бундай ҳолат кузатиладими?», — дея сўзларини давом эттиради Елена.

Фуқаро мурожаатида шунингдек тиббиёт муассасаларидаги коррупция, асбоб-ускуна ва дори-дармонлар етишмаслиги, беморлар операция учун хорижий мамлакатларга боришга мажбур бўлаётгани ва тизимдаги бошқа муаммолар ҳақида сўз боради.

Daryo.uz

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here