Тарихдаги энг машҳур ва ҳайбатли қароқчилар

0

Қароқчилик тарихи қадимги даврга бориб тақалади. Денгизчилар, фирибгарлар, жиноятчилар ва кашфиётчилар доим фойда олиш ва бойишга интилишган (асосан кучорқали). Уларнинг шахсиятлари шон-шарафга кўмилган, улар ҳақида афсоналар тўқилган. Хўш, бу машҳур қароқчилар кимлар: қонхўр ва шафқатсиз босқинчиларми ёки жасур денгизчи ва янги ерларни кашф этувчиларми? Бугунги мақоламиз ана шу мавзуга бағишланган.

Ажойиб Френсис Дрейк


Бу машҳур инглиз денгизчисининг номи кўпчиликка маълум. У Британия мустамлакачилик империясини яратишга билвосита ўз ҳиссасини қўшган ва шу сабабли дворянлик унвонига эришган.  Ёш Дрейкга қароқчилик маҳоратини қароқчи ва қул савдогари бўлмиш амакиси Хоккинс сингдирган. Шундай қилиб, 1572 йилда Дрейк “Сван” ва “Паша” кемаларида Панама бўғози томон йўл олди. У ерда у Портобело шаҳрини талон-тарож қилиб, ёқиб юборди, қитъанинг ёввойи жойларига кириб бориб, Перудан Портобелога қараб келаётган, олтин ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни ортиб олган Испания карвонларини ҳам босқинчилик йўли билан қўлга киритди. Мексика соҳилида у Испания кемаларига шавқатсизларча ҳужум уюштирди. Ушбу қалтис ва жинояткорона саргузаштларидан сўнг, қароқчи Англияга қайтиб, сарой аҳлининг эътиборини қозонди ҳамда қиролича ҳузурига расмий зиёфатга таклиф қилинди. Қиролича билан суҳбат чоғида Дрейк ўзининг “номаълум Жанубий қитъани қидириш” режалари билан ўртоқлашди. Ўша давр олимларининг тахминига кўра, у Жанубий яримшарда жойлашган бўлиши керак эди. Шунингдек, қароқчи Америка қитъасининг ғарбий соҳилидан туриб, испанларга ҳужум қилишни таклиф қилди. Қиролича Дрейкнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлади ҳамда молиявий томондан таъминлаб турди. 1577-1580 йилларда Дрейк тарихдаги иккинчи (Магелландан кейин) дйнуо бўйлаб кема сафарини амалга оширди. Ушбу сафар чоғида қароқчи Оловли Ер билан Антарктида оралиғидаги бўғозни кашф қилди ва унга ўзининг номини қўйди.

Шарафли Генри Морган


Ямайка ороли Кариб ҳавзасида қулай жойга эга эди, шунинг учун у машҳур инглиз қароқчиларининг тўпланадиган асосий базасига айланди. Бу ерда инглизларнинг Америкадаги испан кучларига қарши барча денгиз ҳаракатлари режалаштирилар эди. 17-асрда Генри Морганнинг ҳаракатлари Ямайка ва унинг марказий бандаргоҳи Порт-Роял тарихида муҳим ўрин тутган. Айтганча, у қароқчилик давридаги энг жирканч ва ёқимсиз шахс сифатида танилган. Ёшлик чоғлариданоқ Морган Кариб денгизидаги оролларга келиб, қароқчилар  олишувларида иштирок этди, асосан Кубада. Унинг амакиси, сер Эдвард Морган, Ямайкада нуфузли ҳоким ўринбосари лавозимини эгаллаган эди. Шу туфайли Генри Ямайка флотининг бошлиғи бўлиб олди. Унинг йирик босқинчиликлари рўйхатига Кубанинг Пуерто Принсип шаҳрининг босиб олиниши, Кариб денгизидаги испанларнинг энг кучли қалъаси бўлмуш Портобелони, Перудан испанлар томонидан талон-тарож қилиб олиб келинган олтин ва кумушлар сақланаётган Панама шаҳарларини босиб олиш ва талашларни киритиш мумкин. Панама ёқиб юборилгандан сўнг, Испания қироли айбдорларни жазолашни талаб қилди. Ҳатти-ҳаракатларига жавоб бериши учун Морган ҳибсга олинган ҳолда Ватанига қайтарилди. Аммо барча айбловларга қарши ўлароқ Англия қироли Генри Морганни ритсар этиб тайинлади. Яқиндаги сер унвонини олган Морган Ямайкага бош судя ва губернатор ўринбосари лавозимида қайтди. Кейинчалик у оролнинг губернатори бўлди. Янги мансабдаги сер Морган энди ўзи қароқчиликка қарши курашишни бошлади. Шарафли қароқчи 1688 йилда Порт-Роялда вафот этди.

Ҳайбатли Эдвард Тич (Қора Соқол)


Кўплаб таниқли ва ёвуз қароқчилар сингари, бу ярамас ҳам энг даҳшатли кўринишга эга эди. Унинг ҳурпайган узун соқоли бутун юзини беркитиб турар эди. Кийимлари қонли доғлар билан қопланган, ювилмаган танасидан порох иси, тер ва кучли шаробнинг сассиқ ҳиди анқиб турар эди. Жангда Тич ҳар доим навбат билан учта тўппончадан фойдаланар эди.

Эдвард Тич 1680 йилда Бристолда туғилган. У ўзининг «карерасини» инглизларнинг хусусий қароқчилик кемасида бошлади. У ерда у босқинчилик жангларда жасорат кўрсатди. Тич кемалардан бирини босиб олиб, унинг бошқарувини ўз қўлига олди ва ўзи мустақил ҳолда қароқчилик қила бошлади.

Аслида у жамоага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлар, доимий равишда май ва шароб таъсири остида юрар эди (унинг қўл остидагилар каби). Кейинчалик франсузларга қарашли йирик савдо кемасини қўлга киритгач, Тич унинг қўмондони бўлди ҳамда кемага “Малика Аннанинг қасоси” деб ном берди. Қароқчи йўлда учраган барча кемаларга ҳужум қилди, уларни талади, одамларни гаровга олди. Қўлга киритган бойликларни Шимолий Каролинада пуллар эди. У ернинг губернатори қароқчиларга мурувватли эди. Тич узоқ вақт давомида Америка қирғоқлари бўйида талон-тарож қилиб юрди. Аммо кейин кескин қароқчилик ҳаракатини амалга оширди. Чарлестон порт шаҳрига кирган Қора Соқол у ерда қимматбаҳо ўлжа ва бой йўловчилари  бўлган саккизта кемани қўлга олди. Йўловчиларни озод қилиш учун товон пули белгилади. Умумий миқдори 1500 фунт га тенг олтин ва кумушларни қўлга киритди. Кейинчалик Тич Шимолий Каролинанинг губернатори билан шартнома тузди. Аммо инглиз флоти даҳшатли қароқчига қарши ҳаракат бошлади.

Эдвард Тични қўлга олиш тўғрисида буйруқ келди. 1718 йил 17-ноябр Қора Соқолнинг ҳаётидаги сўнгги кун эди. У капитан Майнард билан бўлиб ўтган шиддатли жангда ҳалок бўлди. Тич танасининг 25 та жойидан жароҳатланган, улардан 5 таси ўқ жароҳатлари бўлган эди. Қароқчининг боши кесилиб, елкан ёғочига осилган. Машҳур қароқчилар қандай бўлганликларидан қатъий назар – қонхўрми, жасурми ёки олижанобми, уларнинг денгиз саргузаштлари болаларни ҳамиша ўзига мафтун қилиб келган. Ушбу саргузаштлар ҳақидаги китоблар мароқ билан ўқилади, филмлар эса севиб томоша қилинади.

loading...