Ўзбекистонда яқин қариндошларнинг ишончномасиз автомобиль ҳайдаши масаласига расмий изоҳ берилди

0

Ўзбекистонда эндиликда яқин қариндошлар ишончномасиз автомашина бошқариши мумкинлиги ҳақида хабар берилган бўлса-да эски намунадаги суғурта полислари бланкаси билан юриб бўлмаслиги муаммоси юзага келганди.

Блогер Хушнудбек Худойбердиевга кўра, ушбу муаммога ИИВ ЙҲХББ бошлиғи О.Саидов изоҳ берган.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги 915-сон қарорига асосан транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ушбу транспорт воситасидан мустақил фойдаланиши ва бошқариши мумкинлиги белгиланиб, янги намунадаги суғурта полиси бланкалари ҳам тасдиқланган.

Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунда суғурта компаниялари томонидан янги намунадаги суғурта полиси бланкаларини чоп этиш ва амалга киритиш бўйича муаммо мавжуд.

Таъкидлаш лозимки, мазкур муаммонинг ечими топилишидан энг аввало биз манфаатдормиз. Чунки йўл-патрул хизмати инспектори билан ҳайдовчи ўртасидаги муносабатларнинг қай тарзда шаклланиши ҳам шунга боғлиқ. Шу билан бирга, Молия вазирлиги суғурта назорати давлат инспекцияси мазкур муаммони қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича чоралар кўраётганлигини маълум қиламиз», — дейилади мазкур изоҳда.

 

daryo.uz

loading...