Шоу бизнеснинг базмларни хуш кўрувчи вакиласи

0

Экта Капур таърифларга муҳтож эмас. Норасмий тарзда телевидениедаги ишлари учун «Prime time» қироличаси, деб аталадиган Эктани Болливуд оламида билмайдиган ва танимайдиган инсон йўқ. Охирги ўн йилликда шуҳрати тобора юксалиб бораётган режиссёр ва сценарийнавис бу аёл эришган ютуқларига ҳеч қачон қаноат қилмайди, шу боис доим ҳаракатда ҳамда изланишда. У томонидан суратга олинган фильмлар эса ҳамиша эътибор марказида.

Бу маълумотлар муваффақият оламида сузаётган Экта ҳақидаги айрим ҳақиқатлар, холос. Демак, сўзимиз давомида…

БАЗМЛАР МАЛИКАСИ

Экта ташкил этадиган Мумбайдаги ягона юқори қатлам вакилларини жамлайдиган базмлар ҳамда шоулар ўзининг сержилолиги ва унга кетадиган маблағ туфайли кўплаб шов-шувларга сабаб бўлади. Тинмай ишлайдиган Экта ҳар қандай ҳолатга қарамасдан, қандай дам олишни ҳам билади. Энг қизиғи, Экта ўзи ташкил этадиган базмларга ҳамиша ҳаммадан кейин келади. Аммо эрта тонггача тинмай рақсга тушишни канда қилмайди.

ҲАЗИЛКАШ РАҲБАР

Эктани нафақат қаттиққўл феъли, жонкуярлиги учун, балки ҳазилкаш феъли туфайли ҳам жуда яхши кўришади. Экта айтадиган ҳазиллар шунчалик ичакуздики, бир кулган одам ўзини тўхтата олмайди.

ОНАСИНИНГ ҚИЗИ

Одатда, оиладаги барча қиз фарзандлар отаси билан, ўғил болалар эса онаси билан яқин бўлишади. Бизнинг қаҳрамонимизда эса бунинг тескариси. Экта онасининг эркатойи. Шу ўринда Шобха хоним ҳам қизини еру кўкка ишонмайди. Томошабинлар ва ОАВ вакиллари уларни кўп маротаба бирга сайрга чиққанини кўришган. Турли газета ва журналларда эса она ва қизнинг муносабатлари ҳақида мақолалар чоп этилган.

ҲАЙВОНЛАР
ҲИМОЯЧИСИ

Экта ҳайвонларни жуда ҳам яхши кўради. Маълумотларга қараганда, режиссёр уйи ва ишхонасининг ёнидан топиб олган бир нечта кучук ҳамда мушукларни асраб олган. Бундан ташқари, улар учун алоҳида     жамғарма ташкил қилган. Бу ишда унга укаси актёр Тушар Капур ҳамиша ёрдам беради.

ИШОНЧ

Болливуд оламида у ёки бу омад туморига ишонадиганлар кўплаб топилади. Бундай инсонлар орасида Экта ҳам бўлиб, у нумерологияга жуда ишонади. Шунинг учун ҳам кўплаб тасвирга олган фильмларининг номини ўзгартирган. Сўзлар орасига бир дона бўлса ҳам рақам киритиб қўйган.

«Астрология ва нумерологияга ишонаман. Уларнинг менга ёрдам бераётган ёки бермаётганини эса фильм намойишидан сўнг бўладиган танқиду олқишларга қараб билиб оламан», деган эди Экта интервьюларининг бирида.

ҚЎРҚУВ

Тушар Капурнинг таъкидлашича, опаси баландликдан ва қоронғиликдан жуда қўрқади. Яна вертолётлардан ҳам қўрққанлиги боис улардан узоқроқ юришга ҳаракат қилади.

КЎП ҚИРРАЛИ ШАХС

Экта нафақат продюсер, режиссёр ёки сценарийнавис, балки мода оламида ҳам ўз ўрнига эга аёл. Янгиликларга қараганда, Экта ўзининг шахсий «EK» деб номланган брендини ташкил этган.

«Мен ҳамиша ўзимни янги соҳаларда синаб кўришни хоҳлайман. Ўйлайманки, бу галги ҳаракатим ҳам ўз натижасини кўрсатади ва одамлар томонидан яхши қабул қилинади», дейди Экта Капур.

Нодира ҚУРБОНБОЕВА тайёрлади.

loading...