Ўзи йўқнинг қарзи бўлса ёхуд фуқарони сарсон қилган ҳолат

0

Бу дунёдан ўтиб кетганига 10-15 йил бўлса-да, марҳумлар номига электр энергиясидан қарздорлик ҳисобланаётганини эшитиб, дилимиз ранжиётган, қалбларимиз оғриётган эди. Ўзи йўқ одамга қарздорлик ҳисобланса-чи…

Учкўприк тумани “Қақир” қишлоғида яшовчи С. Мусаев Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, туман электр таъминоти корхонаси томонидан 1 782 144 (бир миллион етти юз саксон икки минг бир юз қирқ тўрт) сўм нореал қарздорлик ҳисобланганлиги, ушбу ҳолат юзасидан туман МИБ идораси ва электр таъминоти корхонаси ўртасида сарсон бўлганлигини билдирди.

Унинг аризаси туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари асосида ўрганиб чиқилди.

Натижада электр таъминоти корхонаси мутахассиси томонидан 2016 йил 5 августда 2199-сонли далолатнома истеъмолчи С. Мусаев номидаги …075 абонент рақамига техник хато туфайли нотўғри киритилганлиги ва бу хатони бартараф этиш учун 075 абонентни аслида мавжуд бўлмаган фуқаро “А. Исмоилов” номига бириктириб қўйилганлиги аниқланди.

Масалага ойдинлик киритиш ва бартараф қилиш юзасидан туман ЭТКга сўров хати юборилди. Корхона томонидан ушбу ҳолат ўрганиб чиқилди ва фуқаро С. Мусаев номига ёзилган 1 782 144 сўм ноҳақ қарздорлик олиб ташланди.

Мурожаатларнинг аксарияти аввало аҳолида истеъмолчилик соҳасида билимларининг етарли эмаслиги, ўз ҳуқуқ ва бурчларини тўлиқ англаб етмаслиги, иккинчи томондан эса ташкилот, корхонада ишлаётган баъзи масъулларнинг ўз вазифаларига лоқайдлик билан ёндашаётгани оқибатида келиб чиқмоқда.

UzA.uz

loading...