Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 8 декабр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

 

Бугун биринчи навбатда моддий аҳволингизни назоратда ушлашингиз керак бўлади. Йирик харидларга ошифтасиз. Бунга шубҳа йўқ. Аммо бу ошифталик сизни молиявий инқирозга юз тутдириши муқаррарлигини ҳам унутманг. Тушдан кейин шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ ажойиб бир хабар эшитишингиз кутилади. Бу хабар сизни ростакамига мамнун этади. Муаммолардан севимли хоббингиз ёрдамида чалғишга ҳаракат қилинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 20. 05)

 

8 декабр куни ўзингиз нуқул танқид остига олаверадиганлар ўрнига ўзингизни бир қўйиб кўринг. Хўш, улар танқидларингиз натижасида қандай аҳволга тушишяпти экан? Буни ҳис этишга уриниб кўринг. Билингки, ҳаётда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам албатта қайтади. Шунинг учун дунёни қайтар дунё деб аташган. Кечқурун тоза ҳаво сайрига чиқинг. Дам олиш соатларингизни ёлғизликда кечирганингиз маъқул.

 

ЭГИЗАКЛАР (21. 05 — 21. 06)

 

Бугун эрталабдан шу қадар лоҳас ва ўйчан ҳолатда бўласизки, атрофдагилар сизни уйғотишга ҳаракат қилиб безор бўлишади. Дўстлардан бири сизга бир хабарни етказиши кутилмоқда. Хабар сизни файласуфларча ўй суришга, мулоҳаза қилишга мажбур этади. Куннинг иккинчи ярмида молиявий муаммоларни бартараф этиш билан банд бўласиз. Бугун моддий аҳволингиз шундоқ ҳам ёмон кечмайди. Кечқурун ёши улуғ, хаста қариндошлар ҳолидан хабар олсангиз, савобдан қуруқ қолмасдингиз.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 22. 07)

 

8 декабр қисқичбақа буржи остида таваллуд топганлар учун ҳар тарафлама қувончли кечади. Эмоциянгизни қатъий назоратда ушланг. Руҳан тушкунликка тушишни хаёлингизга ҳам келтира кўрманг. Молиявий аҳволингиз, афсуски, кўнгилдагидек кечмайди. Йўқотишларга юз тутишингиз эҳтимоли бор. Заҳирадаги пулларни жуда эҳтиётланг. Акс ҳолда жуда-жуда қийин аҳволда қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас.

 

АРСЛОН (23. 07 — 23. 08)

 

Иш масаласига бугун лоқайдларча муносабатда бўлишингиз тавсия этилмайди. Лоқайдлик шу кунга қадар дунёга келтирилган борлиғингизни йўққа чиқариши мумкин. Кун давомида компьютер қаршисида ўтириб ишлайдиганлар кўзига жуда эҳтиёт бўлишлари лозим. Бугун гардеробни янгилаш, янги ҳаёт тарзини излаш ва турли хасталикларга қарши муолажаларни бошлаш муваффақиятли кечади. Аммо ҳар қандай турдаги жарроҳлик амалиётларини бошқа кунга қолдиринг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 22. 09)

 

8 декабр куни профессионал касбингиз билан боғлиқ ишга жиддий муносабатда бўлинг. Топишингиз ёки топганларингизни йўқотиш худди шунга боғлиқ бўлади. Мартабангизни ошириш йўлида энг қулай усулларни топинг. Ёлғонларсиз, фирибларсиз мақсадга етиш пайида бўлсангиз, фирибгарлардан нари бўлишга ҳаракат қилинг. Молиявий муаммоларни бартараф этишингиз жараёнида англашилмовчиликлар юзага келиши эҳтимолга яқин. Саломатлигингизни эҳтиётланг. Овқатланиш меъёрларига амал қилинг. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

ТАРОЗИ (23. 09 — 23. 10)

 

Бугун сизни бир-биридан ёқимли харидлар, кўнгилочар машғулотлар ва бошқа ёқимли лаҳзалар муштоқ кутади. Дам олиш кунилигидан унумли фойдаланинг. Дам олинг. Кўнгил ёзинг. Асосийси, меъёрни билинг ва хотиржамликка эрк беринг. Кун давомида баъзи масалаларда асаббузарликларга рўбарў бўлишингиз мумкин. Лекин булар дам олиш лаҳзаларингизга салбий таъсир кўрсата олмайди. Шахсий автомобили борлар серқатнов йўлларда эҳтиёт бўлишлари талаб этилади. Жароҳат олишингиз хавфи бор.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

8 декабрда кўп вақтингиз югур-югурлардан иборат бўлиши мумкин. Ҳар бир ишингизни пухта режа асосида амалга оширишингиз зарур бўлади. Қаергадир кечиксангиз, ўзингизни айблашдан тийилинг. Бугун саломатликни мустаҳкамлашга оид ҳаракатлар, уй юмушларини адо этиш ва рўзғордаги муаммоларни бартараф этиш хайрли кечади ва муваффақиятли якун топади. Кечқурун оғир ҳазм бўлувчи ва ёғли, шўр, аччиқ таомлар истеъмолидан тийилишингиз тавсия этилади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Ўқотар буржи остида туғилганлар табиатан майдакашликни ёмон кўришади. Лекин бугун ҳар бир тийинни алоҳида ҳисоб-китоб қилишингизга тўғри келади. Ҳатто, севимли инсонингизга оддий музқаймоқ олиб беришдан бош тортганингизда у аламдан ёрилай дейиши мумкин. Унга молиявий аҳволингиз жойида бўла туриб майдалашишингиз ёқиб тушмайди. Бугун ижод кишилари ва хизмат сафарига чиққанларни омад қарши олади. Омад сизга ёр бўлсин!

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

8 декабр куни мураккаб масалаларни ижобий ҳал этишда яқин дўстларингиз ёрдам беради. Лекин рўзғордаги муаммоларни ўзингиз бартараф этишингиз керак бўлади. Бу оиладаги муҳитга жиддий таъсир кўрсатади. Нафақат пулларни, балки саломатликни ҳам қатъий назорат остига олинг. Сурункали хасталиклар қўзғалиши, айримлар енгил жароҳат олиши кутилади. Режим бўйичагина ҳаракатлар содир этинг. Организмингизнинг жисмоний зўриқишига йўл қўйманг.

 

ҚОВҒА (20. 01 — 18. 02)

 

Бугун эрталабдан энг жиддий масалалар бўйича фикрингиз ўзгариши кутилади. Бу зиммангизга янги вазифалар юклангандан кейин пайдо бўлади. Агар тажрибангиз камлик қилса, иш битиришда дўстлар, танишлар ёрдамидан фойдаланишингиз тавсия қилинади. Аёллар гардеробини янгилашса, бу кайфият кўтарилишига сабаб бўлади, ишонинг. Уялманг! Янги кийимларда атрофдагиларни ҳайратга солишдан тийилманг.

 

БАЛИҚ (19. 02 — 20. 03)

 

8 декабр куни ғалабага эришиш учун жуда кўп ҳаракат қилишингиз, интилишингиз талаб этилади. Бу қўлингиздан келади. Ҳар қандай тўсиқни енгиб ўта оласиз. Агар яқин орада ким биландир жанжаллашган бўлсангиз, бугун ярашиш пайида бўлинг. Чунки бугунги кун ярашишлар учун муваффақиятли кечади. Бугун болалар билан узоқ-узоқ суҳбатлашиш, ижод ва мазали таомлар пишириш, уларни тановул қилиш хайрли кечади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...