НОНКЎРНИНГ НАДОМАТИ…

0

 

 

* * *

 

Шаҳардаги чекка туманлардан бирида жойлашган дарахтзор нотинч эди. Қоронғилик қаърида ёши йигирма бешларга борган узун бўйли йигит икки оёғини қучганча иҳларди. Оғриқ зарби уни аланглашга, сўкиниб кимнидир қидиришга мажбур этарди. Юзларидаги қонни кафти билан арта-арта ётган ерида бош чайқарди.

У шаҳарнинг чекка-чеккасида эгасиз қолган уйларга ўғирликка тушиб чўнтагини қаппайтириш билан шуғулланадиган Обид ўғри эди. Шу пайтгача таёқ емаганди. Бугун омади чопмади. Оладиганини олиб дераза оша ташқарига чиқаётганда тўсатдан уй эгалари келиб қолишди-ю, Обидни тутиб олишди.

Ота-ўғиллар барваста ва жуда бақувват экан. Аҳён-аҳёнда спортзалга кириб ўзича тепиш, бировнинг башарасига мушт туширишни машқ қилиб турадиган Обид ота-болага бас кела олмади. Уни дарахтзорга судраклаб чиқишди-ю, ўласи қилиб калтаклашди.

— Падарингга лаънатлар, қай гўрдан кеп қолди ўзи? — сўзланарди Обид ўғри тўлғониб. — Шу хосиятсиз уйдан чиқиб кетишимга бир баҳя қолувди-я! Ё пойлаб турганмиди ифлослар?.. Хайрият, мелисага берворишмади. Йўқса, дабдалам чиқарди. Ҳа энди ўзларича инсоф қилишган-да булар!.. Майли, амаллаб кўчага чиқволай! Ишқилиб оёқ синмаган бўлсин-да! Қолгани «ерунда». Оқсаб-оқсаб тузалиб кетаман…

Обид ўғри сўзлана-сўзлана эҳтиёткорона ўрнидан туриб ўтирди ва бошини уёқ-буёққа чайқаб кўрди. Йўқ, боши айланмаяпти. Лаби ёрилган шекилли, ачишиб оғрий бошлади.

У пайпасланиб костюми киссасидан дастрўмолча чиқарди-да, қонталаш лабига босди. Сўнгра шошилмасдан ўрнидан қўзғалди.

Кўча тарафга юришдан олдин ўғирликка тушган уй томон қўрқа-писа кўз ташлади.

Уй чироқлари ўчирилганига амин бўлгач, қўлларини, оёқларини қимирлатди. Тўрт мучаси саломат экан.

Шунда ҳам қадам ташлашга шошилмай юзига ёпишган қонларни кафтига артган бўлди…

 

* * *

 

Оғриқ тана бироз совигандан кейин юз кўрсатаркан. Обид ҳам оқсоқлана-оқсоқлана юз метрча юриб тўрт қаватли уй рўпарасига етгач, аъзойи бадани симиллаб оғриётганини ҳис этди. Бу ҳам етмагандек боши айланиб, ўқчий бошлади.

Бу аҳволда тик оёқда туришнинг сира иложи йўқ. У худди ўлиб қолаётгандек юрагини ваҳима босиб шоша-пиша ерга ўтириб олди ва икки қўли билан бошини чангаллади.

Шу кўйи бир неча дақиқа тек қотиб ўтирди. Кўнгил айниши, бош айланиши, оғриқлар ҳали бери пасанда бўладиган эмасди. Азоб тобора ортиб борарди.

Шу маҳал сал наридан ўтиб кетаётган олтмиш ёшлар оралиғидаги тўладан келган бир аёл таққа тўхтади-да, тинимсиз иҳлаётган Обидга тикилиб қолди. Бирпас тургач, эҳтиёткорлик билан у томон юрди.

— Ҳа, болам, сенга нима бўлди? — сўради аёл ҳийла энгашиб. — Мазанг қочдими?

Обид базўр бошини кўтариб аёлга боқди.

— Мени… Дўппослаб кетишди, — деди ёлғондан. — Ё-ёмон уришди.

— Вой шўрим!.. Ким экан у разиллар, болам? Нега дўппослашади? Э, ғалчалигим қолмади-қолмади-да! Қани, секи-ин тур-чи ўрнингдан!.. Меникига кирасан! Тур, қўзим, турақол!..

Обид итоат билан ўрнидан туриб аёлнинг елкасига суяниб олди. Шундан бўлак имкони йўқ эди.

Аёл эса дўппослаганларни қарғай-қарғай уни уйи томон етаклади.

 

* * *

 

Орадан бир соатча ўтиб Обид анча ўзига келди. Ёнбошлаганча уй бекаси тутқазган пиёладаги чойдан ҳўплай-ҳўплай, уй ичларини кузатган бўлди. Шунда ойнали жавон устидаги қўл соатига кўзи тушди-ю, бирдан ҳушёр тортди.

Бу маҳал аёл ошхонада Обид учун тухум қовуриш билан банд эди.

Аста ўрнидан туриб соатни қўлига олмоқчи бўлди. Аммо уй бекаси кириб қолишидан чўчиди.

«Тилла соатга ўхшайди, — ўйлади соатдан кўз узолмай. — Ялтирашини қара! Нима бало, кампир бадавлатми дейман? Ҳа, шунақага ўхшайди. Ана, сервантдаги идишлариям айтиб турибди бойлигини. Ҳойнаҳой, пулиям кўп бўлса керак. Эҳ, калтак еганим чатоқ бўлди-да! Йўқса… Йўқ, бир жиҳатдан яхши бўлди. Кампирнинг уйини билволдим. Ҳозир кирса, эртага қаерда бўлишини сўраб кўраман. Ажабмас бирор ерга кетадиган бўлса…»

 

* * *

 

Орадан икки кун ўтди. Ёш, навқирон-да! Обид калтаклар зарбини шу қисқа муддат ичида енга олди. Қайтадан дадил оёққа туриб, учинчи кун тушга яқин кўчага чиқди.

Бугун уй бекаси қайсидир қариндошиникига боришини айтиб, шомдан кейин албатта кириб ўтишини тайинлаганди. Ваннасими, ошхонадаги кранми, бузилган экан. Яқин тортди шекилли, шуни тузатиб беришини сўради. Лекин Обид айнан туш пайти йўлга чиқишни хоҳлади. Туш вақти ташқарида ҳам одам кам бўлади. Ёз иссиғидан қочиб кўпчилик уйга қамалганча ўтиради…

Обид олдиндан тузган режасини хаёлан пухталаб ўша уй рўпарасига келди.

Подъездга киришдан аввал чўнтагидаги махсус ишланган қулф очқичини текшириб кўрди. Ҳа, жойида экан. Бу очқич ҳар қандай қулфга йўл топа олади. Қачонлардир қамалиб чиққан бир акахони совға қилганди. Совға ўзини оқлади. Шунинг орқасидан қанча-қанча қулфларни бемалол очиб, бир-икки сўмли бўлиб келяпти…

Эҳтиёткорлик зиён қилмайди. Обид ҳар эҳтимолга қарши қўл телефонини олди-да, уй бекасининг рақамларини терди. Ҳеч ким гўшакни кўтармагач, аёл уйда эмаслигига тўлиқ амин бўлди ва атрофга ўғринча аланглаб эшик қулфини оча бошлади…

 

* * *

 

У залдаги баланд шкаф тортмаларини бир-бир очиб кўраркан, кўзларига ишонмасди.

Ҳар бир тортмада даста-даста пуллар…

— Темир сандиқ ичиниям кўрай-чи, — деди Обид хона бурчагига юзланиб. — Тортмада шунча пул ётса, сандиқ тўла бўлса керак. Оббо кампир-эй, бойвучча экан-ку! Кекса бошига шунча пулни нима қиларкин? Биздайларга тарқатиб юборса камайиб қолармиди?..

Ўйланиб, мулоҳаза қилиб ўтиришга фурсат йўқ. Бундай лаҳзаларда ҳақиқий уста ўғрилардек иш тутиш лозим.

У жонҳолатда пулларни елкасига осилган халтачага жойлади-да, ташқарига юрди.

Ортиқ ҳеч нарса олмади. Умрида қўли ҳеч қачон бу қадар кўп пул кўрмаган ўғри учун шуниси кифоя эди.

Чиқиб кетаётиб, бир-биридан гўзал қандиллар, чинни идишлар, қимматбаҳо кийимларга суқ билан тикилди. Қачондир улар ҳам ўзиники бўлишига умид боғлаб подъездга чиқди…

Чиқди-ю, иштонини ҳўл қилган гўдак каби бўшашди. Ранги гезариб, беихтиёр тиззалари дағ-дағ титрай бошлади.

Негаки, қаршисида уй бекаси қовоқ уйиб турар, унинг ортида эса милиция кийимидаги барваста аёл бор эди…

— Қизим, беҳуда кўнглим безовталанмаган экан, — деди уй бекаси милиция кийимидаги аёлга юзланиб. — Қара, куни кеча шу бола кўча юзида ўлимминан олишиб бир аҳволда ётувди. Мен аҳмоқ раҳмим келиб уни уйга олиб кирибман. Қонга ботган кийимларини ювибман, қорнини тўйдирибман. Бу бўлса… Ўғри экан-ку!.. Сал кечиксак…

— Соддасиз-да, ойи! — уй бекасини койий кетди милиционер аёл. — Дуч келган ярамасни уйга киритаверасиз. Ҳозир келиб қолмасак нима бўларди? Чапак чали-иб қолаверардингиз!..

Милиционер аёл шоша-пиша қаергадир қўнғироқ қилди. Сўнгра тўппончасини чиқариб Обидга ўқталди.

— Қимирлама, ифлос! Бир қадам ташласанг, отаман!..

 

ХОТИМА ЎРНИДА

 

Бир ойдан кейин суд бўлди. Суд мажлисида жабрланувчининг барча қариндош-уруғлари қатнашди. Улар Обидни узоқ муддатга қамашларидан умидвор эди. Бироқ уй бекаси буни хоҳламади. Ҳеч нарсаси изсиз йўқолмаганини ҳисобга олди. Қолаверса, худодан қўрқди. Норғул бир йигитни беҳуда турмага жўнатишни истамади.

Унинг илтимосини инобатга олиб суд Обидга нисбатан жарима белгилаш билан чекланди.

Фақат аёл суд залидан чиқиб кетаётиб Обидга бир гапни айтди:

— Ўғлим, тузга хиёнат қилишнинг оқибати ёмон бўлади! Ҳеч қачон нонкўрлик қилмагин!

Бу гаплар Обиднинг юрак-юрагини тешиб ўтаёзди. У аёл ўтирган машина кўздан йўқолгунча жонсиз ҳайкал каби жим туриб қолди. Қалбига Яратган солиб қўйган ногоҳоний надомат ҳисси бағрини қаттиқ эзди.

Олимжон ҲАЙИТ

loading...