СНАЙПЕР… (12-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бундай лаҳзаларда одам ўзидан ўтганини ўзи билади. Айиқ ўзига яқинлашиб кела бошлаганини кўргандаёқ Мирсолининг хаёлидан яқинлари, қадрдон қишлоғи, синфдошлари, марҳума муҳаббати Заринагача маржондек тизилиб ўтганди. Бир неча ўн сониялардан сўнг худди шу маҳлуқ чангалида жон бериши муқаррарлигини тан олиб бўлганди. Аммо шунда ҳам бўш келишни хоҳламади. Атрофга аланглаб йўғонроқ хода қидирди. Қани излагани топила қолса…

Қидирганини топа олмагач, алами, хўрлиги келиб бор овозда ҳайқирди. Бу ҳайқириғи чамаси бутун ўрмонни тутди. Аллақаерлардан қушлар, қандайдир жониворларнинг товушлари қулоққа чалиниб қолди. Айиқ эса негадир таққа тўхтади. Мирсолига сукут сақлаган ҳолда тикилиб тургач, бошини силкита-силкита ортга қайтиб кетди. Мирсоли эса ҳануз хавфдан халос бўлганига ишона олмас, қўрқув азбаройи зўр келганидан жонҳолатда қичқирарди.

Бирпасдан сўнг ҳайқиришдан тўхтади. Айиқ қайтиб кетганига яна бир карра амин бўлиш учун теваракка ўғринча қараб олгач, қоронғиликда кесилган дарахт тўнгагини топиб оҳиста ўтирди. Ўзига бўлган ишонч қайтадан қалбини чулғаб оғир хўрсинди.

— «Тихий» алдабди мени, — деди ўзига ўзи. — Одамлар ўлишини ўйламас экан-да! Бир-бирларини алдашади, ўлдиришади, қийнашади, сотишади… Нега? Мана, мен шунга гувоҳ бўлдим. Худо асрамаса, маҳлуқ чангалида ўлиб кетишимга бир баҳя қолди. Хайрият, нима бўлсаям, жоним омон қолди. Ёш жувонмарг бўлиб кетмадим. Майли, энди буёғига қандай йўл тутиш ҳақида бош қотиришим керак. Йўл қани ўзи? Нимага кўрина қолмаяпти? Умуман, йўл бормикан? Ёки бу ўрмоннинг охири йўқмикан?..

Мирсоли шу кўйи бир соатча тўнгак устида ўтириб қолди. Кейин эса жуда-жуда уйқуси келаётганини ҳис этди. Қалбан кўз юмишга қўрқаётган бўлса-да, ғафлат зўр келди. Таваккал унинг ҳукмига бўйсуниб, бошини эгганча кўзларини юмди.

 

* * *

 

Тонг ота бошлаганини қалин ўрмонда ҳам қушлар чуғур-чуғури оламга ошкор этади. Мирсоли қушларнинг шовқинидан уйғониб кетди ва даст ўрнидан турди. Атрофда ҳеч бир хавф сезилмас, олмахонларнинг шохдан-шохга сакраб ўйноқлаши ўрмонга гўё файз улашарди.

Мирсоли уёқ-буёғини тўғрилаган бўлиб, йўлга отланди. Албатта катта йўлни топишини кўнгли сезган каби ишонч билан олдинга интилди.

Афсуски, эллик метр юрмай, шундоқ тепасида вертолётнинг гуриллаган товуши қулоқни қоматга келтираёзди. Мирсоли бирдан сергак тортиб ўзини шох-шаббалар панасига олди.

«Мени қидиришяпти ментлар, — кўнглидан ўтказди у осмон-у фалакдан кўз узмай. — Ана, вертолётда айлана бошлашди. Демак, қўлга тушишим тайинга ўхшайди. Бу ярамаслар узоқдан туриб ҳам қаердалигимни билиб олган кўринади. Нима қилсам бўлади? Агар осонгина қўлга тушсам алам қилади. «Ўла, бузоқнинг югургани сомонхонагача экан-да! Қалайсан?» дейишмайдими улар? Э, йў-ўқ, қўлга тушадиган аҳмоғи йўқ энди. Ўлсам ўламанки, ментларга тутқич бермайман. Фақат ўлигимни қўлга олишлари мумкин…»

Тақдир, вазият ҳар қандай одамни ҳам ўйлашга, фикрлашга мажбур этади. Вертолёт ҳийла узоқ кетгач, Мирсоли саросима исканжасида таъқибга қандай чап бериш йўлини топди. Буталарни пайпаслай-пайпаслай, ниҳоят занг босган, сопи ярмигача синган белкурак топди ва астойдил чуқур ковлашга тушди.

— Мен шундай беркинайки, ҳамманг бошингни чангаллаб қолгин, ифлослар, — сўзлана-сўзлана ер ковларди Мирсоли. — Ўзинг тугул, искович итинг ҳам мени топа олмайдиган бўлади, ҳа! Яна бирпас ишласам, қутуламан сенлардан!..

Ниҳоят чуқур ҳам тайёр бўлди. Мирсоли чамалаб кўрганди, чуқурда чўнқайган ҳолда ўтирса бўларкан. Фақат тепасига яшил шох-шаббалардан ташлаб олса, бас. Юқоридан туриб ҳеч ким бу ерда одам ўтирганини кўрмайди. У кўз очиб юмгунча бу ишни ҳам уддалади. Барглари шапалоқдай шохлар чуқур оғзига қалин кўрпа каби ёйилиб тушиб, Мирсолини бегона кўзлардан пана қилди. Бахтга қарши бу қувончи ҳам узоққа бормади. Гарчи вертолёт товуши қулоққа чалинмаса-да, Мирсоли яқин орадан одам овозлари тобора яқинлашиб келаётганини пайқади. Булар милиция ходимлари ёки аскарлар эканига заррача шубҳаси қолмади.

«Кўрамиз, — ўйлади ўзича ўтирган ерида. — Булар ит билан изғийди, албатта. Аммо мени ўша ити ҳам топа олмаслиги аниқ. Ўзим ўзимни ошкор этиб қўймасам бўлди. Келаверишсин! Қандай келса, шундай қайтиб кетишади…»

Овозлар эса борган сари яқинлашиб келарди.

— Ҳаммаёқни титкилаб ташлаларинг, — йўғон овозда аллакимларга буюрди кимдир. — Узоққа кетмаслиги тайин. Шу атрофда биқиниб ўтирибди даюс. Ҳар бир тиқ этган товушни эътиборга олларинг! Эй, Саша Крутой! Яхшиликча таслим бўл-да, жонингни сақлаб қол! Биламиз, шу ердасан! Овоз бер! Биз сенга жабр етказмаймиз, ишон! Ғўрлик қилма, йигит!..

Овоз эгаси шундоқ Мирсоли ўтирган чуқур тепасида қичқирарди. Қолганлар эса буталар-у дарахтлар орасини титкилаб, уни қидириш билан овора эди.

— Йўқ ҳеч қаерда, — деди Мирсоли ўтирган чуқурга яна бошқаси яқин келиб. — Ер ютиб кетганга ўхшайди.

— Қочиб қаергача борарди?!. — дея қичқирди бошқаси. — Барибир қўлга тушади. Кетдик! Ҳамма ортга қайтсин! «Отбой!»

Шу чақириқдан сўнг оёқ товушлари чуқурдан узоқлаша борди. Сал ўтиб яна ўрмонни қушларнинг сайраши тутди. Мирсоли эса юқорига чиқишга шошилмади. Хавфдан халос бўлганига қувониб чуқур нафас олди. Пешонасидаги маржон терларни енгига арта-арта нималардир дея сўкинди. Орадан ўн беш дақиқа ўтгач, шох-шаббаларни четга сурди-да, юқорига чиқди. Ҳақиқатан теваракда одам шарпаси сезилмас, қалин ўрмондаги ёввойи ҳаёт бир маромда давом этарди.

— Тутармиш-а, — дея узоқ-узоқларга термилди Мирсоли. — «Гижон»да тутасанлар! Сенларнинг қўлингга тушишимга кўзим етса, қочқин уюштирармидим? Қидиравер, ҳали турмангга борсанг, бошлиқларинг боплаб кетингга тепади. Шунда биласан Крутой кимлигини…

Мирсоли хотиржамликка пича ён берган бўлиб бемалол майсалар устига ястанди. Хаёл яна уни олис қишлоғига, торайиброқ, суви қуриброқ қолган ариқ бўйига етаклади. Соғинч қалбини кемириб, оғир-оғир хўрсинди. Бебошларча тутган йўлидан надомат чекиб норози бош чайқади. Тахминан уч-тўрт дақиқа шундай ўтиргач, дафъатан нимадир ёдига тушгандек сакраб ўрнидан туришга тутинди. Лекин қандайдир қаттиқ буюм нақ елкасига тиралди. Шу ондаёқ иккинчи елкасига одам қўли чангал солди ва бегона товуш эгаси таҳдидли шивирлади:

— Қўлга тушдингми, тирранча? Бизни «лох» қилиб, сурвормоқчимидинг?

Мирсоли шошмасдан, қўрқмасдан оҳиста бош кўтарди. Тепасида тўрт нафар фуқаро кийимидаги эркак турарди. Елкасига тўппонча тирагани эса орқадан туриб бир қўли билан Мирсолини бир елкасидан маҳкам босиб олганди.

— Кимсизлар? — сўради Мирсоли тепасидагиларга аламли боқиб. — Мени турмага олиб кетганлар бошқа эди. Сизлар-чи? Ким бўласизлар?

— Бизми? — ўртада турган мўйловдор эркак Мирсолининг иягидан сиқди. — Акаларинг бўламиз. Хўш, кўнглинг жойига тушдими? Унда секи-ин ўрнингдан тур! Ҳа, баракалла! Иккала қўлчангни орқангга қил! Бўларкан-у гапга кирсанг!

— Менга қаранг, брат, — деди унга тикилиб Мирсоли. — Оборадиган бўлсангиз, тезроқ обора қолмайсизми ўша турмангизга! Тан бердик, тан! Зўр экансизлар! Кўп излаб овора бўлмай қўлга туширдингиз. Бошланг машинангизга!

— Вей, бола, — дея орқада тургани Мирсолини икки елкасидан сиқиб ўзига қаратди. — Биз ментлармасмиз. Айтилди-ку, биз акаларингмиз! Ё манави хум калланг яхши ишламайдими?

— Барибир тушунмадим, — деди Мирсоли бўш келишни истамай. — Менинг акам йўғиди чоғи? Айтаверинглар! Балки ўзларинг қўрқаётгандирсизлар-а мендан?

Эркаклар бу гапни эшитиб бараварига кулиб юборишди. Аммо бу кулги узоқ чўзилмади. Ёнбошроқда турган баланд бўйли йигит Мирсолининг сочига чанг солди.

— Пуллар қани? — У Мирсоли оғриққа дош беролмай тилга киради деб ўйладими, сочларини маҳкамроқ сиқимлади. — Гапир, хунаса! «Большой»дан қолган пуллар қани?

— Ҳа-а, гап буёқдами? — Мирсоли зиғирча ўзини йўқотмай, йигитнинг кўзларига тик боқди. — Шунақа демайсизларми дарров?

— Сенга савол берилди! — дағдаға оҳангини бир парда кўтарди йигит. — Яхшиликчасига пуллар қаердалигини айтгин-да, гум бўл! Сен билан пачакилашишга тоқатимиз йўқ. Гапир дедим!

— Пуллар «гижон»да! — дея заҳархандали тиржайди Мирсоли. — Сочимдан қўлингни ол! Юлиб олганингдаям жоним оғримайди. Унақалар хилиданмасман!

— Братва, — дея шерикларига юзланди йигит. — Бу мараз яхши гапга тушунмайдиган кўринади. Нима қилсак бўлади-а?

— Буними? — сал нарида астойдил писта чақаётган бошқа бир бесўнақай йигит қолганларга яқинлашди. — Бунга сал совуқ кайф бериш керак. Шунда тўтидай сайрай бошлайди.

— Гапинг тўғри, — деди Мирсолининг сочларини қўйиб юбориб шериги. — Бу ичидагини мой деб ўйлаяпти шекилли. Аммо менда яна бир таклиф бор. Кайф беришдан олдин буни боплаб тепкилаш зарур. Сал бўшашади. Айтмоқчиманки, яхшироқ кайф олади.

— Қани, бошладик!

— Башарти биронтангизни майиб қип қўйсам, хафа бўлиш йўқ, — деди Мирсоли ерга чирт этиб тупуриб. — Мени билмайсизлар-ку! Болалигимдан муштлашишни яхши кўраман.

— Гап йўқ, — деди унинг сочига чанг солган йигит ҳиринглаб. — Мана шу акаларинг гувоҳ, агар ҳаммамизни уриб майиб қила олсанг, тўрт томонинг қибла! Йўлингни тўсган одаммас! Розимисизлар, братва?

Қолганлар бараварига бош ирғаб йигитнинг таклифини маъқуллади. Мирсоли эса ниҳоят бу нусхалардан қутулиш йўли топилгани учун ич-ичдан шодланарди. Эпчиллик билан икки қадам ортга тисланди-да, қаршисидаги тўрт барваста йигитга қичқирди:

— Қани, менга деса, юзта бўлиб келларинг! Бир ерингни оғритсам, хафа бўлмаларинг! «Давай», ярамаслар, «давай!..»

 

* * *

 

Мирсоли бу масалада ғолиб бўлишига шубҳа қилмасди. Жуда қисқа фурсатда зўравонларни «ухлатиш»ига қаттиқ ишонган ҳолда оёқ-қўлларини ишга солди. Афсуски, улар тўрт киши эмаскан. Буталар ортидан яна саккиз чоғли худди шундай барзанги эркаклар чиқиб келди. Барчалари Мирсолига ташланди. Барибир надомат чекмасди. Қўллайдиган усуллари камида йигирма-ўттиз нафар одамни ерга қулатиши мумкинлигини биларди. Ана, биринчи, иккинчи, кетидан учинчиси, тўртинчиси, бешинчиси юзтубан йиқилди-ю, жим бўлди. Лекин Мирсоли бир масалада ҳисобни нотўғри олибди. Кимдир орқадан келиб бошига тўмтоқ буюм билан туширди. Аниқ кўрганди. Ҳаммаси олд томонида эди. Ким яна кўринмасдан орқасига ўтиб олиши мумкин? Наҳотки, кўринмас одам бўлса?..

Мирсоли чалқанча майсалар устига қуларкан, аллакимларнинг ғўнғир-ғўнғирини элас-элас эшитар, юмилган кўзлари эса тиниқ, зилол сувнигина кўрарди, холос. Бу ҳолат қанча вақт давом этганини билмайди. Юзларига сепилган муздек сув зарбидан сесканиб кўзини очди. Тепасида ҳануз ўша барзангиларнинг бир нечтаси чўнқайиб ўтирганча алланималар деб жаврарди.

— Хўш, қаҳрамон, эплай олмадинг-ку, — деди аскарлар дала ўқув машғулотларида киядиган кийимдаги барзанги иршайиб. — Мана, биз тик оёқдамиз! Балки энди айтарсан пуллар қаердалигини? Ўзинг бошлаб бориб олиб берсанг, янаям хурсанд бўлардик. Нима дейсан?

— Мана оласан пулларни, — Анча ўзини ўнглаб олган Мирсоли ўрта бармоғини барзангига кўз-кўз қилди. — Сен аблаҳларга тушиб қолган пулим йўқ!

— Уф-ф, нодон экансан, — деди барзанги шерикларига кўз қисиб. — Сени ортиқ қийнамай қўя қолайлик девдим. Братва, нима қиламиз бу қайсарни? Кўнмаяпти-ку!

Шу пайт ўнг ёнбошда турган эркак киссасидан тўппонча чиқарди-да, Мирсолининг бошига тиради.

— Қимирласанг, ўласан, — деди у тишларини ғижирлатиб. — Оғайни, қўлига кишан ур! Буни чайлага олиб борамиз!

Бошқа бирови дарров йўл халтасини ковлаб кишан чиқарди-да, Мирсолининг қўлларини кишанлаб қўйди. Энди у қанча чиранмасин, булардан осонликча қутула олмасди. Чунки барзангилар исталган пайтда Мирсолини отиб ташлашлари тайин эди. Хаёлан тақдирига лаънатлар ўқиб бош эгди.

— Айтмаганмидим бу қўйдай ювош тортиб қолади деб? — дея аскарлар кийимидаги барзанги Мирсолини елкасидан тутиб турғазди. — Чайлага борсин, эсини киритамиз!..

Чайла ўрмонннг буткул бошқа тарафида экан. Етгунларича Мирсолининг бўлари бўлди. Йўл узоқлиги етмай, барзангилар қур-қур уни турткилар, қайсидир бири орқадан келиб оёғига ҳам тепиб қўярди. Мирсоли эса чидашга мажбур эди. Арзимас кўнгилсизлик туфайли ўлиб кетишни хоҳламасди.

Барзангилар чайлага киргач, кишаннинг бир томонини темир каравотга маҳкамлаб қўйишди.

— Буни гапиртиришнинг яна бир усули пайдо бўлди, — деди қўлида тўппонча тутган эркак. — Шунинг учун асосийсига шошилманглар!

— Кўрсат ҳунарингни, — дея унга совуқ тикилди бошқаси. — Қанақа усул?

Эркак елкасидаги йўл халтани қўлига олди-ю, ичидан бир шиша ичкилик чиқарди.

— Мана буни ичса, булбулдай сайрашига мен кафил, — деди у Мирсолига масхараомуз боққанча қўлидаги шиша идишни кўз-кўз қилиб. — Хўш, братишка, бунақасидан татиб кўрганмисан? Ё улгурмадингми?

— Бефойда овора бўляпсанлар, — деди Мирсоли. — Менга ичкилик таъсир қилмайди.

— Буни ичиб бўлганингдан кейин кўрамиз. Қани, оғизчангни оч! Билиб қўй, бир кўтаришда сипқорасан. Йўқса, ўласан! Мана, тўппончани атайин ўқлаб қўйганман! Кўрдингми?

Мирсолининг бошқа иложи ҳам йўқ эди. Қаршилик кўрсатиш, бекорга чираниш наф бермаслигини биларди. Шунинг учун барзангига сўзсиз итоат этишдан бўлак чора топа олмади. Ишонди. Бир умр ичкилик ичиб кўрмаган бўлса-да, қандайдир кайф уни йўлдан оздира олмаслигига кўзи етди ва барзангига ён берди…

Эҳ, бу қадар ёқимсиз, аччиқ ва бадбўй ичкилик аъзойи баданига тарқаганданоқ кўнгли қанчалар айниганини ўзигина билди. Ўқчиб юборган бўлса-да, рўпарасидагиларга ожиз қола бошлаганини сездирмасликка уринди.

Сал ўтмай, боши гир айланиб, кўзига барзангиларнинг ҳар бири тўрт-бештадан кўрина бошлади. Ичкилик кўксининг аллақаерларини қаттиқ куйдирди. Кайфияти кўтарилиб, ҳатто жилмайишга ўзида куч топа олди.

— Ҳа-а, ёқдими ичкилик? — яна масхарали кулди тўппонча тутган барзанги. — Маза қилдинг-а? Қани, энди пуллар қаердалигини айт! Ўзингга яхши бўлади. Бўлмаса, манави акаларингнинг жаҳли чиқади. Жаҳли чиқса… Вай-вай-й, ёмо-он бўлади сенга, ҳа! Жонинг жа ёмон оғрийди. Айт дедим!

— Сенларга бошида айтдим, — хириллаган товушда жавоб қилди Мирсоли. — Менга бу ичкилигинг таъсир қилмайди. Шундай экан, хато қилдиларинг! Бир шиша ичкиликни кўкка совурдиларинг! Ўзларинг бўлишиб ичсанг, маза қилардинг.

— Энди бошқа гапим йўқ, — деди барзанги шерикларига боқиб. — Буёғига нима қилсангиз ҳам розиман. Яхшиликчасига кўнмайди шекилли бу мараз!

— Ваня, — эшикка суянганча чекимлик чекаётган шеригига қичқирди тўппончали барзанги. — Нина тайёрмиди?

— Албатта, ана, печканинг устида қоғозга ўроғлиқ турибди.

— Опкел! Жончаси қаттиқ оғриса айтади. Айтмай қаерга борарди!?.

— Тўхтанглар, шошилманглар, — дея ёнидагиларга юзланди бўйи бошқаларга нисбатан пастроқ, қиррабурун эркак. — Менда бир таклиф бор. Бунисиниям текшириб кўрмасак бўлмайди.

— Қанақа таклиф? — сўради тўппонча тутган барзанги. — Яна нима балони ўйлаб топдинг?

— Ичкилик ичиришга ичирдик, — деди Мирсолига ер остидан боқиб у. — Натижаси кўринмади. Ахир, бу қурмағурни пулга сотволганмиз! Тўласин-да кайфнинг ҳақини! Ҳозир пардаларни ёпамиз. Хона қоронғи бўлади. Қани, акаларини қоронғиликдаям дўппослаб кўрсин-чи!

— Дўппослаёлмаса-чи? — сўрашди қолганлар бараварига. — Унда нима бўлади?

— Унда нинани ишга солаверамиз. Шундан бошқа иложимиз йўқ. Агар дўппослай олса, тан берайлик-у, бу нусхани қўйиб юборайлик!

Барзангилар норозилангансимон елка қисганча уёқдан-буёққа юриб олишди. Бу ҳаракат билан қиррабуруннинг фикрини маъқуллаган бўлишди. Улардан бири эпчиллик билан дарпардани туширди. Хона зулмат тусини олди. Тўппонча тутган барзанги кишаннинг бир ёғини ечди-да, дарҳол эҳтиёт шарт эшик олдига бориб олди ва бор овозда бақирди:

— Қани, шоввоз, крутой, дўппосламайсанми бизни? Бўлақол!

Мирсоли гарчи боши гир-гир айланаётган бўлса-да, ўзини қўлга олишга уринди. Чунки биларди. Бу ягона имконият. Агар уддаласа, озод бўлади, ортиқча ташвиш-у, қийноқларга ўрин қолмайди.

У чуқур-чуқур нафас олиб, худди йоглар каби кўзларини юмган ҳолда барзангилар айнан қаердалигини фаҳмлашга интилди. Аммо бу жуда оғир синов эди. Агар фурсатни қўлдан берса, унинг ўзи тепки ва дайди муштлар ёмғири остида қолади. Шундай бўлди ҳам. Олд тарафдан ияги аралаш келиб тушган мушт зарбидан сал қурса ағдарилиб тушаёзди. Базўр мувозанатни сақлаб қолди-ю, жавоб зарбасини йўллади…

Нима қилсин? Кўпчилик кўпчилик-да! Бунинг устига қачонлардир кечирилмас хатога йўл қўйгани худди шу ерда маълум бўлиб қолди. Спорт, отиш машқларига берилган экан-у, мана бундай машғулотларни ўзлаштириб олмаган экан.

Навбатдаги зарба олдингисидан-да оғирроқ, хавфлироқ кечди. Мушт нақ бўйнига келиб тушди. Мирсоли полга юзтубан қулади. Шу заҳоти дарпарда кўтарилиб, тепасида барзангилар кула-кула ҳозир бўлди.

— Оббо, яна ютқаздинг-ку, — деди барзангилардан бири унинг тепасида энгашганча кулгидан ўзини тиёлмай. — Ўхшамади уринишларинг, ўхшамади. Энди пуллар қаердалигини бизга айтишингга тўғри келади.

— Унинг ўзи олиб қўлимизга тутқазади, — деди бошқаси дағдаға билан. — Биз искович итга ўхшаб пул қидириб юрмаймиз-ку! Бу нима деганинг?

— Бекорга овора бўласанлар, — деди Мирсоли аранг ўрнидан қўзғалиб. — Барибир ҳеч нарсага эриша олмайсанлар! Келларинг, эркакчасига иш тутайлик! Ўлдириш керакми мени? Ўлдирларинг! Қачонгача устимдан куласанлар?

— Э, йў-ўқ, — деди тўппонча тутган барзанги. — Биз ҳозир сени отиб ташласак, осон ўлим топасан. Қолаверса, бизга сени ўлдиришдан нима наф? Бизга пул керак, пул! Ўша «Большой» братваларни шилиб сенинг қўлингга тутқазган пулларни барибир қайтаришингга тўғри келади.

— Мен ҳеч кимдан пул олмаганман. — деди Мирсоли. — Қийнаб, дабдаламни чиқарганингдаям мендан ҳеч нарса ололмайсанлар!

— Йўқ, жонга тегди, — дея сал нарида турган қора курткали барзанги деворни жаҳл аралаш муштлаб сўз қотди. — Нина усулига ўтмасак бўлмайди. Шу тирранча билан гап талашиб вақт йўқотяпмиз. Давай, нинани тайёрлаларинг!

— Шошилма, — деди тўппонча тутган барзанги. — Нина усулини қўллашга улгурамиз. Болакайга яна бир имкон берайлик! Ҳозир мен ташқарига чиқиб сигарет тутатаман. Кирганимда сигарет нави қандайлигини айтиб беради. Айтса, нина усули бекор қилинади ва уни ортиқ қийнаб ўтирмаймиз.

— Топсам қўйиб юборасизми? — ҳовлиқиб сўради Мирсоли соддаларча. — Айтинг, қўйворасизми?

— Чучварани хом санабсан, — Мирсолининг тепасга келиб дўқ урди барзанги. — Пулни бермагунингча ит кунига соламиз сени. Шунчаки… Нина усули жуда ёқимсиз. Сен бола қийналмагин, умринг хазон бўлмасин деяпман, холос. Кел, ундан кўра пулларни яхшиликчасига қайтар! Сенга зарилми шунча қийноқларга дош бериб? Яшашдан умидинг йўқми ё?

— Мен битта гапираман, — деди Мирсоли қайсарлик билан. — Менда пул йўқ, тамом!

— Унда тайёргарлигингни кўр! Агар сигарет навини тўғри тополмасанг, нина усулини қўллашга мажбурмиз. Ўйла, бола, ўйла!

— Керакма-а-ас!!! — беихтиёр бақириб юборди Мирсоли. — Эркакмисанлар ўзи? Ўлдирсанг чўзмай ўлдирларинг!

— Чиранма, бола, — дея барзанги унинг тиззасидан пастроғига тепди. — Ўлдир эмиш. Олдин пулларни қайтар! Нима, анқовмисан? Сенга шунча вақтдан бери нима деяпмиз? Жонга тегдинг-ку!..

— Ҳақиқий эркак қиладиган ишни чўзғилаб ўтирмайди, — деди Мирсоли алам аралаш. — Қўрқитиш, пўписа қилишдан нарига ўта олмас экансанлар-ку, чиранганларинг нимаси?

— Шунақами? — тўппончани ҳануз Мирсолининг бошига тираб турган барзанги бўш қўлини мушт қилди. — Шунчалик ўлгинг келяптими? Гап йўқ. Ҳозир бир-икки бор тирноқларинг орасига манави нина кириб чиқса, ўласан-қоласан.

— Кўрамиз ким ўлишини ҳали, — деди Мирсоли хўрсиниб. — Маразлар! Ифлослар! Текинтомоқлар!

Мирсоли ҳақоратли сўзларни атайин тилга кўчирганди. Шундай қилса, барзангилар асабийлаша бошлашади, ҳеч қурса қўлини кишандан озод этишса, барчаларини боплаб дўппослашдан ҳамон умидвор эди. Аммо барзангилар қўлларини бўшатишга сира шошилишмади. Бунинг ўрнига кишаннинг бир тарафини узун темир трубага бойлашди.

— Қани, нинани буёққа берларинг, — тўппончали барзанги шерикларининг биридан куйдириб зарарсизлантирилган нинани олди-да, тўппончани киссасига жойлади.

— Энди қуролга ҳожат бўлмайди, — деди у совуққон тиржайиш қилиб. — Барибир қочиб кета олмайсан, биз хоҳлаганча сени калтаклашимиз, азоблашимиз мумкин. Сен бўлсанг, чидашдан бўлак чора тополмай ҳалак бўласан! Қани, кўрсаткич бармоқчангни бер-чи!..

Мирсоли ўзини олдинда нималар кутаётганини тахминан тасаввур эта бошлади. Қийноқнинг бундай усулини ҳатто киноларда ҳам кўрмаган. Қолаверса, одам танасида тирноқ орасидан нозикроқ, сезувчанроқ аъзо йўқ. Наҳотки, шу қийноқ дастидан ўлиб кетса? Наҳотки, бу гал ҳам тишни тишга қўя олмаса ва қаёқдаги безори, зўравонларга ён берса?..

Ҳа, у янглишмаётганди. Тирноқ орасига кирган нина азоби заҳар азобидан-да минг чандон кучлироқ бўларкан. Мирсолининг бармоғидан қон сиза бошлаганда, юраги ҳаприқди, оғриқ миясига урилиб, аъзойи баданида жуда ўткир, ёқимсиз оғриқ туйди. Иккинчи, учинчи, тўртинчи тирноғига юборилган нина заҳри тишларини ғижирлашга мажбур этди, икки кўзидан ёш оқиб, томоғига қадар ҳўл қилди. Аммо Мирсоли миқ этмади. Ўзини тутишга, бардош қилишга, ёв қаршисида мардона туришга тиришаверди. Афсуски, бу ҳолат узоқ чўзилмади. Кўп қон йўқотдими, аввалига боши айланди. Сўнгра аста-секин ҳушдан кетиб бораётганини ҳис этди. Бир муддат ёруғ дунё хиралашган кўзларига кўринди-ю, дарҳол зулматга эврилди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...