СНАЙПЕР… (13-қисм)

0

 

 

* * *

 

Зулмат қаърида фақат капалаксимон жониворлар парвоз қилар, аллақандай беўхшов товушлар қулоқни қоматга келтирарди. Мирсоли эса негадир тик оёқда эмасди. У узала тушган ҳолда ётарди-ю, жуссаси ҳавода муаллақ кезарди. Шунчаки кезмасди, танасига урилаётган кучли шамол жуссасини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга олиб қочар, аммо руҳан тетик ва хотиржам эди. Ҳиссиз нигоҳларини капалаклар-у, зулматга тикканча қисмат ҳалинчагида учарди.

Шу тобда капалаклар тўсатдан ғойиб бўлишди. Олам бўшаб қолгандек, теваракдан таралаётган товушлар тингандек туйилди. Мирсолининг хотиржамликка ён берган қалби яна безовталик домига тушди ва узала тушган кўйи икки ёнга аланглай бошлади. Аланглади-ю, тош қотди. Не кўз билан кўрсинки, шундоқ қаршисида раҳматли онаси Орзи хола, орқароқда эса Настя хола туришарди. Икковларининг ҳам кўзлари жиққа ёшга тўлган, силкиниб-силкиниб йиғлашар, нигоҳлари Мирсолига қадалганди.

— Энажонларим, — ётган ерида аранг сўз қота олди Мирсоли. — Бу ерда нима қиляпсизлар? Нега йиғладингиз? Ким сизларни ранжитди?

— Сен ранжитдинг бизни, — дея жавоб қилди Орзи хола. — Бизнинг кўнглимиз энди-энди тинчиганди. Боламиз тинч, бойиб қолди, энди ҳеч ким билан муштлашмайди, ғўрлик қилмайди деб ўйлагандик. Бу нимаси тағин? Нега ёмонлар билан тенглашдинг? Нега биз томонларга йўл солдинг?

— Энажонларим, — деди Мирсоли кулимсираб. — Ўзим ҳам билмайман нега келганимни. Қаранглар, ўрнимдан тура олмаяпман. Учиб келдим олдингизга! Илтимос, мени бағрингизга олинг! Соғинганман сизларни!

— Бекорларни айтибсан, — энди Настя хола сўз қотди. — Биз сени бағримизга боса олмаймиз. Кетишинг керак! Ўрнингдан тур, жуссангни ростла!

— Тура олмаяпман, — хириллаб ҳали у ён, ҳали бу ёнга ағанашга тутинди Мирсоли. — Кучим етмаяпти!

— Етади! Тур! Кўзларингни оч-у, кет! Кет! Кет!..

Икки онанинг ҳайқириқлари қаерлардадир олисда қайта-қайта акс садо берди. Худди шу акс садо Мирсолини тўлғонишга, чираниб бўлса-да, ўрнидан қўзғалишга мажбур этди. Қўзғалган заҳоти кўзлари очилиб, зулмат ортга чекинди. Мирсоли кўзлари очилгандаёқ тепасида ўша… Наздида сотқин дея ҳисоблаган подполковникни кўрди.

— Ҳа, қаҳрамон, — деди подполковник энгашган кўйи Мирсолининг кўзларига тикилиб. — Уддаладинг синовларни, уддаладинг! Энди сенга махсус топшириқларни қўрқмасдан топшираверсам бўлади.

— Қ-қанақа синов? Қанақа топшириқ? — сўради Мирсоли нафратини нигоҳларига тўккан ҳолда. — Ўзингни ким деб ўйладинг, подполковник?

— Вей, оғзингга қараб гапир, — дея даст ўрнидан туриб кетди подполковник. — Мени «сен»лашга ким рухсат берди? Сен келгиндига яхшилик қилай десам, шуми жавобинг?

— Менга яхшилигинг керакмас! Ўша яхшилигингни бир жойингга тиқиб ол, тушундингми!?.

— Ҳали шунақами? Хўп, тушундим. Ҳозироқ сени турмага олиб боришади. Ўша ерда ўтирсанг, сабоқ оласан. Олишга улгурсанг, албатта. Айни пайти. Сени кутиб тиш қайраб ўтиришибди ўғрилар. Боплаб таъзирингни беришганда, тушунволасан.

— Мен турмага тушадиган бўлсам, сениям тортиб кетаман, — деди Мирсоли базўр ўрнидан қўзғалиб, қонга беланган қўлларини подполковникнинг юзларига яқин олиб бориб. — Мана буниям айтаман. Пул олганингниям қўшиб қўяман. Мендаям далиллар тиқилиб ётибди.

— Вей, секин, — подполковник кафти билан Мирсолининг оғзини ёпаркан, ёнидагиларга «нари бор» ишорасини қилди. — Ҳаддингдан ошма энди! Мен… Шунчаки… Пўписа қилдим, холос, йигит! Қанақа турма? Жиннимисан? Сени бошқа бир зўравонникига ишга йўлламоқчийдим. Йўллашдан олдин синаб кўрмоқчи бўлдим-да! Ахир, сенинг турли вазиятларда синиб қолмаслигингга амин бўлишим керак эди! Шунга хафа бўлдингми? Сенга ёмонликни раво кўрмайман, ахир!..

— Ёмонликни раво кўрмасанг, мени тинч қўясан, — деди Мирсоли ҳануз «сен»лаб. — Ўзим билган иш билан шуғулланаман. Ҳа, кейин анави маразларнинг манзилини берасан. Улар билан биттага-битта гаплашиб олмоқчиман.

— Аҳмоқ бўлма, — деди подполковник шивирлаб. — Уларни бошингга урасанми? Ҳаммаси казо-казоларнинг боласи. Жувонмарг бўлиб кетасан бекорга!

— Бермайсанми? Айт, бермайсанми?

— Яхши, берганим бўлсин, — подполковник киссасидан бир парча қоғоз чиқарди-да, эринмай барзангиларнинг манзилларини ёзди ва Мирсолига тутқазди. — Фақат мени қўшма орага! Мен сени танимайман, сен мени. Нима қилсанг ўзинг биласан. Гаплашасанми, муштлашасанми, бу сенинг ишинг.

— Бу ҳали ҳаммаси эмас, — деди Мирсоли оғриқ кучлилигидан иҳлай-иҳлай. — Мени яхши бир касалхонага ётқизасан, соқчи қўясан, тузалволишим керак. Қўрқма, врачларга бу ишларни айтиб ўтирмайман. Унақаларданмасман.

— Хўп, ука, кўндирдинг! Ҳозироқ касалхонага ётасан. Ҳамма харажатлари менинг бўйнимга.

— Албатта сенинг бўйнингга, — дея заҳархандали кулиб қўйди Мирсоли. — Мендан чакана пул олганинг йўқ. Камбағаллашиб қолмайсан. Қани, кетдик унда! Оғриққа чидаб бўлмаяпти.

— Бўпти, ука, қани, аста туриб оламиз! Жуда яхши! Ҳой, Ваня, машина эшигини очиб тур! Бу укамизни касалхонага олиб бораман ҳозир. Сизлар ўзингиз бораверинг! Эртага гаплашамиз!

 

* * *

 

Орадан икки ҳафта ўтди. Мирсоли жароҳатлардан деярли халос бўлди. Анча тинчланди, фикрлашга улгурди. Аммо интиқом оташи қалбини ҳануз куйдирар, жонини оғритганлардан албатта ўч олишга аҳд қилганди. Умуман, унинг феъл-атворида ҳам ўзгаришлар кўзга ташланарди. Мирсоли илгаригидан-да совуққон, шафқатсиз, жаҳлдор йигитга айланиб қолгандек эди. Худди шу ҳолатда у биринчи барзангининг уйини топиб борди. Барзанги шаҳардан четроқда ҳашаматли ҳовлида яшаркан. Атрофни обдон кузатиб олгач, яқин орада ҳеч бир хавф йўқлилига амин бўлди ва ҳовлига олиб кирувчи дарвоза эшигини очиб остона ҳатлади.

Подполковник алдамабди. Худди ўша, масхараомуз тиржайиши Мирсолининг кўнглига тиғдек ботган барзанги келишган, малласоч қиз билан ҳовлида чақчақлашиб ўтирарди. Мирсолини кўрди-ю, дарров ранги ўзгарди. Қизга кўз қисиб қўйиб оҳиста ўрнидан турди.

«Шу мараз менинг тирноқларим орасига нина санчганди, — ўйлади Мирсоли барзангига ер остидан синчков тикилиб. — Тўппончаниям бошимга шу тираб турганди. Бундан ташқари, тепкилашни худди шу мараз бошлаб берувди. Мана, яккама-якка учрашиш насиб этди. Қани, бу гал қанақанги ҳунар кўрсатаркан. Кўрамиз!.. Айтганча, анави малласоч қизнинг кўзлари Заринаникига ўхшаб кетаркан. Қуйиб қўйгандек ўхшаркан. Наҳотки, шундай ажойиб қиз манави ифлоснинг қўйнига кирса? Йўқ, бу адолатданмас. Бу қиз Заринамни эслатиб юборди. Жудаям эслатиб юборди. Яхши бўлди учратганим…»

— Кутмаганмидинг? — Мирсоли барзангига яқин келди-да, малласоч қизга ўтли қараш қилиб сўради. — Мана, мен келдим. Тирноқларим ўрмондаги кайфни қўмсаяпти. Хумор қиляпти. Шунинг учун ўзим сени топиб келдим, оғайни! Нинанг тайёр бўлса керак-а? Айтганча, манави қиз менинг ўлиб кетган севгилимга ўхшаркан. Илтимос, менга бер шу қизни! У меники бўлсин! Сен бошқасини топиб олаверасан! Нима дединг?

— Ҳаддингдан ошма, йигит, — дея беихтиёр ҳимояланишга ўтиш илинжида қўлларини олдинга чўзди барзанги. — Гапинг бўлса ўзим билан гаплаш! Бу қизга тегмайсан!

— Тегсам-чи? — Мирсоли аста қизга яқин борди-да, бир қўлини унинг елкасига қўйиб сўз қотди:

— Нега бақрайиб қолдинг? Нинангни олмайсанми? Бўл тез!

Барзанги нафратга йўғрилган нигоҳларини Мирсолига тикканча яқин келди ва уришга чоғланди. Аммо улгурмади. Мирсоли қизни қучган кўйи барзангини чаккаси аралаш тепди. У йиқилгач, тиззасини белига тиради.

— Ҳозир сенга нинанг ҳам ёрдам бера олмайди, — деди қўрқувдан дағ-дағ титраётган қизга кўз қисиб. — Чунки мен билан яккама-якка қолдинг. Ҳақиқий эркаклар яккама-якка, ҳеч қандай нинасиз, қўлларини ишга солиб муштлашиши керак. Сен-чи? Анави ҳамтовоқларинг билан бирга мени роса қийнадинг. Мана шуни бекор қилдинг. Мен бу тахлит номардликларни сира кечирмайман! Вей, жим ўтир! Ўтир дедим!

Мирсоли пиқиллаб йиғлаётган қизга ўшқириб, уни курсига ўтқазди. Сўнгра барзангининг энг оғриқ нуқталарига зарбалар йўллади. Кейин эса кўнгли пича хотиржам тортиб ўрнидан қўзғалди.

— Сен мен билан бирга кетасан, — у яна қиз томонга қайтиб билагини маҳкам қисди. — Миқ этсанг, анави акахонингга ўхшаб калтак ейсан. Тушундингми? Нега индамайсан? Тушундингми дедим?

Қиз йиғлашдан тийила олмай бош ирғаб Мирсолининг саволига жавоб йўллаган бўлди.

— Бу бошқа гап, — деди Мирсоли ташқарига қизни етакларкан. — Ҳозир акахонингнинг бошқа жўралариниям излаб топамиз. Айтганча, машина калитини ол! Бўл тез!

Қиз пилдираганча бориб стол устидаги калитни олди-да, Мирсолига тутқазди.

— Жуда ақлли қиз экансан-у, бу мараз билан нега бирга ўтирибсан? — деди Мирсоли беҳуш думалаб ётган барзангига ишора қилиб. — Сен меники бўлишинг керак! Чунки Заринам раҳматлига ўхшаркансан. Юр, кетдик!..

 

* * *

 

Шу куни кечга қадар Мирсоли қолган барзангиларни ҳам топиб ўчини олди. Қизни эса сира қўйиб юборгиси келмасди. Қайсар қалби «Заринанг тирилиб келди. Уни энди қўлдан чиқарма!», дея унсиз фарёд чекаверди. У қалбига қарши бора олмади. Шом маҳали қизни Настя холанинг квартирасига бошлаб борди. Уни ётоқхонага киргазиб, ўзи балконга чиқди. Мирсоли буёғига қандай йўл тутишни билмас, шу ҳақда ўйладим дегунча, гўё мияси ишлашдан тўхтаган каби карахтланиб қолаверди. Ажабланарлиси, шундай келишган қизни квартирага олиб келган бўлса-да, унинг ёнига чўзилиш, эркалаш, тотли бўсалар олиш хаёлига ҳам келмасди. Қизга худди Заринага қарагандек соф кўнгил билан боқарди. Мирсоли шу қиз ўзини севиб қолишига, Заринанинг муҳаббатини ҳадя этишига ишонарди.

Вақт хуфтонга яқинлашганда, Мирсоли балкондаги шкафни очиб, қуролини кўздан кечирди. Жойида экан. Қуролни қўлига олди-да, кўча тарафга қаратиб нималарнидир мўлжалга олди. Қилаётган ишидан ўзи ҳам мамнун бўлиб мийиғида жилмайди.

— Маша меники бўлади, — деди овоз чиқариб қуролни жойига қўйиш асносида. — Уни Машамас, Зарина деб чақираман. Бор бўйини зар-бриллиантга кўмиб ташлайман. Менга биринчи муҳаббатимни қайтариб берса бас!..

Шу тобда ташқарига — айни Настя холанинг балкони рўпарасига ярқираган «Мерседес» келиб тўхтади-ю, эшиги очилиб, подполковник пастга тушди. Мирсоли уни дарров таниганди. Аммо беркинишга шошилмади. Подполковникдан қўрқмаслигига, у ҳеч нарса қила олмаслигига ишонди.

— Крутой, буёққа бир чиқиб кетмайсанми? — пастдан туриб қичқирди подполковник. — Жуда зарил иш чиқиб қолди!

— Ҳечам-да, — деди Мирсоли турган еридан қимирламай. — Сен билан гаплашадиган гапим қолмади. Тошингни тер, подполковник!

— Бекор қиласан! Ҳозир бир қўнғироқ қилсам, сени диконглатиб олиб чиқишади! Обрўйинг борида ўзинг чиқ! Ўлай агар, сенга ёмонлик қилмайман!

— Шу ердан гапиравер! — бўш келмади Мирсоли ҳам. — Билиб қўй, ментларингдан қўрқадиган аҳмоқ йўқ! Керак бўлса-чи, сенга сабоқ бериб қўяман!

— Ҳаддингни бил, мерган, — дея қичқирди подполковник. — Биламан, ёлғиз эмассан! Қўйвор қиз бечорани! Отаси менинг ҳамкасбим. Ёш жонингга жабр қилма, бола!

Мирсоли шундагина подполковник нима учун келганини англади. Подполковникнинг сўнгги гапини эшитиб, миясига тезкор фикр келганидан янада енгил тортиб бақирди:

— Ҳа-а, энди билдим сен ментларни! Қизнинг ҳаёти қиммат кўриндими? Мен бир пешкаман-да-а? Ўлдириб кетишсаям, бир тукинг қилт этмайди. Қиз азиз бўлибди-да биздан!

— Сен аҳмоқмисан? Қиз бировнинг боласи, ахир! Яна бир жиноятга қўл урдинг-ку, анқов! Қўйвор Машани! Акс ҳолда отасига сим қоқишга мажбур бўламан.

— Қўнғироқ қила олмаслигингни яхши биламан! — деди Мирсоли масхараомуз кулиб. — Сендай қуёнюраклар бу ишни қила олмайди. Фақат югурдакларига арз қилишни билишади! Овора бўласан! Қиз энди меники! Уни никоҳимга оламан! Севиб қолдим уни!

Подполковник дўқ-пўписадан иш чиқмаслигига кўзи етдими, сал паст тушди.

— Майли, никоҳингга олсанг, бу сенинг ишинг, — деди балконга яқин келиб. — Ҳозир мен умуман бошқа иш билан келганман. Гина-кудуратни бир томонга йиғиштириб қўй-да, гапимга қулоқ сол! Кейин… «Сен»ламасанг, ёмон бўлмасди. Ҳар ҳолда ота-онанг катталарни ҳурмат қилишга ўргатишгандир. Яхшимас бу! Ука, эшигингни оч, мен ичкарига кирай, гаплашиб олайлик! Ёш бола эмассан-ку!

Мирсоли ҳам бу муомаладан сўнг сал шашти пасайган каби эшикни очиш учун йўлакка чиқди. Подполковник ичкарига кираркан, эҳтиёт шарт Мирсолининг қўлига қаради. Қуроли йўқлигига амин бўлгач, хотиржам балконга йўл олди.

— Биласанми, — деди подполковник Мирсоли келтирган курсига ўтириб. — Сени ўзимизга агент қилиб тайинламоқчи эдик. Қайсарлик қилдинг. Анави барзангилар… Айтганча, бекор ўч олибсан улардан. Ҳаммаси офицерлар, казо-казоларнинг фарзандлари. Улардан мен илтимос қилувдим сени синовдан ўтказишларини. Чакки бўлибди…

— Мен сизга ўшандаёқ айтдим, — деди Мирсоли балкон деразасига суянганча иягига қўл тираб. — Бировларга югурдак бўлишни йиғиштирдим. Икки дунёда мени мажбурлай олмайсиз.

— Тўғри, буни ўзим ҳам тушуниб етдим. Аммо, сенам тушун, шаҳарда бир мараз бор Марат Смешнов деган. Лақаби «Смех». Орқаваротдан менга қарши ғалати ишлар қилиб юрибди экан. Агар унинг думни тугмасам, иш расво бўлади. У ифлоснинг қўлидан ҳамма иш келади. Шу ишни сенга ишониб топширсамми дейман. Ё ёрдам бермайсанми қиёматли акангга? Айтавер, агар ёрдам беришни хоҳламасанг, тек кетавераман қайтиб. Зорим бор, зўрим йўқ. Нима дейсан?

Мирсоли зал томонга қараб, қиздан хабар олган бўлди-да, жавоб беришга тутинди.

— Мен «твар»масман, ока, — деди бошини чангаллаб. — Зўр ё мараз бўлса нима қипти? Зўрдан зўр чиқади деб бекорга айтишмаган. Бугунги кун меники, фақат меники! Унақалардан қўрқсам, бу шаҳарга келиб ўтирмасдим. Лекин ҳозир ёрдам бера олмайман. Мен ҳам шахсий бизнесимни очмоқчиман. Очаман-у, ишларни юргизгач, ўша «Смех» билан шуғулланишим мумкин. Башарти шошаётган бўлсангиз, бошқасини ёллашингиз мумкин.

— Йўқ, шошмаяпман, — дея ўрнидан туриб кетди подполковник. — Бу ишни сендан бошқасига ишонмайман. Гап йўқ, кутаман. Ўйлайманки, узоқ кутдирмайсан. Дарвоқе, қанақа бизнес очмоқчисан? Балки менинг ёрдамим керак бўлар? Айтавер, сен учун қўлдан келган ёрдамни аямайман.

— Интернет клуб очсамми девдим. Аммо…

— Тушундим, — подполковник овозини ҳийла пасайтириб сўз қотди. — Аммо деганингдаёқ ҳаммасини тушундим. Интернет клуб бу номигагина бўлади. Аслида бирор тақиқланган буюм савдосини йўлга қўймоқчисан, топдимми?

— Мабодо шундай бўлса-чи? — айёрона тиржайди Мирсоли. — Қаршимисиз?

— Бу жуда қалтис иш, — деди подполковник. — Тақиқланган буюм сотиш жуда хавфли. Юқорида тиргагинг бўлмаса, сени бир кундаёқ синдиришади.

— Сиз-чи? Тиргак бўлмайсизми?

— Эвазига нима оламан?

— Нима бўларди? Анави «Смех»ингизни шаштидан тушираман. Камми?

— У алоҳида масала. Тиргак бўлишим учун сен билан баравар улушда бўлишим керак. Йўқса, сира иложи йўқ. Тушун, мениям текширадиганлар, талаб қиладиганлар бор. Уларнинг оғзи наҳанг балиқникидай катта. Улушнинг тенг ярми ўшаларга кетади.

— Демак, элликка эллик демоқчисиз? Топдимми?

— Ҳа, гапнинг дангали шу. Нимагаки, сен бошлайдиган иш ҳақиқатан қалтис. Яхшилаб танангга кенгаш.

— Розиман, — деди Мирсоли кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Сиз тиргаклик қилсангиз бас. Қолганини ўзимга қўйиб бераверинг! Боплайман.

— Шу шаҳарда очасанми ишни?

— Албатта. Бўлмаса қаерда? Шу шаҳардан жой топаман.

— Жойниям ўзим топиб бераман. Бир танишим айтувди куни кеча. Жуда яхши, кўздан пана ер. Сенгаям маъқул келади. Фақат сен ўша атрофда изғиб юрадиганларни йўқ қилишинг керак бўлади. Ўша «Смех»нинг югурдаклариям худди ўша теваракда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланади. Неча марта қўлга олишган, фойдаси йўқ. Зўр адвокат ё таниш топади-да, югурдакларни қутқариб олади. Сен жуда эҳтиёт бўлишинг керак, ука! Ҳазилакам иш бошламаяпсан.

— Хавотир олманг, командани саралаб тузаман. Айтганча, бирор спортчи, оғзига маҳкам, иш қидириб юрган танишингиз йўқми?

— Бор, жуда зўри бор, — деди подполковник. — Женя деган йигит. «Большой»нинг қўлида ишлади-ю, негадир келиша олмасдан кетиб қолган экан. Тунов куни кўриб қолувдим. Иш қидираётганини айтди. Жуда бақувват, жиддий ва сергак йигит. Сен тил топишиб кетасан. Соққасини вақтида бериб турсанг, жон деб хизматингни қилади

— Ў, унда ўша Женя билан учраштиринг. Гаплашиб кўрай. Зора тил топишсам.

— Эртага уйингга келади. Бемалол очиқчасига гаплашавер. Женя ўзимизнинг одам.

— Хўп бўлади, боплаймиз.

— Элликка эллик иш қилишга келишдик-а унда?

— Келишдик.

— Бўпти, унда мен борай. Сенга маслаҳатим, қизни қўйиб юбор. Отаси жа баджаҳл одам. Жуда кўнглинг бўлмаса, гаплаш, учрашиб тур тез-тез. Аммо куч билан ушлаб туришингга қаршиман. Ҳарқалай сен бегона эмассан.

— Тушундим. Хотирингиз жам бўлсин!

— Унда эртага Женя билан гаплаш. Индинга янги жойни кўришга борамиз. Ёқса дарҳол номингга расмийлаштирамиз. Буёғидан хавотир олма.

Подполковник чиқиб кетгач, Мирсоли шоша-пиша Маша ўтирган хонага кирди.

Қизни шу лаҳзадаёқ уйига кузатиб қўйишни кўнглига тукканди.

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча интернет клуб сотиб олинди. Подполковник барча расмиятчиликларни зиммасига олди. Мирсоли эса Женя билан учрашиб гаплашгач, терисига сиғмас даражада мамнун бўлганди. Женя ўзидан сал каттароқ бўлса-да, одамохун йигит экан. Маош масаласида келишиб олишгач, икки кун ичида беш йигитни топди. Мирсоли уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида текшириб кўрди. Подполковник ҳам қараб турмади. Ўз касби доирасида йигитларнинг ҳар бирини элакдан ўтказди. Сотқинлик, қўрқоқлик, адолатсизликка бегона эканликларига амин бўлгандан сўнг Мирсолига рухсат берди. Йигитлар белни маҳкам бойлаб ишга киришишди.

Бино ичкарисида фақат кундузларигина интернет клуб фаолият юритарди. Кечқурун эса дискотека, шунинг панасида тақиқланган буюмлар савдоси бўлиб ўтарди…

Афсуски, Мирсолининг мусофирлиги бир ҳафтада сезилиб қолди. Олдинига уч барзанги кундузи келиб «Смех»нинг номидан гапирди. Мирсоли уларга тегишли «точка»ларни эгаллаганидан «Смех» норози эканини маълум қилди. Қуруқ гапдан иш чиқмагач, олтинчи куни кечқурун «Смех»нинг ўзи иккита машина тўла шотирларини эргаштирган кўйи клубга кириб келди.

У баланд бўйли, кенг елкали, нигоҳлари жуда совуққон эркак эди. Атрофини ўраб турган шотирларига қуролларни беркитишни буюриб, атайин теваракка аланглаб гўё кимнидир қидира бошлади.

— Ҳой, болакай, — деди «Смех» Мирсолига менсимас назар ташлаб. — Қани бу кулбанинг эгаси? Бор, чақир буёққа!

Мирсоли «Смех» ўзини очиқчасига ерга ура бошлаганидан ранжиб, елка қисди.

— Бу кулбанинг эгаси бино орқасидаги истироҳат боғида турибди, — деди Мирсоли. — Аммо у узоқ кутдирганларни сира хушламайди. Тезроқ чиқа қолинг, амаки!

— Шунақами? — «Смех» шотирларига қараб заҳархандали тиржайиш қилди-да, Мирсолини бошдан оёқ кузатган бўлди. — Унда ўша хўжайинингга айт, агар истироҳат боғига чиқсам, бўйнини сндириб қўйишим мумкин. Шунинг учун яхшиликча клубга кира қолсин! Бор дедим! Нега қаққайиб турибсан?

Мирсолининг сабр косаси тўлди. Бу тахлит муносабатга ўрганмагани сабабми, беихтиёр муштлари тугилди. Қўйиб беришса, худди шу ерда, клуб тўла одамлар қаршисида «Смех»ни боплаб калтаклагиси келди. Бироқ мижозлар олдида шовқин кўтариш ножоизлиги ёдига тушиб аранг ўзини босди.

— Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? — ниҳоят ичидагиларни тилига кўчирди Мирсоли. — Бу кулбанинг эгаси менман. Нима ишинг бориди? Тинчликми? Нега бу ерга бостириб кирасан? Ким сенга ҳуқуқ берди? Катта холангнинг ҳовлисимиди бу жой? Агар эркак бўлсанг, мижозлар олдида тўполон уюштириб ўтирмайлик-да, боғга ўтайлик! Ўша ерда ким кимнинг бўйнини синдириши маълум бўлади.

— Сен мараз, нега менинг точкаларимга эга чиқдинг? — «Смех» аста Мирсолига яқин келди-да, қулоғига шивирлади. — Қайси очиқ мозордан келдинг ўзи? Қўрқмайсанми?

— Кимдан? Сенданми? — унинг кўзларига тик боқиб сўради Мирсоли. — Қўрқавериб пишиб кетганман. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, мен фақат худодан қўрқаман.

— Сен билан гап талашиб ўтиришга тобим йўқ, — деди «Смех» бир қадам ортга тисланиб. — Яхшиликчасига «точка»ларни бўшатиб қўй. Акс ҳолда ўзингга ёмон бўлади. Крутойлигинггаям қараб ўтирмайман.

— Нима қиласан? Ўлдирасанми? Қандай қилиб? Қара, менинг шотирларим ғазаблана бошлашди. Қон тўкилишини хоҳлаяпсанми дейман?

— Йў-ўқ, — деди «Смех» янада жиддий тортиб. — Мен сенга ўхшаб келгинди эмасман. Қаерда, қачон қон тўкишни ўзим яхши биламан.

— Унда нима қилиб турибсан менинг клубимда? Бор, тошингни тер! Билиб қўй, жаҳлим чиқса, ёшинг катталигигаям қараб ўтирмайман.

— Шунақами? — «Смех» дарғазабликни қайира олмай шотирларга имо қилди. Улар дарҳол қўлларига тўппончалар олиб Мирсоли ва шотирларига ўқталишди. Шубҳасиз, Мирсолининг шотирлари ҳам худди шу ҳаракатни содир этишди.

— Кўрдингми? — давом этди «Смех» керилиб. — Менинг йигитларим буйруқни сўзсиз тушунишади. Хўш, бўшатиб қўясанми «точка»ларимни?

— Сен яхшиси ҳов анави тарафга, кейин буёққа, ундан кейин орқангга, ўнгинг, чапингга боқ!

«Смех» дарҳол тўрт тарафга кўз югуртирди. Мирсоли кўрсатган жойларда мерган йигитлар винтовкалардан чақирилмаган меҳмонларни мўлжалга олиб туришарди.

— Ҳм-м, чаккимассан, — деди «Смех» бўш келмай. Шу орада шотирларга қуролларни яширишни буюрди. — Майли, бу гал сен ютдинг, тирранча. Лекин бу билан «Смех»ни синдирдим деб ўйлама. Индинга шундай «сюрприз» кўрсатаманки, ўзинг туриб балли дейсан. Кўришгунча!..

Мирсоли шу тобда бундай қўрқитишларга эътибор қилмасди. У шаҳардаги манаман деган зўравонни ҳайдаб сола билганидан мамнун эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...