«40 ёшда тан олдим – заифа эканман»

0

Аёлнинг заифа эканини 40 ёшимгача тан олгим келмади.

Заиф, заифа дейилганида қўлидан бир иш келмайдиган, ожиз-нотавон, кучсиз, на оилани, на бир ишни эплолмайдиган кимсалар кўз олдимга келарди. Чунки ҳаётнинг «аччиқ-аччиқ туҳфа»ларини заифа бўлмасдан енгдим-ку, деган қараш туфайли мен бу «заифалик» мақоми нақадар улуғ эканини англай олмагандим.

Зиммамга ортиқча юкни, тоқатимдан ортиғини ортмоқлаб олган нодон эканманки, Аллоҳ фазлидан фазилат берган кунларини ўз кучим, ақлим, идроким деяверибман, ортиғи билан ортмоқлаб юраверибман.

Энди эса елкамда чумоли юрса кўтаролмас вақтга келиб, ўша буюк ҳақиқатни – Аллоҳ аёлни заифа яратиб, унга дунё неъматларидан энг улуғи, яъни оналик бахтини берганини англадим. Афсуски, ўтиб кетган муборак заифалик умримни қайтаришнинг ҳеч имкони йўқ. Бу ҳақиқатни англаган кунимдан бошлаб, заифалик роҳатини тота бошладим.

У шундай ҳис, шундай туйғу, шундай азизлик ва мукарамликки, ислом дини аёлга берган неъматларини санаб тугатолмайсиз экан!..

Ора-сира кимларнингдир ҳикоясини эшитиб қоламиз:

– Эрининг топиш-тутиши яхши экан-у, аёли ҳам ишлайман, деб туриб олибди. Эрталаб соат саккиздан ишга отланиб, шомгача аралаш ишхонада юриши, болаларнинг қаровсизлиги боис эр-хотин орасидан ола мушук ўтибди.

Мана бу нодонлик..

– Ўзи иккинчи аёл бўлса, эри уй олиб ўтқазиб қўйибди. Ҳар ой рўзғор таъминотидан ташқари нафақасини бераркан. Қўли юк кўтариб бозор-ўчар қилмаса, болаларини мактаб, боғчасигача машинада оборса… Тўқликнинг шўхлиги тутиб, эридан ўзига алоҳида машина олиб беришини талаб қилибди. Эрининг насиҳатлари кор қилмай, икки шартнинг бирини танлабди: «Ё мен, ёки машина..» Яқинда кўрдим, талоғидан кейин ёнига бир ярим яшар боласини ўтқазиб олиб, кира қилаётган экан…

Мана буниси аҳмоқлик!..

Учинчи ҳикоя эса янада ажойиброқ.

Бир одам яхши эр, яхши ота, муносиб ва тақволи инсон экан. Шариат аҳкомлари ила яна уйланиш нияти борлигини аёлига билдирибди. Эринг бу «машъум» ниятидан қайтариш учун аёл ўзини ҳатто ўлим ёқасигача олиб борганмиш… Каммас, кўпмас беш  боланинг онаси, эрини ниятидан қайтариш учун қилмагани қолмабди. Аслан аёлнинг ўзи ҳам эрига иккинчи бўлиб, бу ҳақиқатни тиш-тирноғи билан рад этиш баробарида унинг яхши ҳаётига ўхшаш яна бир шаръий оила барпо бўлишини инкор этибди.

Буниси эса итоатсизлик…

Бу кичкинагина битикда ҳозир яшаб турган давримизнинг қаҳрамон «заифалари» тилга олинди. Тўқма эмас.

Биз нимага буюрилганмиз-у, нималарни қиляпмиз.

Азизим аёл!..

Хунук бўлишингиз ҳам бахт, танангизда ниманингдир кемтик бўлиши ҳам неъмат. Бўйингиз пастдир, ё баланд. Озғиндирсиз, ё сарвиқомат. Тўладирсиз, ё кемтик. Маълумотингиз олийдир, ё оддий. Бойнинг қизидирсиз, ё камтарнинг.

Англанг – булар Сизнинг аслингиз!

Бу жиҳатлар сизга Раббингиз берган неъмат, иззатдир..!

Аммо ҳаргиз заифа эканингизни унутманг! Ҳаддингизни ўз ҳудудидан баланд бўйлатманг. Ўз «мен»ингизни эрингизни «мени»га қориштириб ташланг.

Сизнинг «мен»ингиз йўқ.

Сабаби, орзуларингизнинг энг улуғи жаннат бўлса, унда «мен»лар бўлмайди.

Эшитдик ва итоат эдик, тамом.

Гўзал орзулар, ҳаваслар, ниятлар, ҳатто романтика, эркалик, сайру саёҳат, либосланиш, севги-муҳаббатнинг ҳаммаси исломда ортиғи билан бор, берилган! Унда қандай яшаш ихтиёри Сиздагина қолди.

Агар унинг чегарасидан нафс истаги ила чиқилса, ўзингиз учун роҳат деб ўйлаганингиз аслида зулматдир, залолатдир, дўзахдир.

Заифа биродарларим!

Тақдири азалимиз битилган, аммо кафтимизда улкан сўров-дуо бор.

Аллоҳ берган шундай заифаликдан қандай қувонмай бўлади?

Бошингизда мушкулингиз бор-а?

Аллоҳдан сўранг!

Бир гуноҳнинг бошида турибсизми?

Истиғфор айтинг!

Қай бир қарор, дунё ва динингиз учун ўйдамисиз?

Истиҳора ўқинг!

Хўш, биродарларим исломдан жавоб топмаган саволингиз борми?

Йўқ, албатта, ислом ягона ва ҳақ диндир.

Муҳтарамалар! Агар англаган бўлсангиз, Сизларга ҳам шарафли Заифалик муборак бўлсин, дейман. Шу ном ила азиз ва ардоқлисиз!

Мадина Мўминова

loading...