Дипломатик дресс-код: Президент рафиқалари амал қилиши керак бўлган зарурий қоидалар (фото)

0

Турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари қандай либос кийишлари, ўзларини қабуллар ва ташрифлар вақтида қандай тутишлари маълум қолипларга солинган тарзда белгиланади. Президентларнинг рафиқалари ҳам ушбу қоидаларга амал қилишлари жуда муҳим, зотан уларнинг ташқи кўринишлари мамлакат имиджининг бир қисми ҳисобланади. Хўш, бугунги кунда мамлакатларнинг биринчи хоними саналмиш таниқли аёллар кийиниш борасида қандай қоидаларга амал қилишади?

Либослар ранги

Давлат раҳбарининг рафиқалари томонидан танланган либослар ўта ёрқин рангда бўлмаслиги керак. Диққат билан қарасангиз, уларнинг аксарият қисми сокин рангдаги либосларга мойиллик билдиришларининг гувоҳи бўласиз. Ўта ёрқин рангли ва тушунарсиз безакларга эга либослар  биринчи хонимлар кўринишига путур етказиб қўйиши мумкин.

Босоножка кийиш таъқиқланади!

Мамлакатларнинг биринчи хонимлари орасида расмий тадбирларга туфли эмас, босоножка кийиб бориш ҳолати деярли учрамайди. Улар ўта иссиқ ва ҳаттоки жазирама ҳаво шароитларида ҳам очиқ кўринишдаги поябзал кийишлари мумкин эмас.

Аргентина президентининг рафиқаси Хулиана Авада ушбу қоидани бир неча бор бузгани учун дизайнерлар томонидан кескин танқид қилинган эди. Унинг иссиқ кунларда туфли эмас, босоножка кийишига дипломатик дресс-код қоидаларини бузиш дея таъриф берилган.

Заргарлик буюмлари ҳақида унутамиз!

Мамлакатнинг биринчи хоними бўлмиш аёллар орасида ёзилмаган қоида мавжуд: улар ҳеч қачон омма қаршисида қимматбаҳо тақинчоқлар тақиб олган ҳолатда намоён бўлишмайди. Аксарият мамлакатларда бу нарса ҳашамат ва бойлик билан мақтаниш сифатида баҳоланади. Ушбу қоида нафақат биринчи хонимлар, балки қироллик оилалари аъзоларига ҳам бирдай тегишли.

Қимматбаҳо заргарлик буюмларини ҳаддан ташқари тез-тез тақиш, либослар учун ўта кўп пул сарф этиш оқибатида кўплаб қироллик оилалари ҳам одамлар томонидан танқид қилинган. Мисол учун Сассекс герцогиняси Меган Маркл ҳам ўзининг қимматбаҳо либослари ва заргарлик буюмлари сабабли халқнинг танқидига дучор бўлганди.

Сарафан

Сарафан керакли даражада узун, сокин рангда, етарлича ҳамёнбоп нархда бўлиши, туфли билан кийилишидан қатъий назар биринчи хонимлар гардеробида асло бўлмаслиги керак. Бунинг сабаби, ушбу либоснинг юқори қисми етарлича ёпиқ эмаслигидир. Президентлар ва қиролларнинг рафиқалари иссиқ кунларда ҳам елкалари бутунлай ёпиқ бўлган либос кийиб юришга мажбурлар. Уларга енгсиз либос кийиш ҳам таъқиқланган, бу халқаро этикет қоидаларига асло тўғри келмайди.

Ранг-баранг либослар

Юқорида тилга олинганидек,биринчи хонимлар гардеробидаги аксарият либослар сокин рангларда бўлмоғи даркор. Либосларда ўта жимжимадор нақшлар мавжуд бўлиши, шунингдек, образда 2-3 ҳил рангдан кўпи ишлатилиши ҳам мумкин эмас.

Бундан ташқари, биринчи хонимлар образи турмуш ўртоқларининг ташқи кўринишига ҳам уйғун тарзда танланиши керак. Ўз вақтида АҚШнинг биринчи хоними саналган Мишель Обама турли тадбирларга ўта ёрқин, гулли ва этник нақшларга эга бўлган либослар кийиб борар, бу эса Барак Обаманинг либосларига мутлақо мос келмас эди. Шу сабабли ҳам Мишель Обама образлари кўп ҳолларда мутахассислар томонидан жиддий танқид қилинган.

loading...