Исроилда Ўзбекистон кулолчилик маҳсулотлари савдоси авжида…

0

Учта диннинг муқаддас зиёратгоҳлари жойлашган Қуддус шаҳри билан танишар эканмиз, сайёҳлар гавжум бўлган эски шаҳар кўчаларининг биридаги дўконга кирдик. Сотувчининг қўли қўлига тегмайди, ҳали у, ҳали бу сопол буюмларни сотиш билан овора.

Бизни кўрган сотувчи таталаб рус тилида сизлар Ўзбекистонданмисизлар, дея сўради. Биз ҳозиргина Ал-Ақса масжидида бўлиб, жума намозини ўқиб чиқаётган, бошимизда Марғилоннинг қалампирнусха дўпписи қўндирилган эди. Назаримда сотувчи бизни дўппимиздан таниди.

– Ҳа, биз Ўзбекистон, Фарғонаданмиз, – дердик қувониб.

– Риштон деган жойни биласизми? – сўради у ҳам биз Ўзбекистондан эканимиздан хурсанд бўлиб.

– Бу буюмлар Риштондан келтирилган. Қаранг, қандай жозибадор. Зиёратчи ва сайёҳлар ёқтириб сотиб олади.

Суҳбатимизнинг салом-алигидан қолган қисми таржимонимиз ёрдамида кечди. Биз юртимизни, устазодалар яратган нақшинкор сопол идишларни таърифу тавсиф этаётган исроиллик сотувчини фахр билан тинглар эдик. У биз айнан Фарғона вилоятидан, Риштон эса вилоятимиздаги бир туман эканлиги ҳақида эшитгач, бизга нисбатан яна меҳри тобланиб кетди. Билдикки, у бизнесидан хурсанд, даромади ҳам ўзига маъқул. Сўнг унга саволлар ёғдирдик. Айнан ким Риштондан бу буюмларни олиб келади, бир ойда қанча савдо қилади, ўзи Риштонда бўлганми…

–Ўзбекистонга бориш орзуим, лекин вақт тополмаяпман. Дўконни бир ўзим юритаман. Бир кун беркитсам мижоз камаяди. Мен сотаётган Риштон сопол буюмларини эса ўзини тошкентлик деб таништирган Мурод исмли йигит олиб келиб тарқатади. Қуддусда Риштон усталари маҳсулотларини сотадиган бир мен эмас. Бозорим чаққон, шунинг учун ҳа деб қандай, қанча мол олиб келдинг, деб сўрайвермайман.

Рафаэл ака дўкон тахталарига териб қўйилган чойнак, лаган, нақшинкор лавҳалар, анор шаклидаги буюмларни бир-бир таърифлаб кетди.

– Барчаси харидоргир, – деди у қувончини яширмай. – Тирикчилигим шуларнинг савдосидан.

Мен айрим маълумотлардан бохабарман. Аммо вилоят статистик ҳисоботларида Риштон кулолчилик маҳсулотларини Исроилга экспорт қилинаётгани ҳақидаги маълумотни учратмаганман. Балки, Рафаэл ака айтганидек, булар Тошкент шаҳри тадбиркорлари орқали Исроилга келтирилаётгандир. Аммо бу масалада Фарғона, Ришон тадбиркорлари, устазодаларининг ўзлари шуғуллансалар унинг савдо ҳажми янада ошармиди…

Нима бўлганида хам қуддуслик дўкондорлар Риштон кулолчилигининг тарғиботчиларига айлангани қанчалар қувончли.

Муҳаммаджон ОБИДОВ, 
Қуддус шаҳри, Исроил.

UzA.uz

loading...