СНАЙПЕР… (14-қисм)

0

 

 

* * *

 

«Смех»ни илк учрашувдаёқ қўрқитиши Мирсолига бир дунё лаззат бахш этганди. У мусофир бўлса-да, бу шаҳарда ўзидан-да зўрроқ, кучлироқ кимса қолмаганига қаттиқ ишона бошлаганди. «Смех»нинг такрор келиши, қандай ўч олиши Мирсолини умуман қизиқтирмасди. У ҳар қандай шароитда ҳам зўравонни синдириб ташлашига ишонарди. Шундай хаёллар билан эртаси куни ҳам интернет клубга келди. Хизмат сифати, ҳисоб-китобларни бир-бир кўздан ўтказгач, соқчи йигитларга ҳушёр туришни буюрди. Ишларни йўлга қўйгач, Володя исмли тансоқчисини ёнига олиб қайсидир ресторанда тушлик қилиб қайтиш илинжида ташқарига чиқди. Не кўз билан кўрсинки, клубдан эллик метрча нарида таниш чеҳра ўзига тикилиб турарди. Бу Мирсолининг кўнглини безовта қилган, Заринани эслатиб, тўлғонишга мажбур этган қиз Маша эди. Мирсоли кўзларига ишонмай, таққа тўхтаганча қизга қараб қолди. Кейин эса Володяга юзланди.

— Сен ичкарида бўла тур, — деди тансоқчига у. — Мени кўришга азиз меҳмон келибди.

— Сизни ёлғиз қолдира олмайман, — деди Володя норозиланиб. — Бунинг учун менга ҳақ тўлайсиз.

— Хавотир олма, окаси, — деди Мирсоли кулиб. — Бу қиз сенданам кучлироқ, абжирроқ тансоқчи бўла олади… Ҳазиллашдим, хафа бўлма! Биласанми, шу қиз билан бирга бориб келаман. Сен телефонни ўчирмай, доим сергак тур! Башарти бирор гап бўлса, албатта қўнғироқ қиламан.

— Хўп бўлади, — деди тансоқчи қаддини ғоз тутиб. — Хоҳишингиз.

— Ҳа, айтганча, — Мирсоли нимадир эсига тушган каби бошини қашлаб давом этди. — Кечқурунга спорт залини тахт қилиб қўйларинг! Ҳаммамиз биргаликда машғулот ўтказамиз!

— Айтганингиздай бўлади! — деди Володя бош ирғаб. — Ўзингизни эҳтиёт қилинг, брат!

Мирсоли тансоқчининг сўнгги сўзларидан таъсирланиб унга ер остидан тикилганча бир неча сония ўйга толди. Ёши ўзидан улуғ йигитнинг «Ока» деб мурожаат қилиши Мирсолига жуда ёқиб тушди. Шундай мартабага эришгани учун хаёлан худога шукр қилди ва Маша томон юрди.

— Сизнинг қабулингизга кириш бунча қийин бўлмаса? — Мирсолини баттар ҳайратга солиб Маша қувноқ оҳангда сўз қотди салом-аликдан сўнг. — Ярим соатдан бери турибман-а! Инсофингиз борми?

— Йўғ-э, — Мирсоли атрофга ўғринча кўз ташлаб олди-да, қизнинг елкасига қўлини қўйди. — Нега киравермадинг ичкарига? Умуман, мени қандай топдинг?

— Герасим Иванович айтдилар манзилингизни, — деди Маша янада қувноқроқ оҳангда. — Хабар олмаганингиздан кейин ўзим қидиришга мажбур бўлдим-да, алдоқчи!

— Менга қара, Маша, — дея Мирсоли қизнинг кўзларига тик боқди. — Сени танимаяпман. Ўша Машамисан? Адашмасам, ўша куни мендан қаттиқ ранжигандинг, кўришга кўзинг йўқ эди. Қуёш қай тарафдан чиқа қолди?

— Эҳ, Саша, қизларни тушунмас экансиз. Қиз боланинг кўнгли жуда нозик бўлади. Ўша куни сизнинг бир оғиз гапингиз кўнглимни ёриштирганди. Ишонсангиз, ўша кундан бери ўзимга кела олмадим. Муҳаббатингизга бир шубҳа қилдим, бир ишонгим келди. Ўйлай-ўйлай, ишончим ғолиб келганини англаб етдим. Танамга кенгашиб қарасам, ўзим ҳам сизга бепарво бўла олмас эканман.

— Оҳ, Заринамнинг қиёфадоши! — дея Машага қаттиқроқ боқди Мирсоли. — Фақат сен ранжимагин! У биринчи муҳаббатим эди. Мен аҳмоқни кута-кута жонига қасд қилибди. Ўшандан бери ўзимни кечира олмасдим. Сени учратдим-у, Зарина тирилиб қайтгандай қувониб кетдим. Айт, биринчи муҳаббатимнинг ўрнини боса оласанми? Агар боса олсанг, бошингдан оёғинггача бриллиантга кўмаман, ишон!

— Ҳаракат қиламан, — деди Маша ер чизиб. — Агар сал ўтиб жонингизга тегмасам…

— Ундай дема, — қизнинг сўзини кесди Мирсоли. — Сен ҳеч қачон жонимга тегмайсан. Фақат… Хиёнат қилиб қўймагин менга! Хиёнатни, сотқинликни кечира олмайман!

— Саша, қорним очди, — дея майин жилмайди Маша. — Бирор жойга бориб тушлик қилмаймизми?

— Э, қара-я, яна олдингда хижолатдаман! Ҳозир сени бир ресторанга олиб бораман.

— Йўқ, — деди Маша қовоқ уйиб. — Ресторанга боришни жинимдан ёмон кўраман.

— Унда қаҳвахонага борамизми?

— Менинг квартирамга борсак яхшийди. Ҳар ҳолда тинчроқ, бемалол гаплашиб олсак бўларди.

— Уйдагиларинг…

— Дадам хизмат сафарига кетган. Ойим икки йил бурун оламдан ўтган. Уйда ҳозир ёлғизман. Хавотир олманг!

— Шунақами? — Мирсоли умри бино бўлиб қиз билан холи қолмаган, бу тахлит учрашувларни фақат кинолардагина кўрганди. Шунинг учунми, сал хижолат тортиб, Машанинг таклифига кўнди. Мирсоли шу қиз ёнида бўлса, тоғларни толқон қила олишини қалбан ҳис этди.

Ҳаш-паш дегунча Машанинг квартирасига етиб келишди. Квартира икки хонали, ичкари замонавий услубда таъмирланган, жуда шинам экан. Мирсоли остона ҳатлаб бу хонадонга кирганданоқ барча ташвишлар, муаммоларни унутган каби енгил тортди. Қалбини ўзига нотаниш туйғулар чулғади. Азбаройи меҳри жўшганиданми, тек ўтиришга сабри чидамай, ошхонада егулик тайёрлай бошлаган Машани маҳкам қучди.

— Сен меники бўласан дегандим, эсингдами? — сўради у қизнинг малла, силлиқ ва майин сочларини силаркан. — Мен шунақа бир сўзли йигитман. Ё шубҳанг борми ҳалиям?

— Ҳечам-да, — жавоб қилди Маша эркаланиб. — Фақат бир нарсага шубҳам бор.

— Ие, нимага? Айт!

— Бриллиантга кўмиб ташлайман деб ваъда бергандингиз? Эсингиздан чиқдими?

— Йўқ, албатта, сен никоҳимга кир, ваъдасини бажармаган номард.

— Олдин-чи? Никоҳдан олдин бермайсизми совға?

— Бераман, — деди Мирсоли кулимсираб. — Бугуноқ дўконга борамиз, ўзингга ёққан тақинчоқни танлайсан.

— Келишдик! Энди залга кириб ўтиринг! Мен бемалол таом тайёрлаб олай. Кейин… Стол тузашим керак ҳали. Сиз нима ичасиз?

— Ичасиз? Мен умримда ичкиликни оғзимга олмаганман.

— Унда бугун менинг саломатлигим учун ҳам ичмайсизми?

— Сенинг саломатлигинг учун заҳар берсанг ҳам ичаман, ишон!

— Бўпти, борақолинг! Телевизор томоша қилиб тургунингизча ҳаммаси тайёр бўлади.

— Хўп.

Мирсоли итоаткорона залга ўтди. Маша шундоқ яқинида, атиги ошхонада бўлса-да, Мирсолининг кўз ўнгида унинг чеҳраси айланаверарди. Шу кўйи ярим соатча ўтирди. Маша дастурхон тузади. Сервантдан хориж коньягини олди-да, ошхонага чиқиб иккита қадаҳ тўла ичкиликни кўтариб кирди.

— Сен ўша идишни менга берсанг бўларди-ку, — деди Мирсоли хижолат тортиб. — Ўзим очардим.

— Сиз меҳмонсиз, азизим, — дея Мирсолига ишва билан боқиб кулди Маша. — Меҳмон отангдан улуғ деган гап бекорга айтилмагандир?

— Барибир ноқулай-да, — деди Мирсоли қизнинг қўлидан ичкилик тўла қадаҳни оларкан. — Сен нима бўлгандаям аёл кишисан.

— Бунинг аҳамияти йўқ. Қани, шу қадаҳни мен учун, менинг саломатлигим учун оласиз!

— Бахтимиз-чи?

— Майли, бахтимиз учун ҳам ола қолинг!

Мирсоли шу тобда ёввойи муҳаббат денгизида сармаст сузар, гўё кўзлари Машадан бўлакни кўрмас, қулоқлари ҳам фақат шу қизнинг сўзларинигина эшитарди. Ичкилик баттар бошини айлантириб, кўнгли нотаниш туйғулар исканжасида қолди. Сал ўтиб азбаройи меҳри жўшиб Машани қучишга тутинди. Аммо ҳали қўллари қизнинг елкасига етмай, боши янада тезроқ айлана бошлаганини ҳис этди. Кейин эса кўнгли айниган каби ўқчиди ва кўз олди қоронғилашиб, полга чалқанча йиқилди. Шу ондаёқ кўз ўнгини зулмат пардаси қоплади.

 

* * *

 

Қанча ётди, нималар бўлди, Мирсоли умуман идрок эта олмасди. Кўзини очганда, қўл-оёғи чандиб боғланган ҳолда қандайдир қоронғи хонада ётарди. Базўр кўзларини очиб, атрофни кузатишга уринди. Шунда ертўлада ётганига амин бўлди.

«Нималар бўлди ўзи? — ўйлади у қайта кўзларини юмиб. — Қаердаман? Ким мени бу ерга келтирди? Нега? Ҳа-а, айтганча… Мен Машанинг квартирасида эдим-ку! Эсладим, эсладим. Биз коньяк ичдик… Тўхта, шунчалар маст эдимми бу ерга келтиришганини билмай қолсам? Наҳотки?.. Йў-ўқ, бу ерда бошқа гап борга ўхшайди… Демак, Маша сотқинлик қилибди-да? Нимага? Қайси айбим учун? Наҳотки, ҳеч нарсани идрок этмаган бўлсам?.. У-чи? Маша менга заҳар берибдими? Йўқ, заҳар берса ўлиб қолишим керак эди. Ҳозир тирикман-ку! Унда нима берди? Эслайман, у қўлимга фақат ичкилик тўлдирилган қадаҳ берганди. Бошқа ҳеч нарса олмадим унинг қўлидан. Нимайди ўзи? Нега?..»

Мирсоли барибир нима сабаб бўлиб бу аҳволга тушганини била олмади. Миясида фақат саволлар айланаверди. Бахтга қарши бу саволларга сира жавоб топила қолмасди.

Бир маҳал ташқарида аллакимларнинг бақир-чақири қулоғига чалинди. Мирсоли ўрнидан туришга чоғланди. Аммо тура олмади. Қўл-оёғи боғлангани панд берди.

Товушлар эса тобора яқинлашиб, охири ертўла эшиги шарақлаб очилди. Кимдир кириб келиб чироқни ёқди. Шундагина Мирсоли янада сергакланиб, ётган ерида кириб келган кимсага боқди. У подполковник эди. Зум ўтмай подполковникнинг ёнида икки нафар юзларига қора ниқоб тортган, аскарлар кийимидаги, қўлларида автомат тутган йигитлар ҳозир бўлишди.

— Ў, қаҳрамон, — деди подполковник Мирсоли бойланган арқонни ечиб оларкан. — Шундай спортчи, зўравон йигит кимнинг ҳийласига алдана қолдинг?

— Анави… М-Маша қани? — аранг хириллаб сўрай олди Мирсоли. — Уни… Ўша бир нарса берибди менга!

Шу маҳал ташқаридан яна бир аскар кириб келди-да, подполковникнинг қўлига бир қоғоз тутқазди. Қоғозга биргина сўз ёзилганди. Подполковник ёзувга бир назар ташлади-да, сўз қотди.

— Тўғри айтдинг. Сенга ухлатадиган дори қўшилган ичкилик беришибди. Бу «Смех»нинг иши эканига сира шубҳам йўқ. Буни терговда яна аниқлаймиз. Сен, ука, тағин касалхонага ётасан. Бир-икки кун профилактика қилишади. Ана ундан кейин сен билан алоҳида гаплашамиз. Розимисан?

— Ҳа, — деди Мирсоли бошини чангаллаганча ер чизиб. — Мараз экан ўша қиз. Билмабман.

— Ёшсан-да, — дея унинг елкасига қоқиб қўйди подполковник. — Қонинг жўшиб кетган кўриб. Яхшиям биз ўз вақтида билиб қолдик. Йўқса, сени аллақачон гум қилишарди.

— Сиз… Қандай билдингиз? Ё биров-ярим хабар бердими?

Подполковник Мирсолининг саволига жавобан кулиб қўйди-ю, бош ирғади.

— Бизнинг касб шуни тақозо этади. Агентурамиз яхши ишлайди.

— Барибир тушунмадим. Нима у агентура?

— Тушунишинг шартмас, мерган. Турақол энди, касалхонага ўзим олиб бориб жойлаштирай сени!

— «Смех»чи? У… Қочиб кетдими?

— Қочиб катта холасиникига борармиди!?. Уни тутиб олиб кетишди. Тур!

Мирсоли аста ўрнидан қўзғалиб, уст-бошини чангдан тозалаган бўлди-да, подполковникнинг олдига тушди.

 

* * *

 

Мирсоли бир неча кун касалхонада ётиб, кўп нарсалар ҳақида ўйлаб олишга, мулоҳаза қилишга улгурди. Бир кўнгли бебошлик қилиб ўзга юртларга келишидан надомат чекди, ўзини ўзи дўппослаб, жазолайдиган ҳолатга тушиб, кўп бор асабийлашди, жаҳл отига минди, ўзини ўзи койиди. Бир кўнгли эса аксинча мамнун бўлди. Бундай ишни қишлоғи тугул, вилоятда ҳам бирор кимса қила олмаслигини ўйлаб, худога шукр қилди. Аммо Маша воқеаси ҳадеганда Мирсолининг қалбига азоб берар, қизнинг айёрона нигоҳларини кўз олдига келтиргани сайин нафрат ўти бор вужудини куйдирарди.

«Бу дунёда муҳаббат йўқ экан, — ўйларди у палата деразасидан ташқарини ҳиссиз кузатиб. — Йўқса, бу кунга қолмасдим. Аблаҳ! «Смех» билан тили бир экан. Мени адо қилмоқчи бўлибди. Адо қилиб бўпсан, мараз! Ким бўлибсан? Хўп, кўзларинг Заринанинг кўзларига ўхшаркан. Азбаройи меҳрим тушганидан сени олиб кетгандим. Шундан бўлак чорам йўқ эди. Яхши гапирсам, ҳаётда менга эргашиб кетмасдинг. Лекин бир нарсани ҳисобга олмабсан. Мирсоли… Йўқ, сенлар учун Саша Крутойман. Хуллас, Крутой сотқинларни кечирмаслигини ўйлаб кўрмабсан. Мен жонимни гаровга қўйиб қишлоқдан чиққанман, ахир! Наҳотки, шу оддий фалсафаниям билмасанг? Тўғри-да, сендақалар пулдор, ҳаромхўрларнинг пинжига киришдан бўлак ниманиям биларди. Биламан, мениям худди ўшанақа ҳаромхўр деб биласанлар. Балки тўғридир. Лекин мен ундайлардан эмасман. Одам ўлдирганим рост. Бироқ мен фақат ярамас, пасткаш, номардларнигина ўлдириб келдим. Шу кунгача нечтасининг умрига зомин бўлган чиқсам, ўзига яраша сабаби бор. Қолаверса, «дунёга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнади» деган гап бор. Мен ҳам яшаш, тириклик, омон қолиш учун курашяпман. Бунга ҳақим бор. Э, буларни тушунармидинг сен!?. Афсус, Маша, қизалоқ, кечирилмас хатога йўл қўйдинг. Бундай хатолар қон билан ювилишини ўйламадинг. Ўзинг айбдорсан. Крутой албатта қасос олади…»

Орадан тўрт кун ўтди. Мирсоли аллақачон тинчланган, тепкилар зарби ҳийла чекиниб, ўзини яхши ҳис қила бошлаганди. Яна подполковникнинг ўзи уни касалхонадан олиб чиқди.

— Хўш, мерган, бир қарорга келдингми? — сўради у машинага чиқиб ўтиришгач. — Буёғига нима қилмоқчисан?

Мирсоли бу саволни эшитиб, дарров сергак тортди. Чунки биларди. Башарти мақсадини айтса, подполковник албатта қарши чиқади. Бу йўлдан қайтаришга уринади. Насиҳат қилишга ўтади. Шу сабабли ҳақиқатни сир тутишга қарор қилди.

— Нимаям қилардим? — жавоб берди у елка қисиб. — Квартирада яхшилаб дам оламан. Қолиб кетаётган зарур ишим йўқ-ку ҳарқалай! Ё бошқа таклифингиз борми?

— Эсингдами ўша куни сенга кейин гаплашамиз дегандим?

— Эсимда. Қанақа гап?

— «Смех» қўлга олингани билан жиноятчилар йўқ қилинди дегани эмас. Биттасини қамасанг, бошқаси суваракка ўхшаб чиқиб келаверади бошқа тешикдан. Демак, сенинг хавфсизлигинг масаласи кўндаланг бўлади. Нега деганда, бу маразларнинг ҳаммаси бир занжирга боғланган. Қаерда бўлишмасин, келишишга, муносабат юритишга илож топишади.

— Мен нима қилай? — подполковникка ҳайрат аралаш боқди Мирсоли. — Бошқалари мени нима қилишарди? Еб қўйишмас ҳар ҳолда!?.

— Ҳамма гап шунда-да! — деди подполковник. — Еб қўйишданам тойишмайди улар. Шундай экан, сен хавфсизлик чораларини кўриб, ана ундан кейин иш бошлашинг керак бўлади.

— Қанақа хавфсизлик? Қўриқчиларни кўпайтирайми?

— Йўқ, сен манави башарангни ўзгартиришинг керак. Кейин янги исм, фамилия билан бошқа паспорт олишинг лозим. Шунда бемалол юраверишинг мумкин бўлади. Биз эса ўз ўрнида «Крутой ўлдирилди» деган хабар тарқатамиз. Кўрибсанки, ҳаммаси рисоладагидай бўлади.

— Йўқ, — деди Мирсоли қатъий оҳангда. — Мен умримни қаёқдаги зўравон ифлослардан қўрқиб ўтказмоқчи эмасман. Башарам ҳам ўзимда қолаверсин. Қариндошларимни кўрганимда асқотади.

— Қайсарлигинг қолмас экан-да, — подполковник жаҳли чиқа бошлаганини сир тута олмай қўл силтади. — Сенинг фойдангни кўзлаяпман. Пулинг бўлса бор, қийинми бир марта жарроҳ столига ётиш?

— Айтдим-ку, менга бунақа йўл тўғри келмайди!

— Унда яхши қол! Мен кетишим керак.

— Энди мен билан ҳамкорлик қилмайсизми? Ёрдам бермайсизми?

Подполковник бир муддат сукут сақлаб турди-да, Мирсолининг икки елкасидан қучди ва зардали, норози овозда сўз қотди.

— Сендақа қайсардан қочиб қаергаям бораман? Омадингни берсин!

 

* * *

 

Мирсоли Настя холадан қолган квартирада яна икки кун ёлғиз қолди. Ўйлади, ҳашаматли уй сотиб олишни мўлжаллади. Ўзини ўша ҳашамат ичкарисида ҳис этиб кўрди. Лекин негадир юраги ҳовлиқиш ҳиссини туймади, потирламади, Мирсолини ҳаяжонланиш, қўрқиш, хавотирланишга қўймади. У илгаригидек сокин, хотиржамлик билан интернет клубига қатнади, ишларни бошқарди. Барибир кўнглининг аллақаерида безовталик туғён қилаверди. Маша тутган иш ёдига тушганда, жаҳд отига минаверди.

— У жазо олиши шарт, — деди охири. — Хиёнаткор аёлларни ёқтирмаслигимни айтгандим. У эса жонимга қасд қилди. Бу мен учун хиёнатданам ёмонроқ. Демак, у манжалақини қидириб топиб жазолашим зарур!..

Мирсоли қўл остида ишлайдиган қўриқчи йигитлар ёрдамида оҳори кетмаган тўппонча, тўппончага ўрнатиладиган овоз пасайтиргич топди ва курткаси киссасига қуролни жойлаб эрта тонгда ташқарига чиқди. Бемалол янги машина сотиб олса бўларди. Ундай қилмади. Ҳаёти ҳар дақиқа жиддий хавф исканжасидалигини ўйлаб фикридан қайтди. Яхшиси, таксида юришни маъқул топди.

Йўл четидаги автобус бекатига етгач, ўриндиқларга назар ташлади. У ерда фақат бир кампир ўтирар, нуқул пиқ-пиқ йиғлар, қур-қур атрофга кўз ташлаб оларди. Мирсоли кекса кампирнинг аҳволидан таъсирланиб, беихтиёр ўриндиқлар томонга юрди.

— Нима бўлди сизга? — сўради кампирнинг қаршисида тиз чўкиб. — Бирор ерингиз оғрияптими, эна?

— Оғриса яхшийди, — деди кампир Мирсолига жавдираб боқаркан. — Биттагина ўғлимни, паҳлавонимни анави манжалақи ҳийламинан ўлдириб қўйди. Нима қилай? Қариб қолдим, ҳеч кимим йўқ, ундан ўч ололмадим.

— Нимага ўлдиради? Нима айб иш қилибди ўғлингиз?

— Айби ўша мараз қизга илакишгани бўлди. У бир зўравонга хизмат қиларкан. Яқинда бозорда ўғлим ўша зўравонминан муштлашиб қолганакан. Паҳлавоним Володя спортчийди. Унақа зўравонларнинг ўнтасини ер тишлатар кучи бориди. Ифлослар ўша Машани ишга солишибди.

— Маша? Қизнинг исми шунақамикан?

— Ҳа, ер ютсин илойим!

Мирсоли шоша-пиша киссасидан телефонини олди-да, Машанинг суратини топиб кампирга кўрсатди.

— Шу қизмиди? Уни кўрганмидингиз ўзингиз?

Кампир суратга бир қаради-ю, қаттиқроқ йиғлай бошлади.

— Худди шу. Болам, сен… Танийсанми Машани? Қаердан танийсан?..

Мирсоли телефонни қайтадан чўнтагига солди-ю, кампирнинг қўлидан тутиб ўрнидан турғазишга тутинди.

— Дардимиз бир экан, эна, — деди эҳтиёт шарт шивирлаб. — Бу қиз мениям ўлдирмоқчийди, улгурмади. Эна, ҳозир мен билан бирга борасиз, мен ўша қизни жазолайман. Сиз ташқарида турсангиз бас. Ажабмас енгил тортсангиз!

— Мен? Уни… Ўлдирасанми? Йў-ўқ, мен… Қўрқаман, болам. Қўй, мени унақа ишларга бошлама! Ўзим куйикда зўрға ўтирибман. Қўй! Сенам борма! Қизнинг акалари ёмон одамларакан. Тағин..

— Қўрқманг, ҳеч кимни ўлдирмайман. Шунчаки пўписа қиламан, холос.

— Барибир бормайман. Менга тинчлик керак.

— Унда уйингизга боринг! Ҳисоблангки, Маша жазосини олди! Тамом! Ортиқ йиғлаб ўзингизни қийнаманг, касал бўп қоласиз.

— Бўпти, болам, ҳозир уйимга бораман. Сенам уёқларга борма! Ёш экансан.

Мирсоли кампирни таксига ўтқазди-да, ўзи бошқа такси тутиб, ўрмондаги барзангиларнинг бириникига жўнади. Кўнгли негадир Маша ўшаникида бўлиши муқаррарлигини сезгандек бўлаверди.

— Бу гуноҳ эмас, — дея йўл-йўлакай ўзини ишонтиришга уринарди Мирсоли. — Ана, муштипар бир кампирни ҳам зор қақшатибди Маша. Демак, уни ўлдирсам, гуноҳга ботмайман…

Мирсоли етиб келди-ю, биринчи навбатда дарахт панасига ўтиб, тўппончани ўқлади. Сўнгра теваракни обдон кузатди. Яқин орада ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, ҳовли эшигини очиб ичкарига кирди. Адашмаган экан. Худди биринчи келганидагидек Маша ва барзанги ҳовли бурчагидаги стол қаршисида чақчақлашиб ўтирарди. Мирсолини биринчи бўлиб Маша кўрди. Ранги оқаринқираб бир Мирсоли, бир барзанги тарафга қўрқув аралаш боқди. Барзанги ҳам ҳайрон бўлиб ортга ўгирилди-ю, даст ўрнидан турди ва югуриб бориб токчадаги узун пичоқни қўлига олди.

— Сен яна бизни боплаб дўппослайман, хумордан чиқаман деб ўйладингми? — дея хезланди барзанги. — Йўқ, бу гал менинг навбатим. Мен хумордан чиқмоқчиман. Аммо сенга қўл теккизмайман. Ҳамма ишни мана бу пичоқ бажаради.

Мирсоли барзангининг пўписасини эшитиб силкина-силкина кулди.

— Аҳмоқ экансан, — деди у Машага совуқ назар ташлаб қўйиб. — Худо шунча савлат берибди-ю, ақлдан қисибди-да! Вей, қўл-оёғимни оғритиб сени дўппосламайман, ишон! Нима қилай? Ифлосликни, сотқинларни сира ҳазм қила олмайман. Тўғрими, Маша? Сени ўлиб кетган севгилимга ўхшатиб, бир умр бахтли яшайман, сенга суянаман, сени севаман деб ўйлабман. Сен манжалақи бўлса, «Смех»нинг ноғорасига ўйнаркансан. Хўш, қани ўша окахонинг? Йўқ, кўрдингми, йўқ! У турмада ўтирибди. Афсуски, ҳали унга «передачка» оборишга улгурмабсан чоғи. Ҳечқиси йўқ. Окахонингнинг югурдаклари кўп. Бири бўлмаса, бошқаси албатта хабар олади. Сен бўлсанг…

Мирсоли гапини давом эттира олмади. Қалби руҳий қийноқдан азобланиб, вужуд-вужудига ўрлаган ёввойи аланга чангалида қолди. Худди шу олов оташи Мирсолини тезроқ қуролини қўлига олишга ундайверди.

Мирсоли қўйин чўнтагидаги тўппончани қўлига олди-да, биринчи бўлиб барзангига тўғрилади.

— Сенга айтувдим-а, — деди у барзанги томон бир қадам ташлаб. — Нина заҳри, сендан еган тепкилар азоби ҳали кетмади. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам ўша оғриқлар менга азоб беряпти, жоним қийналиб кетди, оғайни!

Барзанги қуролни кўргандаёқ жазавага тушиб қолганди. Жонҳолатда олдинга интилиб, қичқирди.

— Отасанми? От! Нега қараб турибсан? Эркакмисан ўзи? От дедим!..

Мирсоли барзангининг сўнгги ҳақоратига бардоши етмай, тўппончадан ўқ узди. Барзанги ерга йиқилгани ҳамоно, кейинги ўқ Машага қарата отилди. Мирсоли ерда қонга беланиб ётган йигит ва қиз тепасига бориб яна бир мартадан уларга қарата ўқ узди-да, тўппончани томорқага ирғитиб, сира шошилмасдан ташқарига йўл олди.

Таксида хомуш кетиб бораркан, хаёлан ўзига ўзи деди:

— Мен ҳаромиларни ўлдиришдан чарчамайман, тўхтамайман, қўрқмайман!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...