Термиз тумани ҳудуди қисқартирилади

0

Бугун, 9 декабрь куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳалари билан бирга, айрим ҳудудларнинг чегарасини ўзгартиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Хусусан, мажлисда депутатлар “Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ва тасдиқлаш тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ ишлаб чиқилган. Бундан кўзланган асосий мақсад, тасдиқланган бош режа асосида Термиз шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, истиқболли режаларини белгилаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудуд инфратузилмасини яратиш, шунингдек, янги ҳудудда белгиланган талаблар доирасида ижтимоий соҳа, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилишини ташкил этиш ҳамда шу орқали янги иш ўринлари яратиш, бюджетга тушумларни кўпрайтиришдан иборатдир.

Назарда тутилаётган ўзгаришларга кўра, Сурхондарё вилояти Термиз тумани ҳудудидаги “Мангузар”, “Чегара”, “Паттакесар”, “Тинчлик”, “Алишер Навоий”, “Кокилдор ота” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари тўлиқ, “Нурли диёр” ва “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг бир қисми (умумий ер майдони 1 561 гектар) Термиз шаҳри таркибига ўтказилади.

Депутатларнинг қайд этишича, бу ўзгаришлар ҳудудда аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратиш билан бирга, Термиз шаҳар ва Термиз туманини иқтисодий жиҳатдан бошқаришда ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

qalampir.uz

loading...