Самарқандда ароқхўр эрини ўлдирган 50 ёшли аёл 8 йилга қамалди

0

Самарқандда ичкиликка ружу қўйган турмуш ўртоғини ўлдирган аёлган нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Жорий йилнинг 8 август куни соат тахминан 17:00 атрофида Жомбой тумани «Самарқанд» маҳалласида яшовчи С.Холжигитов спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган ҳолда яшаш уйига келиб, уйининг ошхонасида турмуш ўртоғи С.Шейкина билан жанжаллашган. С.Холжигитов мазкур жанжални тўхтатмоқчи бўлган қизи Н.Холжигитова билан ҳам оғзаки айтишиб, уни урмоқчи бўлган.

Бу ҳолатни кўрган Н.Холжигитованинг никоҳсиз турмуш ўртоғи У.Фаткуллин С.Холжигитовни тинчлантирмоқчи бўлган. Бундан ғазабланган С.Холжигитов У.Фаткуллинга ҳам ёпишиб, у билан ёқалашган ҳолда хонадон ҳовлисига чиқиб, жанжални давом эттирган.

С.Шейкина турмуш ўртоғи С.Холжигитовдан янада нафратланиб, уни ҳаётдан маҳрум қилиш орқали олдиндан бўлиб келаётган низоларга барҳам беришни режалаштирган. Шу мақсадда С.Шейкина турмуш ўртоғи С.Холжигитовни қасддан ўлдиришга қаратилган мақсадини амалга ошириш учун икки дона ошхона пичоғи билан У.Фаткуллин билан ўзаро ёқалашиб турган турмуш ўртоғи С.Холжигитовнинг оғир даражада мастлигидан фойдаланиб, уни орқа томонидан келиб танасига беш маротаба зарба берган.

У.Фаткуллин С.Шейкинани зудлик билан тўхтатиб, қўлида бўлган пичоқларни олиб қўйган. С.Холжигитовнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида У.Фаткуллин тез тиббий ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам етиб келгунга қадар биринчи ёрдам кўрсатган. Аммо С.Холжигитов олган тан жароҳатлари сабабли шифохонага етиб боргунга қадар вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судьяси Тўлқин Қодиров маълум қилишича, судланувчи С.Шейкина Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Daryo.uz

loading...