“Терминал ишламаяпти” деган баҳона яна кўпайди

0

“Терминал ишламаяпти” ушбу гап охирги пайтларда яна оммалаша бошлади. Бир тассаввур қилиб кўринг, истеъмолчи дўконга кириб, ўзига керакли бўлган маҳсулотларни харид қилса-ю, харид қилинган маҳсулотлар пулини тўлаш учун касса олдига келиб, пластик картаси орқали тўловларни амалга ошира олмаса. Сабаб эса битта – терминал ишламаяпти!

Сўнгги вақтларда юқорида таъкидланган ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) ишонч телефонларига фуқаролар томонидан мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Хусусан, назорат-касса аппаратлари томонидан чек бермаслик, пластик карталар орқали харид қилинган маҳсулот тўловини амалга оширолмаслик ҳолатлари юзасидан шу кунгача, ДСҚ ишонч телефонларига 748 та шикоят келиб тушган.

Барчага маълумки, тадбиркорлар томонидан пластик карталарни тўлов операцияларида фойдаланишдан қочиш банкдан ташқари бўлган нақд пул айланмаси ҳажмининг ортишига олиб келади, бу эса ўз навбатида ноқонуний товарлар ишлаб чиқариш, ноқонуний импорт ҳамда савдога олиб келади. Асосийси эса айрим тадбиркорлар томонидан солиқ тўловларидан қочиш ҳолатлари юзага келади.

Жаримаси бор!

Солиқ кодексининг 119-моддасига кўра, фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 50 бараваригача (6,7 млн. сўмдан – 11,2 млн. сўмгача) жаримага тортилади.

Агарда мазкур ҳолат қонунбузар жаримага тортилгандан сўнг бир йил мобайнида яна такрорланса, жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваридан 100 бараваригача (16,7 млн. сўмдан – 22,3 млн. сўмгача) этиб белгиланади.

Терминал “йўқлиги” бўйича Тошкент пешқадам!

Солиқ идораси ходимлари аҳоли шикоятларига кечиктирмай эътибор қаратишмоқда. Хусусан, идора ходимлари томонидан доимий равишда савдо шохобчаларида назорат-касса машиналарининг мавжудлиги ҳамда уларнинг ишлаётганлиги юзасидан мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда солиқ идоралари тадбиркорлик субъектларининг пластик карталарни қабул қилишдан бош тортиш ва чек бермаслик билан боғлиқ фуқароларнинг 719 та шикоятларини Бизнес-омбудсманга юборишган бўлиб, шундан 400 та шикоят бўйича текширув ишлари амалга оширилди ва жаримага тортилди.

Терминаллар ва назорат-касса машиналари билан боғлиқ қонунбузарликларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида (81 та ҳолат) аниқланди. Иккинчи ўринда Андижон вилояти (67 та), ундан кейинг ўринларда Тошкент (62 та), Хоразм (36 та), Фарғона (32 та) ва Наманган (22 та) вилоятларида аниқланган.

Қонун бузишга арзийдими?

Истеъмолчи истаган маҳсулотини пластик карталар орқали тўлов қилиб харид қилишлари мумкун ва “ишламаётган терминал” бунга тўсқинлик қила олмайди. Тадбиркор учун картани қабул қилишдан бош тортиш қанчалик ўринли? Касса чекларини истеъмолчиларга бермаслик фойдалими?

Масалан, битта МЧЖда истеъмолчига 30 минг сўмга чек берилмаган ва назорат-касса машинасига 535 минг сўм миқдорида сумма киритилмаган. Аммо мазкур ҳолат учун, тадбиркор 6,7 миллион сўм миқдорида жарима тўлайди. Бошқа бир МЧЖ иккинчи марта қонунбузарлик ҳолатини содир этган ва истеъмолчининг пластик картасидан 157 минг сўмни ечиб олишни рад этган. Бунинг учун солиқ органлари томонидан тадбиркордан 22,3 миллион сўм миқдорида жарима ундириб олинади.

Давлат солиқ қўмитаси фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш юзасидан фуқаролар шикоятларини ўрганишда давом этади.

Юқоридаги ҳолатлар кузатилган вақтда истеъмолчилардан ДСҚ идораларига қуйидаги рақамлар орқали хабар етказишлари мумкин:

ДҚС Ишонч телефонлари: (71) 244-98-98

“Call-markaz”: (71) 202-32-82, 1198.

“Soliq plus”  газетасидан

loading...