БИЛАСИЗМИ? 2020 ЙИЛИ СИЗНИ НИМА КУТМОҚДА ЭКАН?..

5

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

 

УМУМИЙ ТАЪРИФ

2020 йили сизни бахт ва омаднинг янгидан-янги лаҳзалари кутиб туради. Азалий орзуларингиз навбати билан ҳақиқатга айланади. Феврал ойида ҳаётингиз яхши тарафга ўзгариб, бир-биридан ажойиб сюрпризларга, позитивга эга бўласиз. Фақат масъулиятни унутиб қўймаслигингиз талаб этилади.

2020 йил аввалиданоқ қариндошлар билан орангизда жанжалли вазиятлар юзага келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу муаммони ижобий ҳал этишингиз керак бўлади.

Оиласиз бўлсангиз, 2020 йил июл ойида бир инсон билан танишасиз. Кейинчалик худди ўша инсон билан тақдирингизни боғлайсиз.

Саломатликни асранг. Кўпроқ вақтингизни дам олишга бағишланг. Сафарга чиқишга тўғри келганда жароҳатлар олишдан эҳтиётланинг.

 

МУҲАББАТ ВА ОИЛА

 

2020 йил муҳаббат бобида оилалиларга ҳам, оиласизларга ҳам кўплаб омадли ва ёқимли лаҳзаларни ҳадя этади. Аёллар, қизлар ташқи қиёфаларига йил бошиданоқ жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади. Жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингизга туйғуларингизни очиқ баён этишга уялманг.

Оилавий ҳаётингиз гоҳида бўронли, гоҳида сукунат ҳукми остида бўлади. Вазият ҳаддан ташқари кескинлашган тақдирда ҳам ортга чекиниш ҳақида ўйламанг. Фақат олға боринг! 2020 йили оилангиз билан кўпроқ табиат қўйнига чиқиб дам олинг. Оилавий байрамлар уюштиришдан эринманг. Орангизда жанжал чиқса, тафаккурга суянган ҳолда иш тутинг. Асосийси, позитив кайфиятни йўқотманг.

Оилалилар ҳаётида ҳам 2020 йили жанжалли лаҳзалар бўлиб ўтиши эҳтимолдан холи эмас. Ахир, оилада жанжаллар барибир бўлиб туради-да. Жуфтингизга таъна тошлари улоқтиришдан, асабига ўйнашдан тийилинг.

Йил давомида уй таъмири, яшаш тарзингизни қандай йўл билан бўлмасин яхшилаш ҳаракатида бўлинг. Молиявий масалада ҳам қайғуга ботишингизга ўрин йўқ. Бу масала ўртача кечади.

 

АЁЛЛАР

 

2020 йили аёллар ҳам ишда, ҳам муҳаббатда асосан яхшиликка юз тутади. Юқори лавозимни орзулаган бўлсангиз, янги йил бошидан ҳаракатингизни қилинг. Тадбиркорлар хизмат сафарлари, узоқ муддатли шартномаларни имзолаш масаласида муваффақиятга эришишади.

Оилали аёлларимиз яқинларига меҳр ва муҳаббат ҳадя этишни хоҳлашса, бунинг учун вақт ҳам, имконият ҳам етарли бўлади. Хоҳиш бўлса бас. Муҳим қарорлар чиқаришда эҳтиёт бўлинг. Хатога йўл қўйишдан сақланинг.

 

ЭРКАКЛАР

 

2020 йил бошланади-ю, қўй буржи остида туғилган эркаклар мартабаси оша бошлашига шахсан гувоҳ бўлишади. Ғирромликка асосланган келишувлардан, фирибдан нари бўлинг. Эмоция таъсирида иш жойингизни алмаштиришга уринманг.

2020 йил куз ойларида шахсий ҳаётингиз билан жиддий шуғулланишингизга тўғри келади. Даромад кетидан меъёрларни қувиб ўтишга уринманг. Муваффақиятсизликка учрайсиз.

 

МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ

 

2020 йили молия масаласида ўта тежамкор бўлишингиз зарур. Пулларингизни режа асосида сарфланг. Кузга бориб кутилмаган тарафдан мўмай даромад келиб қўлингизга тушиши кутилади. Шу тасодиф моддий аҳволингизни бақувватлаштиради. Даромад мерос ёки лотерея ўйини натижаси бўлиши ҳам мумкин. Шундай бўлиб чиқса, биринчи навбатда ёши улуғ, хаста қариндошларга моддий кўмак беришингиз сўралади.

Феврал ойи охирига бориб айрим дўстларимиз йирик харидларни амалга оширишлари кутилади. Март ойига ўтиб яқин танишлар ёки дўстлар сердаромад иш таклиф қилишлари мумкин. Май ёки июнда сергакликни бой берсангиз, ҳеч ким сизни молиявий инқироздан асраб қола олмайди.

Куз охирида ҳам мўмай даромад эгасига айланишингиз эҳтимоли бор.

 

МАРТАБА

 

2020 йил сизга ишда ва бизнесда чексиз муваффақиятларни ваъда қилмоқда. Фақат зиммангиздаги вазифаларни бўйин товламаган ҳолда чин кўнгилдан адо этсангизгина омад, зафар сизга ҳамроҳлик қилади. Мабодо янги йилда юқори лавозимга эгалик қилишни мўлжаллаган бўлсангиз, ҳаракатингизни қилаверинг. Бу масалада олдинда жиддий тўсиқларга дуч келмайсиз. Янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишдан тийилманг.

 

САЛОМАТЛИГИ

 

Шамоллаш ва шу каби ёқимсиз ҳолатлардан нари бўлиш учун энг аввало иммунитетингизни кўтариш ҳаракатига тушишингиз керак. Жисмонан бақувватсиз. Шундай экан, бўшашманг. Организмингизда заҳира энергия мавжуд бўлиши учун эрталаблари югуриб туришингиз, витаминга бой таомлар, меваларни кўпроқ истеъмол қилишингиз талаб этилади.

Фитнес, сузиш, тоғ чанғиси кабиларни ўзингизга одат қилиб олсангиз ҳам зиён қилмайди. Кўп асабийлашсангиз, кечалари кам ухлай бошласангиз, билингки, руҳий жиҳатдан муаммоларга рўбарў бўласиз. Эмоция сизга итоат этмаса, уқалаш ва йога курсларини ўтанг. Бу тажовузкор кайфиятни йўқ қилишда ёрдам беради.

Янги йилингиз қувончли лаҳзаларга бой бўлсин! Саломат бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...

5 ФИКРЛАР

    • Албатта ёзамиз, сизникига яна бир хафта бор экан демак. Рахмат сизга!

    • Бу буржга 10 кундан кейин навбат келаркан. Хафа булманг, кунига биттадан буржни тайёрлаяпмизда. Албатта ковга буржини хам чиройли килиб жойлаштирамиз иншооллох

Comments are closed.