Чиройли автомобиль рақамларини совға қилиб бўладими?

0

Хабарингиз бор, 2017 йилдан буён автомобилларнинг чиройли рақамлари биржа савдолари орқали амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019 йил январь-ноябрь ойларида мазкур савдолар орқали 33 минг 182 та 141.2 миллиард сўмлик авторақам савдолари амалга оширилди. Ушбу маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва Ички ишлар вазирлигига тегишли миқдорда ўтказиб берилди.

Бу рақамларни Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармалари савдога қўйиб боради. Аукционда рақам белгилари I, II, III тоифаларда ҳамда Тошкент шаҳри учун алоҳида оширилган ставкаларда лотга қўйилади.

Мисол учун, биринчи тоифада 01 А 001 CА рақами оширилган ставка бўйича аукциондаги бошланғич нархи энг кам иш ҳақининг 100 бараварида, 01 777 ААА эса энг кам иш ҳақининг 130 бараварида белгиланган. Бу миқдор вилоятларда арзонроқ бўлиб, энг юқори миқдор 25 ва 30 баробарни ташкил этади.

Бу каби маълумотлар кўпчилик учун янгилик бўлмаганини ҳисобга олиб, биз масалани бошқа жиҳатларига эътибор қаратмоқчимиз.

Электрон тижорат ва харидларни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Жасур Юнусовнинг таъкидлашича, савдони билиб бўлмайди, кунига битта ҳам рақам сотилмаслиги ёки юзта рақам сотилиши мумкин. Қайсидир ҳудуд учун баъзи кунлари умуман авторақам сотувга чиқарилмаслиги ҳам кузатилади. Бир кунда 4-5 рақам қўйилса, нархлар пастроқ бўлади. Лекин, улар савдода битта қўйилса, нарх ошиб кетиши ҳам мумкин.

Қадам ва қадам аукцион савдоси ўзига хос бўлиб, жараён баъзида кунлаб давом этиши мумкин экан. Мисол учун, бошланғич нарх 1 миллион 115 минг. Охирги нарх 5 миллион 218 минг. Кейинги нарх автоматик равишда 5 миллион 229 минг бўлади. Буни босгандан кейин яна янги нарх чиқади ва шунга рози бўлганлар савдода иштирок этади. Ҳар бир иштирокчидан кейин савдо 10 дақиқа чўзилади.

– Негаки, ҳамма иштирокчига имкон бериш керак, – дейди Ж.Юнусов. – Ҳамма охирини кутиб туриб, тугашига бир неча дақиқа қолганда 10 миллион бериб, олиб қўйса бошқалар норози бўлади: “Бундан кўпроқ нарх бермоқчи эдим, савдо тугаб қолди” деб. Шунинг учун сўнгги дақиқаларда кимдир нарх берса савдо яна давом эттирилади. Агар 10 дақиқа тугаганда ҳеч ким тугмани босмаса охирги иштирокчи ғолиб бўлади ва рақамни паспорт маълумотлари асосида олади.

Аукцион савдоларда иштирок этмоқчи бўлганлар билиш керак бўлган бир жиҳат бор. Сиз чиройли номерни кимгадир олиб бермоқчи ёки совға қилмоқчи бўлсангиз, бундай қилмаганингиз маъқул. Шунингдек, автосалонларга ишониб, йўқ автомобиль учун савдода иштирок ҳам этманг. Чунки, савдолар якунидан сўнг ғолиб беш иш куни мобайнида авторақам бўйича тўлиқ тўловни ўтказиши ва 10 кун давомида авторақамни расмийлаштириб олиши керак.

Шунингдек. савдода иштирок этаётганда номингизда автомобиль расмийлаштирилган бўлиши керак, акс ҳолда автомобиль давлат рақамини ололмайсиз. Мисол учун, автосалондан машина бир ҳафтада чиқади деган ваъдани олган мижоз ўзига ёққан рақамни аукционда сотиб олади. Бироқ, айтилган муддатда машина автосалондан чиқмай қолади ва рақам рўйхатдан ўтказилмайди. Электрон тизим 10 кун кутиб, кейин автоматик равишда шахс номига жарима чиқаради. Харидор ҳам жарима тўлайди ҳам автомобиль давлат рақамидан айрилади.

Қисқаси чиройли автомобил давлат рақамларини ҳар бир шахс фақат ўзи учун олади. Турмуш ўртоғи, қариндоши ёки танишига олиб бермоқчи бўлган ҳолатда муаммо кўп бўлади. Ёки автоуловни ишончнома билан ҳайдаб юрган ҳолатда номер харид қилиш ҳам шарт эмас.

Аввал ўзингизга тегишли бўлган автотранспорт воситасига авторақамни расмийлаштириб, сўнгра белгиланган тартибда яқин қариндошларининг автотранспортларига қайта расмийлаштириб бериш мумкин. Бунда яқин қариндошларига ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобоси, бувиси, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ва опа-сингиллари киради.

Аукционда иштирок этмоқчи бўлсангиз воситачиларга ишониб қолманг. Мутахассислар ўзингиз иштирок этишингизни тавсия этмоқда. Аслида ҳам бундай савдолардан кўзланган мақсад олиб сотарликнинг олдини олиш. Йўқса, чиро
йли рақам харид қилган одам уни қайта сотиб иккинчи бозорни юзага келтириши мумкин. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва адолатни таъминлаш учун савдода иштирок этган шахснинг номида автомобиль бўлиши кераклиги талаб этилади.

Яна бир гап. Харидор комиссион тўловлар ҳам тўлайди. Мисол учун, 5 миллион 229 минг сўмлик рақамни олиши учун 111 минг сўм ёки 5 фоиз комиссион тўлов керак бўлади.

loading...