Эндиликда фуқаролардан 28 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланди

0

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Президенти “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Мазкур ҳужжатга кўра давлат органлари ва ташкилотлари жами 28 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилишига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан эса уларнинг берилишига йўл қўйилмайди.

2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш тақиқланади:

1. Яшаш жойидан маълумотнома;
2. Ариза берувчи яшаш жойи бўйича яшаётганлиги (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисида маълумотнома;
3. Доимий ва вақтинчалик рўйхатдан ўтиб яшовчилар сони тўғрисида маълумотнома;
4. Доимий яшаш жойида яшаётган муддати кўрсатилган маълумотнома;
5. Яшовчи шахслар сонини тасдиқлайдиган маълумотнома;
6. Турар жойда яшовчи шахслар кўрсатилган ҳолда маълумотнома;
7. Ариза берувчи яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисида маълумотнома;
8. Фуқаронинг ёлғиз яшаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
9. Оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома;
11. 80 ёшга тўлган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган кекса ёшдаги одамни парвариш қилган вақтни тасдиқловчи маълумотнома;
12. Қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари борлигини тасдиқловчи маълумотнома;
13. Вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотнома;
14. Вафот этган ходим билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи маълумотнома;
15. Шахсий ёрдамчи хўжаликларида ишловчи фуқароларнинг бандлигини тасдиқловчи маълумотнома;
16. Шахс ҳақиқатан ногиронни парвариш қилаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
17. Ишсизлик тўғрисидаги маълумотнома;
18. Вафот этган боқувчининг ота-оналари, турмуш ўртоғи, буваси, бувиси, ака-укаси ёки опа синглисидан бири вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
19. Вафот этган шахснинг ота-оналари, турмуш ўртоғи ёки оиланинг бошқа аъзоси вафот этган шахснинг уч ёшга тўлмаган болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини парвариш қилиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
20. Ходимнинг қарамоғида бўлган оила аъзоси вафот этган тақдирда нафақа тайинлаш тўғрисидаги маълумотнома;
21. Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномаларни олиш учун вояга етмаган шахснинг ёки паспорт олмаган шахснинг фотосурати ёпиштирилган маълумотнома;
22. Васийликка олинганларни таъминлаш ва уларни зарур даражада парваришлаш бўйича қариндошларининг бунга қодирлигини тасдиқловчи маълумотнома;
23. Васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ишламайдиган шахслар учун маълумотнома;
Шахсий ёрдамчи хўжалигида қорамол мавжудлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотнома;
24. Ўзи тайёрлаган товарларнинг чакана савдоси билан шуғулланиши учун шароитлар мавжудлигини тасдиқловчи маълумотнома;
25. Касалликка чалинган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) аёлларнинг алоҳида хонада яшаши кераклиги тўғрисида маълумотнома;
26. Кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар тўғрисида маълумотнома;
27. Жазони ўташ жойларидан озод қилинган, шунингдек, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахсларнинг тавсифи билан маълумотнома;
28. Дафн ўтказилганлиги ҳолатини тасдиқлаш учун маълумотнома.

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда амалга оширилади.

UzA.uz

loading...