Фарғоналик аёл нега пойтахтда сарсон бўлиб юрган?

0

Фарғона вилояти Бешариқ туман ҳокимлиги “Менинг юртим” телеканалининг “Очиқчасига гаплашамиз” кўрсатувида муҳокама қилинган аёл ҳақида ўз муносабатини билдирди.

Кўрсатувда мазкур туманда яшовчи аёлнинг пойтахтда келиб, мавсумий ишлар қилиши, тиланчилик билан кун ўтказаётгани, уй-жойи йўқлиги ва бошқа масалалар ўртага ташланиб, муҳокама этилган.

Кимдир бу аёлнинг аянчли тақдирига ачиниш ҳисси билан қараган бўлса, яна кимдир мутасаддиларни айблай бошлашди. Ўзбек аёлига хос бўлмаган гаплари ҳамда турмуш тарзи хусусида ҳам турли баҳслар бўлмоқда. Қизалоғининг мунгли кўзларига қараш, унинг сўзларини эшитиш эса янада қийин. Хўш, нега бу аёл фарзанди билан дарбадар ҳаёт кечирмоқда?

Оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга кўмак бериш, уларни қўллаб-қувватлаш масаласи бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. ЎзАга маълум қилинишича, Бешариқ тумани “Навкат” маҳалла фуқаролар йиғинида доимий рўйхатда туриб, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшаб келаётган Одина Алиматова ҳам эътибордан четда эмас.

У 1989 йилда Навкат қишлоғида яшовчи Ҳ. Деҳқоновга турмушга чиққан, ундан бир нафар қиз фарзандли бўлган. Турмуш ўртоғи билан 1994 йилгача бирга яшаб келган бўлиб, суд қарорига кўра 2001 йилда қонуний ажрашган. Қизи вояга етгунга қадар дадасининг қарамоғида бўлган. Вояга етганидан сўнг онаси О.Алиматова билан Тошкентга кетган ҳамда турмушга чиққан.

О.Алиматованинг ота-онаси вафот этган бўлиб, ака-укалари билан муроса қила олмаган. Шунинг учун ҳам у ўз ота уйига қадам босолмайди. Собиқ турмуш ўртоғи қонуний никоҳ билан бошқа аёлга уйланган. Унинг уй-жойи марҳум онасининг номида бўлиб, номида уй-жой йўқ. Турмушидан ажрашгандан сўнг О.Алиматова Тошкент шаҳрида яшаб келган. Шу даврда яна қиз фарзандли бўлган.

Мана салкам йигирма йилдан буён у Тошкентда кун кечириб келмоқда. “Навкат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Саъдуллаевнинг айтишича, О. Алиматовани бир неча бор ўз уйига қайтариш, унга ёрдам бериш чоралари кўрилган. Ҳеч қачон бу масалада бефарқ бўлинган эмас. Хусусан, туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан бу аёл алоҳида назоратга олинган.

Одина Алиматова жорий йил 25 март куни туман ҳокими номига, шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасига уй-жой олиш масаласида ариза билан мурожаат қилган. Мурожаати юзасидан туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Юлдашева фуқаро билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида О.Алиматованинг паспорти йўқолганлиги ва 2010 йилда туғилган фарзанди Ҳаётхон Алиматованинг туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги аниқланган.

Аёлга амалий ёрдам кўрсатилиб, фуқаролик паспорти тиклаб берилган, паспорт иккинчи марта йўқотилганлиги сабабли чиқарилган жарима пули ҳомийлар томонидан тўлаб берилган. Шунингдек, фарзандига туман ФҲДЁ бўлими орқали туғилганлик гувоҳномаси олиб берилган.

– О.Алиматовага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори тушунтирилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулчеҳра Юлдашева. – Унга асосан имтиёзли уй олиш учун бошланғич тўлов тўлаб берилгач, қолган тўловларни ўзи амалга ошириши керак. Лекин фуқаро тўлов қобилияти йўқлиги сабабли имтиёзли уй-жой олишни рад этган.

Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ бу аёлнинг оилавий ҳолатини ўрганиш мақсадида акасининг хонадонига борган. Акаси О.Алиматова билан ўзаро муносабати яхши эмаслиги, турмушидан ажрашганида шу ҳовлидан уй-жой қилиб беришлигини айтганида, бу ерда яшамасдан Тошкент шаҳрига кетиб қолганлигини маълум қилган.

Инсон тақдири ҳақида гап кетганда шошма-шошарликка йўл қўйиб бир томонлама фикр юритиш мумкин эмас. Бунда холислик тамойилига амал қилиш керак. Оғир вазиятда кун кечираётган бу аёл Бешариқ туманида доимий рўйхатда туради. Аммо кўрсатувга мазкур тумандан бирорта масъуллар таклиф этилмаган.

Балки у ўзи яшаган туман ёки маҳалласидан бирор киши ҳолат бўйича муносабат билдирганида, баъзи тушунмовчиликлар келиб чиқмасмиди? Ўзбек аёли шаъни, қадри ҳамиша улуғ.

Пойтахтда бир амаллаб тирикчилик қилаётган О. Алиматова ўзи туғилиб ўсган жойга қайтиб, бирорта ишнинг этагини тутса, балки яхши бўлармиди? Фарзанди ҳам шу ердаги мактабда ўқирмиди? Бешариқ туман ҳокимлиги бу аёлни доимо қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

UzA.uz

loading...