Расмий муносабат: “МИБ олий маълумотли ва малакали кадрларни доим қадрлайди!”

0

Жорий йилнинг 9 декабрь куни ижтимоий тармоқларда «МИБ тизимида олий маълумотли ҳуқуқшунослар қадрланмаяпти» номли хабар чиққан бўлиб, унда Бюро органларида олий маълумотли ҳуқуқшунослар муносиб қадрланмаётгани, баъзи олий маълумотли ҳуқуқшунослар инспектор вазифасида энергия ресурслари ва сув таъминоти бўйича қарздорликни ундириш билан шуғулланаётгани, ҳуқуқшуносларга ўзига муносиб иш берилиши хамда вазифаларнинг тўғри тақсимланиши лозимлиги ҳақида сўз борган. Аммо масалага чуқурроқ эътибор қаратилса, бу эътироз ўринсиз эканлиги ойдинлашади.

Ўрганишда, Бюро органларида амалда ишлаб чиқариш лавозимида ишлаётган 6 965 нафар ходимдан 32 нафари (0,4%) олий юридик маълумотга эга ходимлар ташкил этиши маълум бўлди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.05.2017 йилдаги ПҚ-3016 сон Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисида»ги Низомга асосан, Мажбурий ижро бюросида хизмат қилиш учун юриспруденция, молия, иқтисодиёт, қишлоқ ва сув хўжалиги ва бошқа соҳаларда олий ёки ўрта махсус маълумотли, соғлиғига кўра хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган, зарур касб-кор ва маънавий фазилатларга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Бунда, Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига – олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка эга шахслар ҳам тайинланиши белгиланган.

Шунга асосан,  Бюро органларига хизматга (ишга) қабул қилинаётган номзодлар дастлаб мажбурий суҳбатдан ўтказилиб, кейинчалик уларнинг иш тажрибаси, салоҳияти ва билим даражасидан келиб чиққан ҳолда тезкор лавозимларга тайинланади ҳамда юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, иш фаолиятидаги вазифалари тақсимланади.

Таъкидлаш жоизки, Бюро органларида олий юридик маълумотга эга ходимларга талаб юқори ва аксарият раҳбарлик лавозимларида хизмат қилишмоқда, бироқ Бюро органларини тартибга солувчи Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда, касбий малака, тажриба ва ишчанлик қобилиятларига етарли эга бўлмаган ходимлар – ишлаб чиқариш лавозимларида ҳам ишлаши мумкин.

Мажбурий ижро бюроси – ижтимоий тармоқлардаги ушбу хабарни асоссиз деб ҳисоблайди, шунингдек, ходимларнинг малакаси, билимини ошириш, иш тажриба ва кўникмасини юксалтириш чораларини кўрган ҳолда, ходимларнинг ўз устида янада кўпроқ ишлаб, самарали натижаларга эришишига ундайди.

loading...