СНАЙПЕР… (16-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ташқаридан қараганда, ҳашаматли бино ичкарисига Мирсоли етакчилигида ўн нафар қўриқчилар қўлларида автоматлар билан кириб боришди. «Соққа» узун бўйли, тахминан қирқ ёшли, нигоҳлари совуққон йигит экан. У ҳам қўл қовуштириб ўтирмабди. Кутилмаган меҳмонларни «Соққа»нинг шотирлари тўппонча ўқталиш билан қарши олишди.

— Сени танидим, келгинди, — дея дағдаға билан сўз бошлади «Соққа» каттакон зал тўридан туриб. — Ким чақирди сени бу ерга? Манави сўқирлар айтишдими манзилимни?

— Сен ҳозироқ бу болаларнинг ҳар бирига ўн минг доллардан товон пули тўлайсан, — деди Мирсоли. — Анави югурдакларингга айт, қуролларни секи-ин полга қўйишсин! Йўқса менинг йигитларим жуда аччиқланишяпти. Ўнгача санайман!

«Соққа» ортиқча қон тўкишни хоҳламадими, итоат билан шотирларига қуролларни полга қўйишни буюрди.

— Мен бойваччамидим? — дея дағдаға қилишда давом этди у. — Ё Ибн Ҳаттобмидим?

— Кимлигингни башаранг айтиб турибди. Қолаверса, ҳали гапимни тугатмадим. Хуллас, бу бегуноҳ болаларнинг ҳар биттаси учун алоҳида квартира сотиб оласан!

— Тушингни сувга айт! Ҳаддингдан ошма!

Мирсоли бу муомала жонига тегиб, ёнидаги Вадимга юзланди.

— Вадим, тез фурсатда иккита қошиқни қиздириб келасанми? — деди у «Соққа»ни кўрсатиб. — Манави зўравоннинг ҳам кўзларини кўр қилиб қўяй! Яхшиликчасига кўнмайди шекилли.

— Ҳозир ест қиламан! — Вадим киссасидан иккита қошиқ чиқарди-да, кўз-кўз қилди. — Икки-уч дақиқада тайёр бўлади!

«Соққа» унинг ростакамига ҳаракатга тушиб қолганини кўриб, икки қадам олдинга юрди.

— Бўпти, кўндирдинг, — деди у норози бош чайқаб. — Тилагинг шу холосми?

— Бу тилакмас, — деди Мирсоли ҳам икки қадам олдинга юриб. — Аксинча буйруқ. Яна бир буйруқ бор. Анави ёқда олтита итваччаларинг ўлиб ётибди. Башарти мелисалар хитланса, ўз бўйнингга оласан. Агар тинч яшашни истасанг, айтганимни қил! Мени танисанг, кимлигимни, қандай одамлигимни биласан! Билиб қўй, жаҳлим чиқса, отамниям аяб ўтирмайман. Ҳозир эса бу норасидаларнинг қорнини тўйдир! Қуруқ нон ва сувинг томоқларини шилиб ташлабди. Қайноқ, сергўшт таом бер буларга!

«Соққа» рози бўлишдан бўлак чораси қолмаганини англаб етганди. Шошилмасдан юриб бориб, сўқир ўсмирлар қаршисида тўхтади ва Мирсолига юзланиб сўз қотди.

— Хотиринг жам бўлсин, дўст! Ҳаммаси яхши бўлади!

Мирсоли масхараомуз, шу билан бирга ғолибона тиржай иш қилди-да, бош чайқай-чайқай, бинодан чиқиб кетди.

У айни лаҳзаларда жуда енгил тортганди. Ҳеч қурса, шу иши билан кимларнингдир кўнглини шод қилганидан, худо қабул қилса, ягона бўлса-да савоб ишга қўл урганидан мамнун эди.

 

* * *

 

Ташқаридан нигоҳ ташланса, Мирсолига тегишли клубда жуда қатъий тартиб ўрнатилганди. У ҳар бир ходимни кунига бир маротаба суҳбатдан ўтказиб чарчамас, мижозларга билан ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни тайинлар, қоидага риоя қилмаганларни шафқатсиз жазоларди. Мирсоли қўл остида ишловчи ходим ва ходималар учун бир хил, замонавий, бежирим ва гўзал кийимлар танланганди. Клуб, кечқурунлари очиладиган казино ҳолатини Вадим назорат остида ушларди. Шу сабабли Мирсоли хотиржам эди. Вадимнинг қаттиққўл ва сергаклигига шубҳаси қолмаганди.

Сўқир ўсмирларнинг келгуси тақдирини баҳоли қудрат ҳал этгач, кейинги кунларни деярли сокинликда ўтказди. Зарур бўлганда, казинога ташриф буюрадиган бадавлат мижозлардан кўнгил сўради, камчилик кўзга ташланса, ўша жойдаёқ ҳал этишни ходимларга буюрди. Аммо бугун эрталабданоқ негадир юраги ғашланиб, кўнгли қандайдир ёқимсиз лаҳзани олдиндан сезгандек туюлаверди. Шу сабабли Вадимнинг саломига ҳам бош ирғаб алик ола қолди. Кунига ишни аччиқ қаҳва ичишдан бошларди. Бу ҳам юрагига сиғмади. Қовоғини уйган кўйи интернет клубда бошланган ҳаётни ҳиссиз кузатганча кабинетида бир муддат ўтириб қолди. Яна хаёлини яқин ўтмиш, қишлоқ, зангори либосга бурканган далалар, қишлоқдошлар ўғирлаб, кўзларини юмишга, чуқур хўрсинишга мажбур этди. Лекин бу ҳолати ҳам узоқ чўзилмади. Дафъатан кабинет эшиги оҳиста тақиллаб, ичкарига Вадим кирди. Мирсоли ўйчан нигоҳ билан Вадимга сўзсиз тикилди.

— Мен «Соққа»ни чақирувдим, — гап бошлади Вадим Мирсолининг кайфиятсизлигини дарҳол пайқаб. — Етиб келибди. Агар… Зарурмас деб ҳисобласангиз, мен…

— Чақир муштумзўрни, — буюрди Мирсоли даст ўрнидан туриб. — Хаёл олиб қочибди. Тез бўл! Башарасига яна бир қарайлик-чи!

Орадан бир неча ўн сония ўтиб, остонада «Соққа» ҳозир бўлди. Бу гал у эгнига ярқираган костюм кийибди. Чеҳраси очиқ, кулимсираганча кириб шоша-пиша Мирсолига сўрашиш учун қўл узатди.

— Кечиринг, оға, — деди у ҳийла бош эгиб. — Ўша куни сизни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилдим. Сизни… Танимабман. Кейин… Суриштириб, ўрганиб чиқиб… Кечиринг мен аҳмоқни, илтимос!

— Тушунаман, — деди Мирсоли «Соққа»ни ўтиришга таклиф этаркан. — Мен ҳам сен билан қизиқиб кўрдим. Ёмон яшамаётган экансан. Ўнта дўкон, иккита клуб, майда-чуйда корхоналар… Вей, мен ойига қанча даромад кўришингниям биламан. Шунча пулга эга бўла туриб бегуноҳ ўсмирларни сўқир қилиб қўйишга виждонинг йўл қўйдими?

— Оға, бир қошиқ қонимдан кечинг, ўтинаман, — «Соққа» кутилмаганда тиз чўкди. — Бу гуноҳим учун худо албатта жазомни беради, биламан! Ишонинг, буни… Бу гуноҳимни ювишга тайёрман!

— Бу гапинг эркакча бўлди, — Мирсоли аста уни ўрнидан турғазиб, курсига қайтадан ўтқазди. — Гапни мана шундан бошлаш керак эди. Хў-ўш… Демак, бугундан бошлаб ҳафтасига даромадингнинг ўн фоизини менга узатиб турасан. Тушунтира олдимми?

— Худди шундай, — деди «Соққа» юзларига қайтадан табассум югуриб. — Ҳаммаси сиз хоҳлагандай бўлади!

— Унда борақол! Фақат айтиб қўяй, даромадингни жуда яхши биламан. Шундай экан, алдашга уринма! Ўзингга ёмон бўлади!

— Тушундим.

«Соққа» қайта-қайта таъзим қилганча кабинетни тарк этди. Шу ондаёқ ичкарига Вадим кириб, Мирсолига савол назари билан боқди.

— Сен ҳозироқ «Соққа»ни назоратинг остига ол, — тайинлади Мирсоли қовоқ уйиб. — Ҳар бир босган қадамини кузатиб юр!..

 

* * *

 

Эрталабки сўлғинлик кечқурун ҳам тарқамади. Мирсоли ҳануз кўнгил ғашланишидан азобланиб, хаёлан олдиндан қандай кўнгилсизлик ташриф буюришини кутаверди. Казино эса ҳар кунгидек бир маромда ишлашда давом этар, бадавлат мижозлар кўнгил хушлаш билан банд эди. Аммо тағин Мирсолини ҳайрон қолдириб, кўнгилсизлик ўрнига ҳийла қувончли лаҳзалар унга ҳамроҳ бўлишга тутинди. Вадим аёл мижозлардан бири у билан суҳбатлашиш истагида эканини айтиб қолди. Мирсоли бу гўзал аёлни яхши танирди. У ҳар куни кечқурун албатта казинога келади, ярим тунга қадар қолиб кетади. Лекин… Нега айнан бугун суҳбатлашгиси келганини тушуна олмади.

— Нима бўлибди унга? — сўради эҳтиёт шарт Вадимдан. — Илгари умуман гаплашмасди-ку! Шунчаки кулимсираб саломлашиб қўя қоларди. Тинчликмикан?

— Менга ҳеч нарса демади. Шахсий гаплари бормиш сизга айтадиган.

— Майли, айт, кирсин!

Орадан беш дақиқача вақт ўтиб, аёл кириб келди. У бошқа кунлардагига нисбатан хомушроқ, ўйчанроқ ҳолатда эди. Мирсоли мажбуран бўлса-да, жилмайиш қилиб, аёлни юмшоқ ўриндиққа ўтиришга таклиф қилди.

— Ўтиринг, Вера Васильевна, — деди у ҳамон кулимсираб. — Ходимлардан биронтаси хафа қилдими? Нима бўлди?

— Йўқ, ундаймас, — жавоб қилди аёл Мирсолига тикилиб. — Ходимларингиз жуда маданиятли. Мижозларни қадрлашади. Мен бошқа масалада сиз билан гаплашмоқчийдим.

— Қулоғим сизда.

— Хабарингиз бор, менинг шаҳарда бир нечта кафеларим, супермаркетларим бор.

— Биламан. Нима бўлди? Савдо сусайдими? Ёрдам керакми?

— Савдо яхши. Лекин тўғри топдингиз. Ҳақиқатан сизнинг ёрдамингизга муҳтожман. Биламан, бу иш сизнинг қўлингиздан келади.

— Хўп, эшитайлик-чи!

— Кейинги ойларда Илья Трофимов деган прокурор эзворди. Нуқул текширади, йўқ ердан айб топади. Хуллас, чарчадим.

Мирсоли таниш исмни эшитди-ю, дарров жиддий тортди.

— Подполковникми? — сўради у аёлдан. — Улушини бермаганмидингиз?

— Вой, шунга-я? Бермай кўринг-чи!

— Унда нега тихирлик қилади? Яхши одам-ку Трофимов! Келишса бўладиган мент!

— Ростини айтсам, у мараз бизнесимни тортиб олмоқчи. Арзимас пулга сотишимни талаб қиляпти!

— Йўғ-э, ростданми? Ўзи айтдими шуни?

— Ҳа-да, ҳар кириб келганда эслатади. Аммо мен жиннимасман. Сотмайман унга.

— Сотмасангиз, эзаверади, — деди Мирсоли уф тортиб. — Мен подполковникни яхши биламан. Нафси наҳанг балиқникиданам ёмон! Барибир тинч қўймайди сизни.

— Нима қилай? Ука, маслаҳат беринг!

— Бизнесингизни менга хатлаб беринг. Элликка эллик ишлайверамиз. У мени безовта қила олмайди.

— Сизга?.. Ие, қ-қанақасига?

— Пул топишни хоҳлайсизми ўзи? Бир кун келиб подполковник сизни турмага равона қилишини истайсизми ёки? Майли, унда ишингизни давом эттираверинг! Менга… Ваабще-то барибир! Хайр!..

— Х-хўп, хўп, — аёл ўрнидан туриб Мирсолига яқинлашди. — Сизга ишонсам бўладими?

— Бу ўзингизга боғлиқ! Фақат… Айтиб қўяйки, мен аёллар билан жанг қилмайман.

— Тушундим. Раҳмат сизга, ука, катта раҳмат! Бугундан шу ишга киришаман. Ҳужжатлар тайёр бўлиши билан сизга хабар қиламан.

— Яна бир нарсани айтиб қўяй, — деди Мирсоли. — Ҳамкор бўлиш билан казинодаги имкониятларингиз икки ҳисса ошади.

— Майли, омадингизни берсин!

Аёл қайта-қайта қуллуқ қилганча чиқиб кетди.

 

* * *

 

Мирсолини барибир кўнгил ғашлиги тарк эта қолмасди. Шу баҳонада қачонлардир онасининг «Кўнгил ғашланса, бир балодан дарак, эҳтиёт бўлиш лозим», деган гапларини ҳам эсга олди. Бундан баттар кайфияти тушиб, ваҳиманинг турли кўчаларига кириб чиқди. Лекин иш қизғин, бақир-чақирга тўла казинода узоқ вақт ўй суриш учун сира имкон бўлмайди. Ора-сирада кимдир барибир эшикни тақиллатади, маслаҳат сўрайди, нимадандир шикоят қилади. Мирсоли эндигина ўрнидан туриб дераза қаршисига борганди, ичкарига яна Вадим кирди. Мирсоли унинг маҳзун қиёфасига боқиб юз чандон кўпроқ сиқилди. Нимадир сўраса, ёқимсиз хабар эшитадигандек сўз қотишдан тилини тийди.

— Ташқарида бир йигит турибди, — деди Вадим Мирсолига сирли тикилиб. — Синфдошиман деяпти.

— Нима? Синфдошиман?..

Шу биргина сўз Мирсолининг вужудига ўрлаган қайғуларни тумандек тарқатиб юборди. Дарҳол юзига қон югуриб, чуқур нафас олди.

— Оти нимайкан? Сўрадингми?

— Шавкат экан.

— Шавкат?

Мирсоли бу исм қулоқлари остида жаранглаган заҳоти беихтиёр жонланди. Шавкат билан ҳақиқатан бир синфда ўқишган, ҳатто спорт тўгаракларига ҳам бирга қатнашганди. Угина синфдошлари орасида Мирсолига яқинроқ эди. Қандай муаммо туғилмасин, икковлашиб бош қотиришарди.

— Опкир тез! Югур! — деди Мирсоли Вадимнинг икки елкасини маҳкам сиқиб. — У яқин дўстим-ку, ахир! Бор дедим!..

Кўз очиб юмгунча одмироқ кийинган, узун бўйли, жингалаксоч Шавкат кириб келди. Икки дўст бир-бирларини қучганча бир муддат сукутга толишди. Айниқса, Мирсоли ҳаяжон оғушидан сира чиқиб кета олмасди. Шавкатдан қишлоғининг ҳиди келган каби унсиз тўлғонар, ҳадеганда кўнгли бўшаб кетарди.

— Ўртоқ, бормисан? — дея ниҳоят Шавкатни бағридан бўшатиб, курсига етаклади Мирсоли. — Қайси шамоллар учирди, дўст? Бегона юртларда нима қилиб юрибсан? Уйингдагилар, қишлоқдошлар омонми?

Шавкат ҳам уни соғинган экан. Кўз ёшларини билдирмайгина енгига артди-да, жавоб беришга тутинди.

— Ҳамма яхши. Маҳаллада ҳар куни сени бир марта эсга олмасак, кунимиз ўтмасди. Айтганча, Даврон бориди-ку, пакана, ўшаям уйланди. Биласанми кимга? Охирги партада ўтирадиган Ширмонга. Хабаринг бормиди-йўқмиди, иккови учрашиб юришарди. Мана, муҳаббат ғолиб чиқди.

— Шунақа дегин? — энтикиб-энтикиб сўз қотди Мирсоли. — Зўр бўпти-ку, дўст! Иккови нуқул мактаб орқасида гаплашиб туришарди. Кўп кўрганман. Ўзинг-чи? Уйландингми?

— Йўқ, — деди Шавкат ер чизиб. — Очиғи… Уйланиш ниятим бориди. Бироқ бобом ўтиб қолди.

— Нима? Холдор бува-я? Қачон?

— Қирқиям ўтди. Шунга… Энди кейинга қолдирамиз тўйни. Биласан-ку…

— Менга қара, нима қилиб юрибсан бу ерларда? Қачон келдинг?

— Уч кун бўлди. Биласан, қишлоқда ҳозир яшаш қийин бўп қолган. Иш йўқ, кўпчилик мардикорчиликка чиқиб кетган. Менам ўйлай-ўйлай шу ёқларга сурвордим.

— Нима иш қиляпсан бу ерда? Яхшими ишинг?

— Ёмонмас, ўртоқ. Марказий бозордан «точка» очдим. Бир мент танишим бориди, армияда шу шаҳарда хизмат қилдим-ку, хабаринг бор! Ўша акахон ёрдам қилворди.

— Ким у мент? Оти нима?

— Подполковник Илья Трофимов деган одам. Яхши одам. Ҳа энди… Бекоргамас албатта. Ҳозир ҳеч ким бекорга ёрдам бермайди-ку! Аммо канкрет ҳимоя қилади. Ҳеч ким мушугимни пишт демайди, дўст!..

— Уми? — дея асабий лаб тишлади Мирсоли. — Ҳа, яхши одам. Лекин менда бир таклиф бор. Таклифмас, талаб. Нима дейсан?

— Қанақа талаб, Соли? Тинчликми?

— Шу ёқларда кўришдикми, демак, бу тақдирнинг иши. Сен ўзим билан бирга ишлайсан. Биламан, спортчисан, унча-мунчасини бир тишлаб отвора оласан. Хўш, розимисан?

— Сен биланми? — унга жавдираб тик боқди Шавкат. — Бозор-чи? Бозор нима бўлади?

— Қўй ўша бозорни. Мен билан бирга ишласанг, ўн баравар кўп пул топасан. Вей, мен дўстинг шу шаҳарга деярли эгаман, шуни биласанми? Шундай бўла туриб менинг дўстим қанақадир бозорда латта чангаллаб юрадими? Қўй-э, Шавкат, бу менга сира тўғри келмайди. Қишлоқдагилар эшитсаям, яхши иш бўлмайди.

— Хўп, нима иш қиламан?

— Буёғини менга қўйиб бер. Сен-чи, қаерга борсам, ёнимда юрсанг бўлди. Бошқасини ўзимга қўйиб бер! Хуллас, қўлингни совуқ сувга урмайсан. Келишдикми?

— Сенга йўқ деб бўлармиди?!. — кулди Шавкат. — Тутган ерингни кесасан-ку, хумпар!

— Шавкат, Заринаникидагилар яхшими? Укасига машина совға қилувдим. Миняптими?

— Ҳа, миняпти. Жа хурсанд сендан. Ҳар гапнинг бирида отингни такрорлайди. Лекин… Яхши қипсан. Катталар ҳам сени алқашди. Айтганча, Зарина деганингга бир нарса эсимга тушди. Ишонасанми, дўкондор ҳам шу шаҳарда. Вей, мен ишлайдиган бозорда савдо қиляпти.

— Нима? Содиқ-а?

— Ҳа-да, ўзим ҳам билмасдим, кеча кўриб қолдим. Ўша-ўша, ўзича керилиб, ҳеч кимга сўзини бермай юрибди. Билмайман қачонгача кериларкин…

— Нега келибди бу ерларга? Нияти нимайкан? Суриштириб кўрмадингми?

— Мен биланам тил учида сўрашди ишонсанг. Биласан-ку, отасининг пулига керилади у ифлос!

— Бекор қипти келиб, — деди Мирсоли муштларини тугиб. — Жонида қасди боракан чоғи.

— Соли, кечирасан-у, аммо гап келганда бир нарсани айтиб қўймасам, тинчлана олмайман.

— Нимани, дўст? Тинчликми? Бирор муаммонг борми? Айтавер!

— Менда муаммо йўқ. Бориниям, мана, ўзинг бир зумда ҳал қилдинг. Зарина билан боғлиқ гап.

— Хўш, нима? Гапир, Шавкат!

— Очиғи… Заринанг сен туфайли машина остига ўзини отмаган экан.

— Нима? Қ-қанақасига? Нима сабаб бўлган унда?

— Бунгаям ўша дўкондор айбдор. Синглим Ҳанифа айтувди. Унинг айтишича, дўкондор Зарина турмушга чиқишдан бош тортгандан кейин уни қандайдир маразлар қўлиминан ўғирлабди ва… Эҳ, айтишгаям тил бормайди. Хуллас, номусига теккан экан. Шу йўл билан Заринани ўзиники қилмоқчи бўлганмиш. Лекин Зарина барибир унга тегмади. У номуси поймол бўлганини уйидагиларгаям айтмабди. Қўрқибди. Охири… Ўзинг билган воқеа содир бўлибди.

— Нима? Номуси поймол бўлган? Ахир, ўлишидан олдин менга хат қолдирган. Мени кутиб чарчаганини ёзган… Қ-қанақасига номуси…

— Хатниям атайин ёзганакан. Буниям синглим айтди. Сен билиб қолсанг, қўлингни қонга бўяшингдан қўрққанмиш…

Мирсоли бу мудҳиш хабарни эшитгандаёқ тепа сочи тикка бўлиб, қалби ғазабга тўлди. Ўзини қўярга жой топа олмай, бир неча бор хонада уёқдан буёққа юриб олди ва тўсатдан Шавкатнинг елкасига чанг солди.

— Шу гапларинг ҳақиқатми? Жавоб бера оласанми гапирган гапингга?

— Нега жавоб бермай? Албатта жавоб бераман. Ишонмасанг, юзлаштир ўша ит билан! Жавоб бермаган одаммас!

— Мен у билан юзлаштирибгина қолмайман, — деди Мирсоли дўстининг кўзларига тик боқиб. — У маразнинг аҳволини ўз кўзларинг билан кўрасан.

— Хўп, кел, ҳозироқ топайлик уни! Мен квартирасини танишлардан сўраб аниқлайман.

— Яхши, унда ҳозир тансоқчилардан иккитасини қўшиб бераман. Шу ерга диконглатиб опкеласан дўкондорни. Унга бояги гапларингни айтмай тур! Олдин келсин, биргалашиб айтамиз!

— Хўп, мен тайёрман, дўст!

Мирсоли дарҳол Вадимга қўнғироқ қилди-да, машина тайёрлашни буюрди.

 

* * *

 

То Содиқни топиб келгунларича, Мирсолининг бўлари бўлаёзганди. Айниқса, ҳимоясиз, ожиза бир қиз, болаликдан кўз қорачиғидек асраган муҳаббатини дўкондорнинг қучоғида тасаввур этганда, Зарина ярим тунларда ёлғиз қолиб, унсиз йиғлаганларини ўйлаганда, ғазаб алангасида куяверди. Шундагина эрталабданоқ нега кўнгли ғаш тортганини англади. Бунга яна ўша Содиқ сабабчи бўлганини тан олгани сайин аламдан дод солар даражага етди.

Бир соатча вақт ўтгач, ниҳоят худди ўша Содиқ дўкондор Шавкат ва Вадим етагида кабинетга кириб келди. Унинг қовоқлари уйиқ, нуқул Мирсолига ер остидан разм солар, қур-қур бош қашиб оларди.

Мирсоли Вадимга рухсат берди-да, Шавкатни имлаб курсига ўтиришга ундади. Содиқ билан эса салом-алик ҳам қилмади.

— Ўртоқ, мана, бойвачча қишлоқдошимизни опкелдик, — гап бошлади Шавкат. — Негадир ийманди бойвачча. Бормайман деб роса тихирлик қилди.

— Йўғ-э, шунақами? Хўш, ҳамқишлоқ, — дўкондорга юзланиб хўмрайди Мирсоли. — Хуш кептилар кулбайи вайронамизга! Яхши етиб келдингизми? Ҳеч ким хафа қилмадими?

— Меними? — саволга савол билан жавоб қайтарди Содиқ. — Ўв, ука, мени хафа қиладигани ҳали туғилмаган. Нима ишинг бориди менда? Манави залингга қараганда, жа яхши ўрнашвопсан шекилли? Камчилик йўқми ишқилиб? Башарти камчилик бўлса, мана, бизга айтавер! Ҳарқалай бир қишлоқданмиз. Бегона юртларда ташлаб қўйиш йўқ.

— Ў, иштаҳалар зўр-ку, — дея Содиққа яқинлашди Мирсоли. — Нимадан ёрдам қилмоқчилар ўзи? Пулданми?

— Ҳа энди… Агар пул керак бўлса, айтавер, ҳамқишлоқ! Биз ҳалигидай… Ҳар ҳолда топишимиз ёмонмас. Қанча керак ўзи? Юз минг кўкида етадими? Уза оласанми ўзи қарзни? Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!!!

Мирсоли Содиқнинг муомаласини аллақачон тушуниб етганди. Шундай бўлса-да, аранг ўзини босиб турганди. Ҳиринглаши сабр косасини тўлдирди. Беихтиёр ёқасига чанг солди.

— Вей, ҳезалак, — шивирлади у. — Заринани нима қилдинг? Айт дедим, ифлос!..

Содиқ бу силташлардан кейин ҳам сира ўзини йўқотмай, гўё ўта маданиятли ва оғир-босиқдек аста Мирсолининг қўлини нари сурди.

— Ҳалиям ўша қиздан умид узмабсан-да, — деди дўкондор кўзларини қисиб. — У ўлиб кетган бўлса! Эндиям талашаверамизми ўшани?

— Нимага Заринанинг номусини булғадинг? Гапир, ҳезалак, гапир!

— Номус? — Содиқ бу гапдан сўнг бирдан жиддий тортди. Ранги бўзариб ўзини бир қадам орқага олди. — Эшитибсан-да! Майли, айтаман. Содиқ ҳаётда фақат худодан қўрқади. Ҳа, мен шу ишни қилганман. Чунки у меники бўлишини хоҳладим. Зарина бўлса қайсарлик қилиб…

Мирсоли ортиқ ўзини тутиб тура олмади. Бир зарб билан Содиқни полга қулатди. Оғиз-бурни қонга бўялган дўкондор барибир сир бой бергиси келмай, ўрнидан туришга чоғланди. Аммо Мирсоли қўймади. Қорнига ўнг оёғини тиради. Сезмаган экан. Вадим ҳам кабинетга қайтиб кирибди. Мирсоли Вадим ва Шавкат томонга бош бурди.

— Буни ҳозирча ертўлага олиб тушинглар! — деди Мирсоли уларга. — Биз биргаликда кечки овқатни тановул қилайлик! Кейин нима қилиш ҳақида гаплашволамиз. Унгача ертўлада дам олиб турсин бу ит! Шунча йўл босиб келиб чарчагандир-а? Нима дейсизлар?

— Гап йўқ, — Вадим биринчи бўлиб олдинга юрди ва дўкондорни бўйнидан сиқимлаб турғазди. — Қамаб қўямиз. Айтганча, уёқда овқат тайёр бўлибди, босс! Шошилмасак бўлмайди!

— Албатта, албатта! Шавкат, кетдик унда! Биз тушаверайлик! «Меҳмон»ни Вадимнинг ўзи жойлаштиради. Юр, дўст! Ҳа, Вадим, бу нарсани ҳеч кимга овоза қилиб юрма! Ўзинг тушунасан-ку!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...