Умра парвозлари икки бараварга оширилди

0

Шу йил 10 декабрдан Саудия Арабистонига Умра авиақатновларини бир кунда икки мартадан амалга ошириш бошланди. Шу кунга қадар умра ҳаво қатновлари бир кунда бир маҳал эди.

Зиёратчилар сони ҳам икки бараварга ошди. Ҳар бир авиақатновда 245 нафардан, жами кунлик зиёратчилар сони қарийб 500 нафарга етди. Мана шундай “Умра – 2019/2020” мавсуми парвозлари 2020 йил ёз ойларига қадар давом этади.

Умра зиёратлари ташкилий ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июнь кунидаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Юртимиз фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Умра сафарига борувчи зиёратчилар сонини белгилаш бўйича чекловлар (квота) олиб ташланганини эслаб ўтиш ўринлидир.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ахборот хизмати хабарига кўра, фуқаролар ушбу ўн кунлик умра сафари давомида Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида 7 кун бўлади. Улар мазкур шаҳарларда барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қилади ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, элликбошилар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади.

Зиёратчиларимизнинг ибодати мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш, ўзига хос иқлим шароитида эҳтиёткор бўлиш ва овқатланиш тартибига амал қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Zarnews.uz

loading...