Хонанда Феруза Эгамова нега фарзанд асраб олди?

0

Бугунги суҳбатдошимиз истеъдодли хонанда Феруза Эгамова. Хонанда билан бир неча йиллик танаффус ва бугунги кундаги ижодий янгиликлари ҳақида суҳбатлашдик. Самимий суҳбатимиз эса хонанда ижодидаги кутилмаган янгилик билан бошланди…

— Шахсий ҳаётингиздаги бир янгиликни эшитиб қолдик…

— Шахсий ҳаётим ҳеч қачон мухлисларим учун сирли эмас. Турмуш ўртоғим ва қизларим билан ҳозирда бахтли оилалардан бири бўлиб яшаяпмиз.

Сиз назарда тутаётган янгилик эса… Биласизми, биз киноларда кўрсак ёки китобларда бу ҳақда ўқисак, бир вақтнинг ўзида инсон ҳаётида учта воқеанинг бир-бирига боғлиқ ҳолда содир бўлишига ишонгимиз келмайди. Улар бўрттирилган деб ўйлайсиз. Лекин мен кинолардаги воқеалар ҳам ҳаётдан олинишига амин бўлдим. Чунки ҳаётимда бир воқеа бўлдики, бу ҳеч бир кинодан кам эмас. Ёзда Бухорога тўйга — хизматга бордик. Бу ёқда тўй, келиннинг онаси эса касалхонанинг реанимация бўлимида жон талвасасида ётибди, ўша оиланинг 6 ёшли қизчаси эса мени кўриб, кетаманга тушиб қолди. Тўй тугагунча ёнимдан бир қадам ҳам кетмади ва тўй тугаши билан қизнинг — Гуласалнинг онаси вафот этганини айтишди. Қайтишда эса қизалоқ орқамдан йиғлаб қолди. Қизчанинг йиғлаганини кўриб, унга меҳрим тушди ва ўзим ҳам йўлда келгунча кўз ёш тўкдим. Кейин билсам, Гуласал бир ой давомида иситмалаб ётиб қолибди ва мени яқинлари телефон қилиб унинг туғилган кунига чақиришди. Самарқанддаги тўйдан чиқиб, атайлаб туғилган кунга Бухорога бордим ва Гуласалнинг яқинлари билан гаплашиб олдим. Қизнинг менга талпинаётгани кўриб, уни фарзанд қилиб олишга қарор қилдим.

Гуласалнинг яқинлари унинг соғлиғи ва эртаси учун ҳам мен билан кетишига рози бўлишди. Айни дамда қизларим учта бўлган ва улар менинг бутун борлиғим…

— Турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз бу танловингизга қандай муносабатда бўлишди?..

— Тўғрисини айтсам, турмуш ўртоғим бу қароримни қувватлади. Чунки бундай қарорим борлигини аввалдан биларди. Қизларим эса аввалига қаршилик қилишди, қизғанишди. Кейин ўрганишди ва ҳозир бир-бирига жуда яхши муносабатда. Гуласални биз уйда Асал деб чақирамиз.

Қизларим мени доим қизғанишган. Атрофимни болачалар ўраб олишса, «Сизнинг шунча фарзандларингиз борми?» деб сўраб ҳам қолишади баъзида. Ана шундай қизиқ воқеаларнинг бири «Туркистон» санъат саройининг ёзги биносида бўлганди. «Ўсма» қўшиғини айтаётганимда саҳнада йигирматача бола атрофимни ўраб олган. Чунки бу қўшиғим болажонларимизга жудаям ёқарди. Ўшанда кимдир қучоқлаган, кимдир юзимдан ўпган. Иккита қиз эса кўйлагимни тортиб йиғлаяпти, эътибор бериб қарасам, ўзимнинг қизларим болаларга қўшилиб саҳнага чиқишган ва улардан мени қизғанишиб «Ая, ая» дея йиғлашяпти.

Мен ёшлигимдан фарзанд асраб олишга ҳавас қилганман ва бу ишни айни дамда амалга оширганимдан жуда хурсандман. Бундай савоб ишни қилишдан ҳеч қачон уялмайман ва буни мухлисларимдан ҳам яширмоқчи эмасман.

— Бу воқеага қанча бўлди?

— Адашмасам, 3 ой. Август ойида тўйда учратган бўлсам Асални, сентябрда асраб олдим. Биз бу қарорни қабул қилишга тайёр эдик ва Асалнинг яқинларини рози қилиб Тошкентга олиб келдик.

— Асраб олган қизингиз тез-тез уйига бориб турадими?

— Ноябрь ойининг бошида таътилда уйига бориб келди. Рости, қизим уйига кетаётганда қўрқдим. Қайтиб келмаслиги ҳам мумкин эди, ахир қон тортади-ку?! Шу фикрга ҳам ўзимни тайёрладим. Аммо Асал 3-4 кунда яна бағримга қайтиб келди…

loading...