Тўққиз ёшли вундеркинд ўқишни ташлади, унинг ота-онасини болага ҳаддан ташқари босим ўтказишда айбланяпти

0

Белгиялик тўққиз ёшли вундеркинд Лоран Симонс Эйндҳовен Техника Университетидан кетишга қарор қилди.

Лоран Симонснинг ота-онаси бола 26 декабргача олий маълумотли бўлишини хоҳлаган, чунки шундай бўлган тақдирда у 10 ёшга етмай диплом олган биринчи университет битирувчиси бўларди.

Аммо университет маъмурияти боланинг ота-онасига у ҳали яна бир нечта имтиҳонларни топшириши зарурлиги, ўқиш эса 2020 йилнинг ўрталаридагина якунланиши ҳақида хабар қилган.

Лораннинг ота-онаси бунга рози бўлмаган ва боланинг университетдаги машғулотларини дарҳол бекор қилган.

Улар ўғиллари ўн ёшда дипломли бўлиши учун уч йиллик таълим курсини 10 ойда тугатиши кераклигини ҳисоблаб чиққанди. Боланинг отаси Александр Симонсга кўра университет маъмурияти унинг ОАВ билан тез-тез мулоқот қилиб, ўз ўғли ҳақида гапириб беришидан норози бўлган.

“Бизга унга жуда кучли босим ўтказаётганимиз ҳақида айтишди. Агар бу шундай давом этаверса, унда ўғлимизни психологик экспертизадан ўказишга тўғри келар экан. Агар бола футболни яхши ўйнаса, биз ҳаммамиз унга нисбатан матбуотнинг қизиқишини яхши деб ҳисоблаймиз. Менинг ўғлимда эса бошқача иқтидор бор. Шундай экан, нега у билан фахрланмаслигим керак?” – деган у De Volksrant газетасига берган интервюсида.

Университет маъмурияти жўнатган хатнинг расми устига “Ёлғончилар!” деб ёзилган ҳолда Лораннинг Instagramдаги саҳифасига жойлаштирилган.

Университет маъмурияти баёнотида Лоран олий таълимни декабр охиригача тугаллай олмаслиги, бундай қисқа муддатда у фанни тўла миқёсда тушуниши, шуннингдек, ижодий ва танқидий таҳлил қобилиятини ривожлантириш имконсиз эканлиги айтилган. Агар университетни жуда эрта битирса, бу унинг келгусидаги академик карьерасига таъсир қилади, дея изоҳ берган маъмуриятдагилар.

Университет раҳбарияти Лораннинг ота-онасини беқиёс иқтидорга эга тўққиз ёшли ўғилларига ҳаддан ортиқ босим ўтказмасликка чақирган.

Белгиялик Лоран Симонс биринчи синфни бошқа болалар каби – бир йил ўқиган. Аммо кейин ғайриоддий ишлар содир бўла бошлаган: унинг синфдошлари иккинчи синф маълумотларини ўзлаштирар экан, Лоран ўрта мактабнинг тўлиқ дастурини ўқиб чиққан.

У олти ёшида юқори синфга кўчган ва 18 ойда бу босқични тўлиқ ўқиб тугатган. Бундан кейин у қисқа муддатга танаффус олган. Саккиз ёшида эса Эйндҳовен Техника Университети талабасига айланган.

BBC.com

loading...