Ўзбекистонда 12 декабрдан муддатидан олдин сайловга овоз бериш бошланади

0

Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайлов кунида ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар 12 декабрь куни соат 09:00дан 18 декабрь соат 18:00га қадар муддатидан олдин овоз бериши мумкин бўлади.

Бу ҳақда 10 декабрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов маълум қилди.

Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга 3 кун қолганида тугалланади. Яъни 12 декабрь куни соат 09:00 дан бошланиб, 18 декабрь соат 18:00 га қадар ўтказилади.

Брифингда таъкидланишича, сайловчи муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов куни яшаш жойида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза билан участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиши талаб этилади. Сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Маҳмуд Истамовнинг айтишича, муддатдан олдин овоз бериш учун 936 мингдан ортиқ сайлов бюллетенлари тайёрланди, бу сайловчилар умумий сонининг 5 фоизини ташкил этади.

«Сайловчилар ўз яшаш жойларидаги сайлов участкаларига ташриф буюришлари, сайловчилар рўйхатларини кўришлари ҳамда уларнинг маълумотлари сайловчилар рўйхатига киритилгани ва уларнинг тўғри киритилганлигини текширишлари мумкин», — деди МСК раиси.

Аввалроқ сайлов куни овоз бериш жараёни ва сайлов якунларини чиқариш босқичлари тўғридан тўғри намойиш этиладиган сайлов участкалари рўйхати тасдиқлангани, сайловчилар вақтинча яшаш жойида ҳам овоз беришда иштирок этиши мумкинлиги маълум қилинганди.

 

daryo.uz

loading...