БИЛАСИЗМИ? 2020 ЙИЛИ СИЗНИ НИМА КУТМОҚДА ЭКАН?..

0

 

 

ЭГИЗАКЛАР (21. 05 — 21. 06)

 

УМУМИЙ ТАЪРИФ

 

2020 йилда эгизаклар буржи остида туғилганлар бир-биридан ёрқин танишувлар, учрашувларни бошдан кечиришлари кутилмоқда. Танишувлар эзгу мақсадларга етишингизда ҳам жуда асқотади, ишонинг.

Йил аввалида шундай бир маълумотга эга бўласизки, у ишда ва шахсий ҳаётда сизга жуда керак.

Ёзга бориб меҳнат таътилига чиқишингиз тавсия этилади. Йил давомида майда-чуйда ишлардан воз кечинг. Улар вақтингизни беҳуда сарфлашингизга сабабчи бўлади холос.

Кузда яқин дўстлардан бири қизиқарли ва сердаромад иш таклиф этади. У тижорат билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Қариндошларга меҳр-оқибатли бўлинг. Уларга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатишдан тийилманг.

 

МУҲАББАТ ВА ОИЛА

 

2020 йил ҳамма қатори сизга ҳам романтик жараённи ваъда қилмоқда. Фақат бу жараёнга етиш учун биринчи навбатда ўзингиз ташаббус кўрсатишингиз керак. Одамларни танқид остига олишдан тийилинг. Энг ёмон, жоҳилдан ҳам яхши жиҳатлар топишга ҳаракат қилинг.

Пул кетидан қувиб тез-тез оила аъзоларингизга кутилмаган совғалар харид қилишни ҳам унутманг.

Оилалилар жуфтини янги йилда кўпроқ рашк қила бошлашади. Бу даҳшат. Агар рашк қилишга арзирли сабаб бўлмаса, рашк қилишнинг нима кераги бор? Жуда бўлмаса, психолог қабулига боринг. Балки руҳий аҳволингиз издан чиққандир?

Оиласизлар 2020 йили унутилмас учрашувни бошдан кечиришади. Агар ғурурни нари суриб, шинавандаликка эътибор қаратсангиз, бу учрашув абадий бахт ҳадя этиши аниқ.

Оилалилар 2020 йили моддий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келишлари эҳтимолдан холи эмас. Тез-тез қарз кўтаришга тўғри келади. Уй таъмири, жиҳозлар сотиб олиш учун банкдан кредит олганингиз маъқулроқ.

Йил охирида кўпчилик янги квартирага кўчиб ўтиши мумкин.

 

ЭРКАКЛАР

 

2020 йил сизга абадий муҳаббат ва хотиржамликни ваъда қила олмаса-да, янги бошлаган ишларингиз унумли кечиши кафолатланади. Шахсий бизнесига эга бўлганларни ҳам омадли лаҳзалар кутиб қолади. Баҳор ойларида нуфузли учрашувлар, хизмат сафарлари кўндаланг туради.

Ишга лаёқат ҳам аъло даражада бўлади. Агар тез-тез дам олиш, нафас росташга ўрин бермасангиз, саломатлигингизга путур етиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Яқин инсонларга кўпроқ эътибор қаратинг. Даромад катта бўлмайди. Лекин пулсиз ҳам қолиб кетмайсиз. Сиздан тўғри йўлни танлаш, сергаклик ва ташаббускорлик талаб этилади. Қолганини йилнинг ўзига қўйиб бераверинг.

 

АЁЛЛАР

 

2020 йил бошиданоқ аёллар ўзларини ҳам, атрофдагиларни ҳам мамнун этишга киришишади. Жиддий ишларга жиддийлик билан муносабат юритинг. Баҳорга бориб ишхонангизда обрўйингиз бирмунча ошишига гувоҳ бўласиз. Мукофот пуллари сизни жуда мамнун этади. Янги йилда ўзингиз учун янги хобби топинг. Иш юзасидан семинарлар, курсларга бориб билим доирангизни оширинг.

Ёлғизлар албатта ёрқин учрашувларни бошдан кечиришади. Фақат кимнидир севиб қолсангиз, идеаллаштирманг. 2020 йили саломатлигингизда муаммолар пайдо бўлиши кутилади. Ўз вақтида врач кўригидан ўтиб туришни унутманг.

Профессионал касбингиз билан боғлиқ ишларни бажаришда қийинчиликлар туғилса, ишга муносабатни ўзгартиринг. Эмоция қулига айланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг.

 

МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ

 

Ўзингизга нисбатан қаттиққўл бўлмасангиз, молиявий инқирозга юз тутишингиз ҳеч гап эмас. Дўконда кўрган нарсани сотиб олаверсангиз, инқироздан бошқасига эриша олмайсиз.

Шахсий бизнеси борлар, безакчилар, кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланадиганлар 2020 йили қўшимча даромаддан умид қилаверсалар бўлади.

Йил бошида иқтисод, иқтисод ва яна иқтисод талаб этилади. Шугина оилавий бюджетни сақлаб қолишда ёрдам беради. Қимматбаҳо буюмлар, кийимлар сотиб олишдан тийила туринг. Кузга бориб айримларга олисда яшовчи қариндошлардан бири молиявий ёрдам кўрсатиши кутилади.

Агар иш жойингизда анча йиллардан бери фаолият юритаётган бўлсангиз, 2020 йили янги лавозимдан умид қилаверинг. Кўпчилик илгари қойиллатиб бажарган иши учун мўмай даромад олади. Йил давомида янги жойга кўчиб ўтиш, муолажалар олиш, жарроҳлик операцияларини бошдан кечиришингиз учун моддий аҳволингиз жуда тобида бўлади.

Баъзи дўстларимиз йил мобайнида ҳамкасблар билан чиқиша олмай қийналиши мумкин. Улар сизнинг даромадингизга ҳасад қилиб, турли жанжалларни ўйлаб топиши мумкин.

Айримлар 2020 йили лотерея ўйнаб катта пул ютиб олиши кутилади.

 

МАРТАБА

 

2020 йил сизга ўта юқори мартаба ваъда қилмайди. Аммо мартабасиз ҳам бўлмайсиз. Муҳим ҳужжатларда хатоликлар бўлмаслиги учун бировларга ўрнингизга ҳужжатга имзо чекиш учун изн берманг.

Ишда мартабага эришиш учун жуда сергаклик ва тафаккурга бўйсунган ҳолда йўл тутишингиз лозим. Куз аввалида тез-тез хизмат сафарларига чиқишингизга тўғри келади. Ўзингизга нисбатан тажрибаси кўп ҳамкасблар маслаҳатига бажонидил қулоқ тутинг.

Ишда ҳақиқий истеъдодингизни намойиш эта билсангиз, мартабангиз ошишига сабабчи бўлиши мумкин ҳисобланган бообрў шахслар ёрдамидан баҳраманд бўласиз.

 

САЛОМАТЛИГИ

 

Билинг, 2020 йили ўз вақтида врач кўригига бормасангиз, ўзингизни эҳтиёт қилмасангиз, саломатлигингиз масаласида муаммоларнинг охири бўлмайди. Биринчи ўринда тўғри овқатланиш ва жисмоний машқлар туриши лозим. Агар бел, бўғимлар ва ошқозонингиз оғриётган бўлса, улар айнан сиз учун. Спортнинг фаоллик талаб қилувчи турлари билан шуғулланмаганингиз маъқул. Гимнастика ва сузиш машқларини эса тез-тез бажариб туринг. Жисмоний зўриқишлар жиддий жароҳатлар олишингизга сабабчи бўлади.

Баҳор бошида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтсангиз ҳам зиён қилмайди. Иммунитетни кўтариш ва умуртқа поғонангизни мустаҳкамлаш учун муолажанинг халқона усулларидан фойдаланинг. Спиртли ичимликлар истеъмолидан тийилинг.

Янги йилингиз қувончли лаҳзаларга бой бўлсин!

Саломат бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...