«Янги бинода ҳисоблагичлар мавжуд. Тўловлар ҳам вақтида тўланмоқда!» МИБ расмий изоҳ берди

0

Жорий йилнинг 13 декабрь куни «Telegram» тармоғининг «Muxbir Daliev» каналидаги «МИБ Андижон вилоят бошқармаси электр энергияси учун тўлов қилмасдан истеъмол қилаётгани ҳақида»ги маълумот чоп этилди.

Мазкур хабарда, Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси электр энергиясидан электр ҳисоблагичсиз, таъминотчи корхона билан шартнома тузмасдан электрдан фойдаланиб келаётганлик ҳолати танқид қилинган.

Аниқланишича, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси билан «Евростар премиум» МЧЖ ўртасида 2018 йил 24 май куни Андижон шаҳридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва шаҳар бўлими биноси қурилишини бажариш ҳақида 234-сонли пудрат шартномаси тузилган.

Шунингдек, Бюронинг Андижон вилоят бошқармасининг эски (Бобуршоҳ кўчаси, 126-уй) биноси таъмирталаб бўлганлиги сабабли, жорий йилнинг 10 сентябрь куни «Евростар премиум» МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан қурилиши тугатилган янги бинонинг фойдаланиши мумкин бўлган жойларида ходимларнинг иш фаолиятини олиб боришига рухсат берилган.

Бироқ пудратчи томонидан қурилиш ишлари тўлиқ якунига етказилмаганлиги сабабли бино давлат топшириш-қабул қилиш ҳайъати далолатномаси асосида топширилмаган.

Ҳозирда бинонинг электр энергиясидан фойдаланиши ва тўловларнинг амалга оширилиши — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12. 01. 2018 йилдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 22-сонли қарорининг 65-бандига асосан, электр тармоқлари корхонаси билан истеъмолчи сифатида пудратчи «Евростар премиум» МЧЖ ўртасида 05. 01. 2019 йилда тузилган 311908-сонли шартномага асосан амалга оширилмоқда.

Шартномага асосан, электр энергиясини ҳисобга олиш учун «Евростар премиум» МЧЖга DTS-541 русумли, давлат рақами 909784 бўлган электр ҳисоблагич ўрнатилиб, шу асосида истеъмол қилинган электр энергия учун ҳисоб-китоб қилинмоқда.

(Бунга оид пудратчи «Евростар премиум» МЧЖ билан Бюронинг вилоят бошқармаси ўртасида истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни келгусида қоплаб берилиши кўзда тутувчи қўшимча келишув мавжуд.)

Қурилиш корхонаси охирги марта 05. 12. 2019 йилда 4 670 749 сўм ва 2 млн 415 минг сўм, жами 7 млн 86 минг сўм миқдорда тўлов амалга оширган ва ҳозирда қарздорлиги мавжуд эмас.

Қурилиш корхонаси томонидан қурилиш ишлари якунига етказилиб, бино якуний топшириш-қабул қилиш ҳайъати далолатномаси асосида Мажбурий ижро бюросига топширилганидан сўнг Бюронинг Андижон вилоят бошқармаси электр энергиядан фойдаланиш бўйича белгиланган тартибда шартнома тузилиб, истеъмолчи сифатида рўйхатга олинади ва фойдаланилган электр энергияси учун ўрнатилган ҳисоблагичлар асосида ҳисоб-китобларни амалга оширилади.

Бундан ташқари, Бюронинг Андижон вилоят бошқармаси биносига эҳтиёж йўқлиги сабабли, табиий газ тармоғи ўрнатилмаган.

Бюронинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ушбу хабарни ўрганиш вақтида, «Евростар премиум» МЧЖ қурилиш корхонаси вакили Комилжон Юлдашев Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва шаҳар бўлими биноларининг қурилиш ишлари тўлиқ якунига етмаганлигини, истеъмолчи сифатида «Евростар премиум» МЧЖ таъминотчи корхона билан тузган шартномасига биноан электр энергияси сарфи учун тўловларни мунтазам амалга ошириб бораётганлигини, бино қурилиш ишлари якунига етказилгач, якуний топшириш-қабул қилиш ҳайъати далолатномаси асосида Мажбурий ижро бюросига топширилишини билдирган.

Ўрганишда, Андижон шаҳар электр таъминоти корхонаси муовини О. Назаров «Евростар премиум» МЧЖ томонидан электр энергияси истеъмоли қонун талаблари асосида амалга оширилаётгани ва электр энергиясини узатишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаганини билдирди.

Шу сингари «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ мутахассислари томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш аҳволи ўрганилганида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланмади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, Мажбурий ижро бюроси «Muxbir Daliev» каналидаги ушбу хабарни жойлаштиришда бир томонлама ёндашиб, тегишли мутахассислар (эксперт) фикри ва қонунчилик талабларини инобатга олмаган ҳолда асоссиз равишда ёритилган деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси, келгусида бу каби хабарларни жойлаштиришда, унинг ишончли вa холислигига алоҳида эътибор қаратишни ҳамда бу борада Бюро органлари билан ҳамкорлик қилиниши мақсадга мувофиқ, деб эслатиб ҳам ўтди.

Мажбурий ижро бюроси

loading...