БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, БРАТ?

0

 

 

“ИНШО”

(ҳажвия)

 

Адабиёт ўқитувчиси Вали ўқийдиган синф болаларига австриялик буюк бастакор Штраус тўғрисида иншо ёзиб келишни уй вазифаси қилиб берди. Вали уйга келди-ю, отасидан сўради:

— Биз Штраус ҳақида иншо ёзишимиз керак экан. Мен ҳеч нарса билмайман-ку!..

— Ким ҳақида?

— Штраус ҳақида.

— Ҳа-а, мен сенга страус ҳақида ёзиб бераман, ўғлим. Ўзинг ҳам бирор нима ўқиб тур, қўшимча қилиб ёзиб қўярсан!..

Шундан сўнг ота энциклопедияни олди-да, страус ҳақида нима ёзилган бўлса, ҳаммасини кўчириб ўғлига берди. Вали ҳам «Ш» ҳарфли китобдан Штраус ҳақидаги барча маълумотларни ёзиб олди.

Эртаси куни мактабга келиб, хурсанд бўлганча иншосини синфдагиларга ўқиб берди. Натижа шундай бўлдики, худди ўша иншони ҳар гал ўтадиган кечаларда синфдошлари илтимос қилиб сўрайдиган бўлишди. Вали ҳам ноз қилиб ўтирмай ўқиб беришга одатланди. Хуллас… иншо қуйидагича ёзилганди:

— Буюк Австрия бастакори Штраус — ер юзида яшовчи энг йирик қуш ҳисобланади. У скрипкачи, дирижёр ҳамда бастакор оиласида дунёга келган. Бўйи нақ уч метр келади.

Штраус учишни билмайди. Лекин Африканинг яйдоқ чўлларида яшашига қарамай, бутун Европа бўйлаб гастроллар уюштира олган. Гастроллар давомида тезлиги соатига етмиш чақиримгача етган.

Шу билан бир қаторда у ўз оркестрига ажойиб панжалари ёрдамида дирижёрлик қилган.

Штраус Австрия пойтахтида, қушлар тўдасида яшайди. Унинг ажойиб туклари ва «вальс қироли» деган унвони бор.

Штраус бир вақтнинг ўзида учтадан олтитагача страус хонимларнинг эри ҳисобланади. Йўқ, бу билан дунёга танилмаган. Аксинча, «Қишки ўрмон эртаклари» вальсини ёзгач танилган. Фақат бир камчилиги бор. Никоҳ мавсумида жуда баджаҳл бўлиб қолади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Штраус ҳар йили соф оғирлиги икки кило келадиган тухум қўяркан. Шу жумладан, «Кўршапалак», «Лўлилар барони» оперетталарини ҳам…

Ўзининг қисқа ҳаёти давомида узунлиги ўн беш сантиметрдан кам бўлмаган юзлаб мусиқий асарлар ва ўн олтита дунёдаги энг йирик тухумларни ярата олган.

Илгари Штраусни фермаларда — қуёнлар ва товуқлар орасида ҳам кўпайтириб кўришган. Аммо у 1899 йили тўсатдан оламдан ўтди. Ҳозиргача Штрауснинг туклари ҳамда оперетталарини барча яхши кўради.

Ҳормасбоев ТОЛМАСБОЕВ тайёрлади

loading...