Ҳикоя: Сирдошнинг сири

0

Торгина йўлакдан палатага кирган Пўлат ранглари оқариб кетган онасининг каравотига яқин борди-да, сўнгра синглиси Гўзалга: «Нима гап?» дегандек қаради. Палатага кимдир кирганини сезган Дилором ая аста кўзларини очди:

— Маҳбубани топдингларми?..

— Ҳа, ойи, ҳозир келаркан…

— Худога шукр!..

Аёл енгил тин олди-да, яна кўзларини юмди. Шунда Пўлат синглисини аста четга тортди:

— Нима гап ўзи? Маҳбуба опа ким, унда нима иши бор экан?

— Бир пайтлар курсдош бўлишган экан… шунга кўргилари келяпти, шекилли…

Шу пайт йўлак бошида бир аёл кўринди. «Ана, келяпти», деди Пўлат ва аёлнинг истиқболига шошди.

— Ассалому алайкум, холажон.

— Қайси палатада ётибди? — сўради саломга алик олгач аёл.

Гўзал йўл бошлади. Аёл ичкарига кирди-да, бир пайтлар ўта гўзал, хушчақчақ бўлган        курсдоши Дилоромнинг аҳволини кўриб, кўнгли бузилиб кетди.

— Дилором, тузукмисан, ўртоқжон?!

Таниш овоз, бунинг устига, ўша ўт-олов бўлиб ёниб юришгандаги сўрашишлардан беморнинг кўзлари алланечук ялтираб кетди.

— Бормисан, Маҳбуба?..

Гўзал онасининг ўрнидан туришига кўмаклашди. Икки ўртоқ қучоқлашиб кўришди. Кўзлар    намланиб, лабларга табассум югурди.

— Аҳволимизни қара, — деди Дилором Маҳбубанинг оқарган сочларидан кўзларини узмай.

Аёлнинг бу гапларида йиллар давомида қалбига сингиб кетган афсус оҳанги бор эди.

* * *

— Дили, ҳой Дили, тура қол, ўртоқжон, яна ухлаб қолибмиз, биринчи пара Нўъмон домланинг дарси-я, кеч қолсак, нақ ҳайдаб юборади…

Дилором керишиб, аранг кўзларини очди.

— Уф-ф, бугун ҳам ўқишми, а? Яна Нўъмон домланиннг дарси билан бошланишига ўлайми?

— Жаврамасдан тур тезроқ. Нонушта қилишга вақт етмайди, йўлдан ул-бул оламиз…

Маҳбуба дугонасининг сумкасига дафтарларни солаётганида Дилором эринибгина кийинди ва улар йўлга тушишди.

— Дугон, бугун ҳам сизларникида қолай. Ётоқхонада ухлагандек бўлмайман, қизлар кечаси ухлашмайди, тонггача ғала-ғовур, негадир бошим оғрийдиган бўлиб қолган. Кейин ойингнинг қўллари бирам ширин, айниқса, тошкентча ошни жуда дўндиради, — деди Дилором Маҳбубага.

— Майли, ўртоқжон, истаганингча туравер, мен ҳам бир ўзим зерикаман, бирга дарс тайёрлаймиз. Истасанг, ётоқхонадан бизникига кўчиб кел, — деди Маҳбуба.

Бу гап Дилоромга ёқиб тушган бўлса-да, дадасининг «Кимникида турибсан? Улар қандай одамлар?» деб тергашидан чўчиди.

— Ётоқхонага ҳам унда-бунда бориб турмасам бўлмайди, ўртоқжон, биласан, бир-иккита таниш қизлар ҳам шу ерда туришади, агар у ерда бўлмасам, қишлоққа бориб гапириб юришмасин.

— Ўзинг биласан, унда…

Икки дугона дарсга аранг етиб келишди.

— Маҳбуба, қара, Абдулла яна сендан кўзини узмаяпти, — деди Дилором йигит томонга қараб биринчи пара охирлаётганда.

— Дарсда жим ўтирсанг-чи, — деди Маҳбуба норози оҳангда.

— Қарасанг-чи, кўзини узмаяпти-да.

— Майли, қўявер!..

Дилором йигитга қараб юзини бужмайтириб масхара қилди-да, дафтарига эгилди.

Танаффус пайтида Абдулланинг доим ёнида юрадиган дўсти Равшан Маҳбубанинг қўлига қоғозча тутқазди.

— Мана буни тез олинг, дугонангиз кўрмасин экан.

Маҳбуба қоғозни олди-ю, қаерга яширишни билмай қолди. Буни Дилором сезди.

— Ҳа-а, менсиз нималар қиляпсизлар?

— Ўзингизга тегишли бўлмаган нарсага нима қиласиз аралашиб? — деди Равшан.

— Нега энди?! Дугонамга тегишли нарса мени бефарқ қолдирмайди, билдингизми? — дея Дилором Маҳбубанинг қўлидаги қоғозни тортиб олди ва тезда ўқиб, қайтиб дугонасига узатди.

— Ма, Абдулла сенга нималардир ёзибди.

Маҳбуба қоғозчани очиб ҳам кўрмай нари улоқтирди.

— Нега отасан? — астойдил жаҳли чиқди Дилоромнинг. — Йигит сен билан гаплашмоқчидир, балки, нимадир дегиси келаётгандир.

— Э-э, қўйсанг-чи!

Маҳбуба жадал юриб кетди. Дилором эса ерда ётган қоғоз парчасини олди-ю, дугонасининг кетидан югурди.

— Тўхта, Маҳбуба!

* * *

Кечки овқатдан кейин хонага кирган икки дугона дарсга тайёрлана бошлади.

— Маҳбуба, — деди Дилором дугонасига ҳавас қилиб. — Сенга маза-да, ўртоқжон. Пойтахтда яшайсан, ишинг ҳам, яшашинг ҳам шу ерда бўлади… Мен эса ўқишни битирганимдан   кейин Бухорога кетишимга тўғри келади. Чунки дадам билан келишувимиз шундай.

— Э, қўйсанг-чи, ҳар кимнинг пешонасидаги бўлади…

— Қарагин, дугон, агар Абдуллага тегсанг, Хоразмда яшайсан, дадаси катта ишбилармон одам. Маза, ҳамма нарсанг етарли бўлади.

— Мени у ёқларга узатишмаса керак.

Қиз ширин энтикди.

— Абдулла юрагингдан урган, шекилли, а?! — деди буни кўрган Дилором.

— Нималар деяпсан? Мен шунчаки…

— Э, бўлди, ўртоқжон, демак, хоразмча шевани ҳозирданоқ ўрганавер!

— Э, бор-э, дарс қилайлик…

Дугоналар дарсини қилиб бўлишгач, ухлашга ётишди. Маҳбуба эса уйқуси келмай дугонасига тикилди. Бирам     шарттаки, шўхки. «Тавба, қиз бола ҳам шунақа бўладими?» ўйлади ичида.

Маҳбуба икки ўғилнинг орасида ўсгани учунми ёки ота-онаси Маҳбубанинг қулоғига «Қиз бола ундай бўлади, бундай бўлади, қиз бола кўчада ўз-ўзидан кулавермайди», деб уқтиришгани боисми бировга ортиқча сўзламасди ҳам. Ўқишга кирганида дугоналарини, курсдошларини кўриб, тамоман бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлди. Мана, Дилором. Бир гапириб, ўн кулади. Йигитларни лолу ҳайрон қолдириб, битта гап билан мот қилиб кетади. Маҳбуба эса унинг акси, ҳатто унга гап отган йигитларга жўяли жавоб қайтаролмайди ҳам.

Иссиққина ўринда пишиллаб ухлаб ётган дугонасининг қилиқларини эслаган Маҳбуба кулиб қўйди-да, ўзи ҳам уйқуга кетди.

Шу тариқа кунлар ўта бошлади. Абдулла Маҳбубага дил изҳорларини ёзар, Равшан эса хатни ташиб чарчамасди. Севишганлар дам кинога, дам музқаймоқ       ейишга боришар, уларнинг гапи кечга қадар тугамасди. Курсдагилар ҳам Маҳбуба билан Абдуллага ҳавасла қарашарди.

— Маҳбубахон, айтинг-чи, мендан олдин ҳам кимнидир ёқтирганмисиз? — сўради Абдулла учрашувларнинг бирида. — Юрагингизда фақат мен бўлишни истайман, шунинг учун саволим кўнглингизга оғир ботмасин.

— Йўқ, ҳеч қачон бўлмаган, — деди Абдулланинг самимий юзига боққанча қиз.

— Агар сизга совчи қўйсам, беришадими Хоразмга?

Қизнинг уялганидан юзи оловланди:

— Билмадим!.

— Агар менга беришмаса, дунём қоронғи бўлади…

* * *

Янги йил байрами яқин эди. Курсдошлар орасида байрамни қандай нишонлаш ҳақида ҳар хил фикрлар туғила бошлади. Кимдир кафеда қиламиз, деса, яна кимдир, «Бирор кимнинг хонадонида бўлсин», деб ғала-ғовур қилишди. Шу пайт Дилором шартта стулга чиқиб олди-да, «Байрам зиёфати кафеда бўлади, тамом-вассалом, ҳамма боради, шикоят ва эътирозлар қабул қилинмайди!» деди қатъий оҳангда.

Маҳбуба яна шалвираб қолди. Чунки шу вақтгача унга на бирор тўй ва на кафега боришига рухсат бермаган. Кичик мажлис тугагач, Дилором Маҳбубанинг ёнига югуриб келди:

— Ўртоқжон, сен хавотир олма, ўзим ота-онангдан сўраб бераман, — деди.

Ота-онасининг феълини яхши билган Маҳбуба эса индамай бош ирғаб қўя қолди.

Янги йил байрамига икки кун қолганда Дилором Маҳбубаларнинг уйига келди.

Маҳбубанинг отаси камгап инсон эди. У обдан Дилоромнинг сўзларини тинглади-да, Маҳбубага кўз қирини ташлади. Бу нигоҳни Маҳбуба жуда яхши тушунарди. Онаси эса ерга қараб, индамай ўтираверди.

— Холажон, амакижон, ўзим билан бирга бориб келади, эртароқ қайтамиз уйга, ўша куни шу ерда ётиб қоламан, — бу оиладаги қонун-қоидаларни тушунмаган қиз ҳамон бидирларди.

Маҳбубанинг умидсиз юзига қарагачгина ҳаммасини тушунди.

Кечки овқатдан сўнг иккала қиз Маҳбубанинг хонасига кириб кетишди. Маҳбуба бир неча кун олдин байрамга бориш учун янги кийим сотиб олганди. У жаҳл билан дазмоллаб шкафга осиб қўйган кўйлагини юлиб олди.

— Ундай қилма, ўртоқжон, майли, бормай қўя қол, — деди Дилором ҳам ҳафсаласиз.

* * *

Байрамнинг эртаси куни эшик тақиллади. Эшикни Маҳбубанинг ойиси очди.

— Ассалому алайкум, холажон, Янги йилингиз билан! — бу Дилоромнинг овози эди.

— Ҳа, кел, қизим, ўртоғинг ичкарида, хонасига қулфланиб олган.

Маҳбуба Дилоромни интиқ кутарди.  Эшикдан у кириб елгач, йиғидан қизариб кетган юзига табассум югурди.

— Вой, ўртоқжон, бормисан, байраминг билан!

Икки ўртоқ бир-бирини қутлаб, каравотга ўтириб олишди.

— Маҳбуба, бекор бормадинг-да, ўртоқ, ҳаммаси зўр бўлди. Фақат сен бормадинг, қолган ҳамма борди. Абдулла тинмай сени сўрайди. Ҳатто-чи, келмоқчи ҳам бўлди бу ёққа. Аранг тўхтатиб қолдим. Бошим айланиб кетди. Хуллас, маза қилдик, бир умр эсимдан чиқмайди бу байрам.

Маҳбуба ширин энтикди. Абдулланинг табассуми, уни зимдан кузатишларини кўз олдига келтирди.

— У кетди, — деди сўзининг сўнгида Дилором.

— Қаёққа?..

— Хоразмга-да, таътил вақтида дам олиб келади. Биласанми, у сен олдин кимнидир севгансанми, йўқми, шуни сўради.

— Нега сендан сўради? — Маҳбуба ялт этиб дугонасига қаради.

— Қайдам?! Зиёфатда биринчи муҳаббат ҳақида гап кетганда бир пайтлар синфдошинг Азим билан севишганинг ҳақида… — деди Дилором бошини эгиб.

— Нима?! — Маҳбуба сапчиб тушди.

— Шунчаки, гап орасида айтиб қўйибман, ўртоқжон. Нима бўпти, ёшликда ким ҳам севмайди дейсан?..

— Нима қилиб қўйдинг, Дили?

— Нима қилдим? Шунчаки айтдим, холос. Шунга аразлайдими ёки сени ташлаб кетадими?

— У… У ёлғонни ёқтирмайди, бир марта алдаган одам яна алдайди, дерди. Абдулла энди қайтиб келмайди!..

— Тавба, нега? — Дилором ётган жойидан туриб, ўтириб олди.

— У қайтмайди!  «Агар бир марта ёлғон гапирсангиз, ҳечам кечирмайман», деган. Чунки унинг оиласида ҳеч ким ёлғон гапирмайди.

Маҳбуба ортиқ гапирмади. Кечагина акасининг кутилмаганда «Шу ўртоғинг менга ёқмайди-да», деган гапи нима учундир қулоғи остида жаранглади. Дугонасининг гапирмаётганини кўрган Дилором ҳовлига чиқди. У ерда Маҳбубанинг келинойиси билан алланималар ҳақида гаплашиб, чақчақлашди. Маҳбуба эса хаёл кўчасига кирганча ҳамон донг қотиб турарди. «Эҳ, Дилором, нималар қилиб қўйдинг, сенга ишониб сирларимни айтсам-у, сен бўлсанг», — дея унсиз йиғларди қиз.

* * *

Қишки таътил тугади ҳамки, Абдулладан дарак бўлмади. Маҳбуба Дилоромга, у эса дугонасига термиларди. Бир куни гуруҳ сардори: «Абдулла энди келмас экан, ўқишини бошқа жойга кўчирибди, ҳужжатларини дадаси олиб кетди», деди. Шу-шу Абдулла сувга тушган тошдек йўқ бўлиб қолди. На хат бор, на хабар…

* * *

Мана, орадан йиллар ўтиб, икки дугона фарзандли, унинг кетидан набирали ҳам бўлишди. Дилором кенжа ўғлини уйлантиргач, қаттиқ оғриб қолди. Негадир Маҳбубани кўргиси, ундан кечирим сўрагиси келаверди ва болаларига тайинлаб, уни топтирди. Мана, сочлари оқарган, юзига ажин тушган икки дугона бир-бирининг дийдорига тўйгунча суҳбатлашишди.

— Мени кечир, ўртоқжон, — деди Дилором у билан хайрлашаётган чоғда. — Ўшанда аҳмоқлик қилиб, сирингни фош этмаганимда, сен Абдулла билан    бахтли бўлган бўлармидинг… Биласанми, бир умр шуни ўйлаб ўтдим. Ётсам ҳам, турсам ҳам шу дард мени қийнади. Мен ҳам бахтли бўлмадим. Эримнинг аввалига иши яхши эди, иши ортга кетгач, ичкиликка берилиб кетди. Хуллас, болаларимниг еб-ичиши, кийиниши ўзимга қолди. Худога шукр, мана, ҳаммасини уйли-жойли қилдим.   Навбат кенжамга келганида бироз қийналдим. Кўриб турганингдек, энди ётибман… Балки, сўнгги нафасимни олаётгандирман, агар сен кечирдим, десанг…

— Нималар деяпсан, ўртоқжон? Сени кўриб турганимдан жуда ҳам хурсандман, мен ҳатто бахтлиман ҳам. Ўша пайтлар ғўрлик вақтимиз бўлган. Абдуллага мени беришмасди ҳам. Шундай экан, кўнглингни хотиржам қил, ўртоқжон.

— Йўқ, сенинг севмаган кишинг билан турмуш қуришингга мен сабабчиман.

— Ундай дема, дугонажон, мана, бир-биримизни топдик, энди борди-келди қилайлик, болаларимиз бир-бирини танишсин…

Ҳали-ҳануз самимийлигу соддалигини йўқотмаган дугонасининг гапларини эшитиб, Дилором синиқққина жилмайди ва «Иншаоллоҳ!» деб қўйди.

* * *

Икки кундан сўнг Маҳбуба дугонасини кўргани яна келди ва унинг жонлантириш бўлимида эканини эшитиб, юраги орқага тортиб кетди.

— Ойим кечаси оғирлашиб қолди, — деди Пўлат. — Негадир ёшлик пайтларини кўп эслайди. Сизни ранжитиб қўйганини бот-бот такрорлайди.

— Мен у кунларни эсимдан чиқарганман, болам. Агар ўзига келса, айтиб қўй бу ҳақда ўйламасин.

— Хўп бўлади, холажон…

* * *

Орадан бир неча кун ўтиб, Маҳбуба аянинг дарвозаси тақиллади.

— Ки-им? — дея меҳмоннинг истиқболига чиқди бир қиз.

— Менман, айланай, — эшикдан ўша даврлардагидек хушчақчақ, аммо қўлларига асо олган Дилором ая кириб келди.

Озода ТУРСУНБОЕВА

loading...