Расулуллоҳ насронийга жаноза ўқиганлар…

0

Оли Имрон сурасининг 188-оятида шундай марҳамат қилинади: «Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда, деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!»

Абу Саид Худрий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ғазотга чиқсалар, бир гуруҳ мунофиқлар у киши билан бормасдилар. Қайтганларидан кейин эса узр айтиб қасам ичишар, қилмаган ишлари билан мақтанишни яхши кўришарди. Шунда ушбу оят нозил бўлди» (Имом Муслим ривояти).

Язид ибн Аслам айтади: «Мадина амири Марвон ибн Ҳакамнинг ҳузурида Абу Саид Худрий, Зайд ибн Собит ва Рофиъ ибн Худайжлар бор эди. Марвон: «Эй Абу Саид, Аллоҳнинг «Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни…» ояти ҳақида нима дейсиз? Аллоҳга қасамки, биз қилган ишимиз билан хурсанд бўламиз, қилмаган амалларимиз учун мақтанишни яхши кўрамиз», деди. Шунда Абу Саид: «Бу оят бу ҳақда эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида одамлар ғазотдан қолишарди. Агар асҳобларга мусибат етса, қолганликлари учун хурсанд бўлишарди. Агар мужоҳидларга хурсандчилик етса, уларга қасам ичиб (узр айтишарди), қилмаган ишлари билан мақтанишни хоҳлашарди», деди».

Алқама ибн Ваққос айтади: «Марвон эшикбони Рофеъга деди: «Ибн Аббосга бориб айт: агар одам қилган иши билан хурсанд бўлса ва қилмаган иши билан мақтанишни яхши кўрса, азобга тутиладими? Агар шундай бўлса, бизнинг ҳаммамиз азобланамиз-ку!» Абу Рофеъ Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга бу хабарни етказганида: «Сизлар бу оятни нега бундай тушуняпсиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудларни чақириб, айрим нарсалар ҳақида сўрадилар. Улар яшириб, ўзгартириб жавоб беришди ва саволларига жавоб беришгани учун мақтов кутаётгандек қилиб ўзларини кўрсатишди. Қилган ишлари, яъни ҳақни яширганларидан хурсанд бўлишди», деди. Кейин Ибн Аббос қуйидаги оятни ўқиди: «Ўшанда Аллоҳ Китоб берилганлардан уни инсонларга очиқ баён қилиб берасиз, деб аҳд олган эди» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Заҳҳок айтади: «Мадина яҳудийлари Ироқ, Яман ва хатлари етиб борадиган ер юзи яҳудийларига хат ёзишди: «Муҳаммад Аллоҳнинг Пайғамбари эмасдир. Ўз динларингда собит туринглар. Ҳаммамизнинг сўзимиз бир жойдан чиқсин». Шундай қилиб, уларнинг гапи бир жойдан чиқди ва Қуръонга кофир бўлишди. Бундан хурсанд бўлишиб: «Гапимизни бир жойдан чиқарган Аллоҳга шукр. Биз тафриқаланмадик, динимизни ҳам тарк этмадик. Биз намоз ва рўза аҳлларимиз, Аллоҳнинг дўстларимиз», дейишди. Аллоҳнинг бу ояти шу ҳақдадир. Улар қилган ишлари билан хурсанд бўлдилар ва қилмаган ишлари, яъни намоз, рўзалари − ибодатлари билан мақтанишни яхши кўрдилар».

190-оятда шундай дейилади: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Мушриклар яҳудийларга: «Мусо сизларга қандай оят, мўъжизалар келтирган?» дейишди. Улар: «Унинг асоси ва кўрувчилар учун оппоқ кўринган қўли», дейишди. Кейин улар насоролар олдига бориб: «Исо нима иш қиларди?» деб сўрашди. Улар: «Кўр ва песларни тузатарди, ўликларни тирилтирарди», дейишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб: «Роббингга дуо қил! Сафо тоғини олтинга айлантириб берсин», дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».

195-оятда марҳамат қилинадики: «Робблари уларнинг (дуоларини) ижобат қилиб: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилганлар, диёрларидан чиқарилганлар, Менинг йўлимда азият чекканлар, жанг қилганлар ва қатл бўлганларнинг ёмонликларини ўчирурман ҳамда уларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритурман, бу – Аллоҳнинг ҳузуридан савобдир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал савоб бор Зотдир», деди».

Умму Салама розияллоҳу анҳонинг болаларидан бири Салама ибн Амр ибн Абу Салама айтади: «Умму Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ҳижрат борасида бирор нарса деб аёлларни зикр қилганини эшитмадим», деганларида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди» (Имом Ҳоким ривояти).

 

196-оятда айтилади: «Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин».
Бу оят Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган. Улар фаровон, енгил, роҳат-фароғатда яшашарди. Тижорат қилишар ва кўп неъматлар ичида эди. Буни кўриб баъзи мўминлар: «Аллоҳнинг душманлари кўриб турганимиздек яхшиликда яшашяпти. Биз эса очлик ва машаққатдан ҳалок бўляпмиз», дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди».

199-оятда шундай дейилади: «Албатта, аҳли китоблардан Аллоҳга, сизларга нозил қилинган нарсага, уларга нозил қилинган нарсага иймон келтирадиганлари, Аллоҳга ўзини хор тутиб бўйин эгадиганлари, Аллоҳнинг оятларини арзон баҳога сотмайдиганлари бордир. Ана ўшаларга Робблари ҳузурида ажр бордир. Албатта, Аллоҳ тезҳисоб Зотдир».

Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас, Ибн Аббос, Қатода розияллоҳу анҳумлар айтишади: «Бу оят Нажоший ҳақида нозил бўлган. У ўлгач, Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша куннинг ўзида бунинг хабарини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Чиқингизлар! Сизнинг ерингиздан бошқа ерда вафот этган биродарингизга жаноза намозини ўқинг», дедилар. Улар: «Ким экан у?» деб сўрашганида «Нажоший вафот этди», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъ қабристонига чиқдилар. У кишига Мадинадан Ҳабашистон ерларигача кўрсатилди. Нажошийнинг тобутини кўрдилар ва тўрт такбир билан жаноза намозини ўқиб, унга истиғфор айтдилар. Сўнг асҳобларини ҳам истиғфор айтишга буюрдилар. Мунофиқлар: «Буни қаранглар, бир ҳабаш, ёввойи, ҳеч қачон кўрмаган бир насронийга жаноза намозини ўқияпти. У бунинг динида бўлмаса», дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».

Мужоҳид, Ибн Журайж, Ибн Зайдлар айтишади: «Бу оят иймон келтирган аҳли китобларнинг барчаси учун нозил бўлган».

200-оятда эса бундай дейилади: «Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, ютуққа эришсангиз».

Довуд ибн Солиҳ айтади: «Абу Салама ибн Абдурроҳман менга: «Эй биродаримнинг ўғли, бу оят нима сабабга кўра нозил бўлганини биласанми?» деди. Мен: «Йўқ», дедим. У киши: «Эй биродаримнинг ўғли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида белни боғлаб тахт бўлиб, пойлаб туриладиган бирор нарса йўқ эди. Лекин бир намоздан кейин кейинги намозни кутишгина бор эди», деди (Ҳоким ривояти).

 

azon.uz

loading...