Ноутбукка суюқлик тўкилса, нима қилиш кераклиги ҳақида

0

Ноутбук билан содир бўладиган ноҳуш ҳолатлардан бири бу албатта уни устига бирор суюқ модданинг тўкилиб кетишидир. Айниқса бу ҳолат офисда ишлайдиган ҳодимларда кўп учрайди, чунки у ерда албатта кофе ёки чой ичиб иш қилиш одат тусига кириб қолган. Ундан ташқари ноутбук ҳам ишхонаники.

Бундай ҳолат содир бўлганда, асосийси довдираб қолмаслик керак (ер қимирлашига ўхшаб) ва бажариладиган ишлар кетма-кетлигини яхшилаб билиб олиш лозим. Дастлаб, аниқлаштириб олайлик ноутбукка қандай турдаги суюқлик тўкилиши мумкин? чой, кофе, сок, газли сув,…

Уй шароитида эса, бошқа суюқликлар ҳам бўлиши мумкин.

Қуйида, бу ҳолат содир бўлганда нима қилиш кераклиги билан танишинг:

1. Биламизки, электр манбаи суюқлик билан чиқишмайди, шу сабабли ноутбукни дарҳол электр манбаидан узиб, ўчириш керак бўлади. Ўчиришда ҳам, қонун қоидаларга риоя қилиб (ПУСК-> …) ўчириш керак эмас, тезда POWER тугмасини босиб туринг ва ўчиринг. Сақланмаган файлларингиз ҳақида ҳавотир оладиган пайт эмас, бу ерда тезлик катта аҳамиятга эга, сониялар ҳамма нарсани ҳал қилиши мумкин.

2. Ўзгарувчан ток билан ишни ҳал қилиб, навбатни ўзгармас токка берамиз, яъни ноутбукни розеткадаги электр манбаидан узиб бўлгандан сўнг, дарҳол батареясини чиқарамиз. Қандай чиқариш кераклиги ёзилган қўлланмаларни титкилаб, YouTube орқали ноутбук батареясини чиқариш ҳақида видеоларни кўриб ёки Googleдан қидириб ўтиришга вақт йўқ, тахминий тарзда билганингизча чиқаринг. Бундай пайтда қонун қоидаларга қараб ўтирманг (энг яхшиси ноутбук сотиб олганинггиздан сўнг, батареяни чиқаришни машқ қилиб қўйинг).

3. Баъзи ноутбуклар клавиатураси устида махсус сақлагич (ҳимоялагич) бўлади, агар сизда ҳам шундай нарса бўлса, уни олиб ташлаб, ювиб, қуритиб яна бемалол ишлатишингиз мумкин бўлади, бу ҳолатда Ноутбукка зарар етмайди, маслаҳат шундай ҳимоялагичдан фойдаланинг.

4. Агар сизда бундай плёнка бўлмаса, ишингиз қийинроқ бўлади. Бирор мато олиб, ноутбукни тескарисига қилиб, ичидаги ва клавиатура устидаги суюқликларни артиб, агар қуюқроқ шарбат бўлса, ичига кирганини тушириб юборинг.

5. Тез бажариладиган ишлар ортда қолди, энди ноутбук ичини очиш керак. Агар ўзингизнинг қўлингиздан келса, ўзингиз очинг ёки компьютерларни тузатадиган устахонага олиб боринг ва муаммони улар ёрдамида ҳал қилинг. Агар ноутбук ичини очишни билсангиз, у ерда деталларни алмаштирган бўлсангиз, яъни бу ишларни аввал ҳам бажариб кўникма олган бўлсангиз, уста бажарадиган ишларни ўзингиз ҳам қилишингиз мумкин. Уни очинг, ичидаги CМОS батареясини ҳам олиб ташланг, барча деталларини чиқаринг ва уларни қуритиш учун очиқ ҳолда 24 соат давомида қолдиринг.

6. 24 соат вақт ўтгандан сўнг, текширишни амалга ошириш мумкин. Дастлаб, деталларни бирма-бир кўриб чиқинг, асосийси motherboar(Материнская плата)ни, ҳеч қандай намлик, каррозия йўқлигига амин бўлинг. Сўнг, ноутбукни йиғишга киришинг, йиғиш давомида диққатликни йўқотманг, йиғиб бўлганингиздан сўнг, яна бир бор текшириб чиқинг.

7. Ноутбукни ишга туширинг, ишга туширганигизда қуйидаги 3 ҳолатдан бири бўлиши мумкин:

  •  Ноутбук ёнмаслиги мумкин, бу ҳолатда уни дарҳол ўчириб, устахонага олиб боринг, демак қандайдир детал ёки плата яроқсиз ҳолатга келган;
  • Ноутбук ёнган, лекин клавиатура ишламаслиги мумкин, клавиатурани барча тугмалари ёки маълум бир тугмалари ўз вазифасини бажармайди. Бу ҳолатда ҳам устага олиб боринг, агар шундай бўлса сиз бу ноҳуш ҳолатдан (суюқлик тўкилишидан) минимум зарар билан чиқган бўласиз, яъни клавиатура алмашади ёки таъмирланади ҳолос;
  • Ноутбук ёнган ва клавиатура ҳам ишлайди. Бу ҳолатда, хурсанд бўлишга шошилманг. Ноутбук ва унинг барча элементларини текширадиган бирор дастур ўрнатинг (AIDA64, SiSoftware Sandra, HWMonitor) ва тўлиқ текшириб чиқинг.
loading...