БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ТОҒА?..

0

 

 

БИР СОАТЛИК ХОТИН

(ҳажвия)

 

Эшматовнинг хотини кетиб қолди. Бундан ўн йиллар олдин ишга кетди-ю, қайтмади. Эркак-да, тунларни ёлғиз ўтказавериш жонига теккан Эшматов кунларнинг бирида газетада ғалати эълонни ўқиб қолди. У ерда «Бир соатга хотин бўламан. Кўрсатилган манзилга ўзим етиб бораман. Хизмат ҳақи 100 доллар» деб ёзиб қўйилганди.

— Нима бўпти? — ўйлади Эшматов. — Айни менинг кўнглимдаги экан.

Тезда газетада кўрсатилган телефонга қўнғироқ қилиб манзилини айтди-да, янги кийимларини кийганча бир соатлик хотинни кута бошлади.

Орадан беш соат ўтиб тўсатдан эшик қўнғироғи жиринглади. Эшикни очса, қаршисида хўппа семиз, икки қўлида иккита оғир сумкалар кўтариб олган, юзлари шамолда тўрлаб кетган бир аёл турибди.

— Сизга ким керак? — ҳайрон бўлиб сўради Эшматов.

— Бир соатлик хотин чақирганмидингиз? — дағал оҳангда сўради аёл.

— Ҳ-ҳа… Лекин… — Эшматов то айтмоқчи бўлган гапини тилига кўчиргунча аёл ичкарига кириб бўлди.

— Уф-ф, тағин менсиз ҳаммаёқни расво қилибсанми?.. — кирибоқ аёл Эшматовни уриша кетди. — Нимага чекиб ташладинг уй ичида? Нафас олиб бўлмай кетибди-ку! Тез ойналарни оч!.. Яна ичгани-чи бу пиёнистанинг!.. Ҳе эр бўлмай балога йўлиққур!.. Нега қоққан қозиқдай қаққайи-иб турибсан? Олмайсанми қўлимдагиларни?..

Аёл зарда билан Эшматовнинг қўлига сумкаларни тутқазди.

Эркак ҳеч нарсани тушунмасди. Аёл эса, ётоқхонага ўтиб эгнидаги пальтосини ечди ва қозиққа илиб секин каравотга ўтирди. Эшматов эса, ширин эркалашлардан умидвор ҳолда тезда сумкаларни ошхонага қўйди-ю, ётоққа қайтиб кириб астагина аёлнинг ёнига ётди.

— Нимага чўзилиб олдинг бойваччаларга ўхшаб? — Аёл кутилмаганда ўрнидан турди-да, эркакка ўдағайлай кетди. — Бор, ахлатни ташлаб кел!..

— Хотинжон, — деди Эшматов мулойимлик билан. — Ахлатни эртага олиб чиқарман. Кел, сени бир эркалай!..

— Ие, ие, ҳаддидан ошишини буни!.. Ҳозир олиб чиқасан! Исқирт қўлларингни торт дедим мендан!.. Ойлик қани? Ойликни чўзиб қўй!..

— Э, ойлик ўтган пайшанбадаёқ тугаб бўлган. — дея жавоб қилди Эшматов қўрқа-писа. Ва оҳиста ўрнидан туриб қўлига ахлат идишни олди-ю, ташқарига йўл олди.

Қайтиб кирганда, аёл енгларини шимариб олганча ҳўл латта билан пол артарди. Эшматов унга бирпас тикилиб тургач, негадир меҳри товланиб кетдими, секингина елкасига қўлини қўйди. Шу заҳоти ҳўл латта юзлари аралаш келиб тушди.

— Бу… Нима қилганинг, хотинжон?..

Эшматов ўзича ғудрана-ғудрана иложсиз залга кирди ва телевизорни ёқди.

— Нега яна ётиб олдинг? — ҳали ёнбошлаб улгурмаган эркакка бақира кетди бир соатлик хотин. — Бор, гиламни қоқиб бер! Чанглаб кетибди!..

— Ҳе хотин бўлмай ҳар нарса бўл!.. — ғудрана-ғудрана ўрнидан турди Эшматов. — Нимага мен бу ярамасга юз доллар тўладим ўзи?..

Шу тобда эшик қўнғироғи чалиниб қолди.

— О, ойижоним келди!.. — хурсанд қичқирди аёл.

— Яна қанақа ойи?.. — Эшматов қўрқа-писа эшикка яқин борди.

— Қанақа бўларди? Менинг ойим!.. Биз бирга шерикчиликка ишлаймиз!.. Ахир, қайнонасиз эр эрмиди?..

Эшматов эҳтиёткорлик билан ётоқхонага кирди-да, диван остига беркинди.

Бир соатлик хотиннинг муддати тугашига шу вақтда яна йигирма етти дақиқа бор эди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...