ШЕЪРИМ, ЯНА СЕНГА ЮКИНГИМ КЕЛДИ…

0

 

 

ҚИЙИН

 

 

Дарду аламимга ботган ғазалим,

Адоғсиз ҳижронга кўниб ўтгансан.

Олис табассумга тўзимлар тилаб,

Сен менинг кўйимда ёниб кетгансан.

 

 

Алвидо дейишга қийналиб кетдим,

Тегрангда мўлтираб туришим қийин.

Кечиргин, бу гал ҳам сенинг ёнингда,

Қолишим қийиндир, қолишим қийин.

 

 

ИСЁН

 

 

Ҳою, ҳавасларнинг бўлмади нафи,

Савобу гуноҳим қоришиб кетди.

Умримнинг паст-баланд кўчаларида,

Озғин оёқларим чалишиб кетди.

 

 

Жуда алам қилар кимсасиз ҳаёт,

Мени тортаверар домига таҳқир.

Бир сўкким келганди бўралаб, ҳайҳот,

Тилим айланмади негадир…

 

 

ҚИСМАТ

 

 

Кўча тўлиб кетди кўз ёшга,

Қиз болага қасд қайда дединг.

Эркаланиб девор ортидан,

Бўз болага тафт қайда дединг.

 

 

Ўғирладинг йўғ-у боримни,

Юпанчингни қўйиб гаровга.

Бир узукча кўрмай оримни,

Ўзинг тегиб кетдинг бировга.

 

 

Соддагина менинг юрагим,

Йўқ, куйганим наводан эмас.

Нима қилай, бўм-бўш ҳовлимнинг,

Остонаси тиллодан эмас.

Олимжон ҲАЙИТ

loading...