ХОҲ ИШОНИНГ, ХОҲ ИШОНМАНГ…

0

 

 

ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАР ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

 

1. Ўзга сайёраликлар билан уфология фани шуғулланади. Аммо дунёнинг кўпчилик олимлари бу фанни ёлғонга қоришиқ фан сифатида қоралайди.

2. Йигирманчи аср ўрталарида СССР олимлари ўзга сайёраликлар масаласида изланишлар олиб борган. Аммо 1961 йил 8 январда «Правда» газетасида «Учар товоқлар ҳақида афсона» мақоласи эълон қилингач, изланишлар тўхтатилган.

3. Тарихий маълумотларда битилишича, 1663 йили Вологда яқинида номаълум учар объект кўзга ташланган. Гувоҳларнинг айтишича, учар объект жуда пастлаб учиб ўтган. Лекин шовқини жуда кучли бўлган. Номаълум учар объект гоҳ кўринган, гоҳ ғойиб бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари уни бир ярим соат давомида кузатишган. Айримлар кўлга тушиб қайиқ ёрдамида учар объектга яқинлашишга уриниб кўришган. Бироқ яқин борганлари сайин танасида кучли ҳарорат туйиб, мазалари қочиб, тезроқ соҳилга чиқиб олиш пайида бўлишган.

4. Илк бор «учар товоқ» атамаси 1947 йили пайдо бўлган. Ўшанда америкалик тадбиркор ва учувчи Кеннет Арнольд Вашингтон яқинидаги тоғлар устидан бир нечта товоқсимон ускуналар учиб ўтганини айтган.

5. Собиқ советлар фантастик ёзувчиси А. П. Казанцев ўз даврида фазодан ерга ташриф буюрадиган ўзга сайёраликлар масаласи билан қизиқиб кўрган. Шу аснода бир нечта фантастик мавзудаги асарларни яратган.

6. Америкалик эр-хотин Бетти ва Барнилар сайёрамиздаги ўзга сайёраликлар тарафидан ўғирлаб кетилган илк одамлар ҳисобланади. Эр-хотиннинг ҳикоя қилишича, 1961 йил 19 сентябр куни Канададаги таътилдан уйга қайтишаётганда, уларнинг машинаси тепасида ғалатомуз учар объект пайдо бўлган. Улар бошқа ҳеч нарсани эслай олишмаган. Икки соат давомида эр-хотинни ўзга сайёраликлар ўғирлаб кетиб, яна ерга қайтаришган экан.

7. Ўзга сайёраликлар билан ҳали ер юзида ҳеч ким алоқага чиқа олмаган. Америка, Мексика, Англия, Канада ва яна бир қатор давлатларда деярли ҳар куни учар товоқларни кўришади. Бировлар бу товоқлар Американинг «51-зона» сида ишлаб чиқарилишини айтади. Айримлар ўша зонада ўзга сайёраликлар борлигини, Америка олимлари, НАСА ташкилоти, ҳукумат раҳбарлари улар билан ҳамкорлик қилишини ҳам баён қилишга улгурган. Бироқ ҳозирча ўзга сайёраликлар ҳақида миш-мишдан бўлак нарса одамлар қулоғига етмаган.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...