«Орқасидан йиғлайдиган одамлар қолибдими, у бекорга яшамаган». Шоу-бизнес вакиллари дизайнер Наримон Григорянни хотирламоқда | Hordiq.uz
Бош саҳифа Шоу бизнес «Орқасидан йиғлайдиган одамлар қолибдими, у бекорга яшамаган». Шоу-бизнес вакиллари дизайнер Наримон Григорянни...

«Орқасидан йиғлайдиган одамлар қолибдими, у бекорга яшамаган». Шоу-бизнес вакиллари дизайнер Наримон Григорянни хотирламоқда

2

14 январь куни таниқли дизайнер Наримон Григоряннинг мурдаси қотиллик аломатлари билан ўзи ижарада яшайдиган хонадондан топилди.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Наримон Григорян ўзбекистонлик таниқли дизайнер, халқаро мода намойишлари, танловлари ва фестиваллари иштирокчиси эди. У 2004—2008 йилларда Ўзбекистон рақс академиясида таҳсил олган. У Тошкентда Nariman Grigoryan бренди остидаги мода уйларига эгалик қиларди.

У ўз вақтида «Тодес» гуруҳи сафида ижод қилган, халқаро рақс танловларида Ўзбекистондан ягона ҳакам сифатида иштирок этиб келарди.

Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари Наримон Григорянни хотирламоқда. Хусусан, «Сетора» гуруҳи хонандаси Лeйли Наримон ҳар доим очиқкўнгил ва меҳрибон инсон сифатида хотирланишини ёзади:

«Бунга ишонгим келмайди. Ким сен билан бундай иш қилишга жазм қилди? Ушбу қилмиш учун жавоб беришсин! Наримон, хотиранг қалбларимизда мангу яшайди. Биз учун гўзаллик яратганинг, қўллаб-қувватлаганинг, қилган барча яхшиликларинг учун раҳмат! Сени ҳар доим очиқ ва меҳрибон инсон сифатида эслаб қоламиз».

«Мен сени қувноқ, ўз услубига эга, ҳаётни борича қабул қила олиш ва сева олиш қобилиятига эга инсон сифатида хотирлайман. Сен ўз ишингнинг устаси эдинг. Ва шунчаки ўз атрофида илиқ атмосфера ярата олган меҳрибон ва жонкуяр инсон эдинг. Мен сендек дўстим бўлганидан хурсандман. Афсуски, бу дунёни жуда эрта тарк этдинг. Жойинг жаннатдан бўлсин», — деб ёзади хонанда Тамила.

Ягона эса Наримонни ўз мақсади сари олға қадам ташлайдиган инсон сифатида хотирлайди:

«Афсус. Бизнинг Нарик (Наримон) истеъдодли, ҳар доим олға интиладиган, ҳеч кимга зарари тегмайдиган инсон эди. Алвидо, дўстим!».

«Наримон билан тенгдошмиз, у билан ‘Севимли овоз’ лойиҳаси доирасида танишгандик, бегона одам билан биттада ҳеч қачон очилиб кулишиб ўтирмайман, юлдузим тўғри келадиган одам билан танишсам, юз йиллик танишимдек ҳамма нарсани муҳокама қилишим мумкин. Наримон ҳар қандай одамни ўзига енгил тортадиган хусусияти бор ажойиб инсон эди. Ниҳоятда талантли, рақс, кийимлар дизайни, саҳнада ўзини тутиш маданияти — ҳаммасидан профессионал билими бор бола эди.

Унинг мен учун энг ёдда қоларли хусусияти бу одамларни осон кулдира олиши эди ‘умпата-тумпан’ деб доира чалгандек ёши катта одамларни камчилигини юзига айтиб, столни уриб қўярди, бундай одамларни ‘юрадиган кайфият’, ‘битмас туганмас юмор соҳиби’ дейишади, у шунақа эди…

Бугун қалбим йиғлади, шу бола ўлганини эшитиб юрагим ачиди, у бекорга яшамагани аниқ, қисқа умри давомида катта ишларни қилишга улгурди, орқасидан йиғлайдиган одамлари қолган экан, демак фоний дунёда ҳам саодатга эришишига ишонаман, шунақа бўлсин, Илоҳим! Жойинг жаннатда бўлсин дўстим», — деб ёзади «Севимли» телеканали бош продюсери Амира Рашидова.

«Бунга ишониш қийин, тилим лол, сен энг самимий, меҳрибон дўстим сифатида мудом хотирамда қоласан», — дея марҳумни хотирлайди Энергетика вазири матбуот маслаҳатчиси Элмира Бекмуродова.

loading...

2 ФИКРЛАР

  1. Оллох рахматига олсин.илохим охирати обод булиб инсонлар факат яхши томонларини эслашиб юрсин.

Comments are closed.