ҚЎРҒОНҚИШЛОҚ ҚАРОҚЧИСИ… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

Аёл нозли жилмайиш қилганча бир муддат қаршисидаги навқирон, совуққон, ёш бу йигитга тикилиб қолди. Бу ишидан Ниғматнинг бир туки ўзгармаганини кўргач эса елка қисган кўйи кийимларини ечди.

Ниғмат рўпарасида фариштадек гўзал, оқбадан, гўё ҳар бир тукидан нур ёғилаётган соҳибжамолни кўрди. Бу гўзалликка сал қурса асир бўлаёзди. Дунёни, Соли ака билан бўлиб ўтган гап-сўзларни-да унутаёзди. Томирларида сокин оқаётган қони жўш уриб асабий лаб тишлади. Сархуш бандадек боши ёқимли айланди. Юраги орзиқди. Аёлни жуда-жуда эркалагиси, нимадир дегиси, қайноқ муҳаббат изҳор этгиси келди. Шубҳасиз, Марина ҳам унинг ҳолатини, ниятини пайқаганди. Шу сабабли кулимсираганча каравотда юзтубан ётган кўйи сукут сақлар, ёш, бўй йигитнинг қалтис ҳаракатини интиқ кутарди.

Аммо Ниғмат дарров ўзини қўлга ола билди. Вужудини кемиргудек аюҳаннос солаётган қалб садосига қулоқ тутишдан ўзга чора топа билмади.

— Бу шайтон йўриғидаги бир банда, — таъкидларди қалби. — Сен шундоғам бўлари бўлган, адойи тамом бўлаёзган одамсан. Агар ҳозир ўзингни бу аёлнинг устига отсанг, билки, жаҳаннам азобидан-да минг чандон кучлироқ азобга йўлиқасан. Кўриб турган кунинг ҳолвага айланади. Бу ниятингдан қайт! Сен адолатни тиклаш учун йўлга чиқдинг. Ундан кўра боши берк кўчадан чиқиш имконини қидир! Умуман, барибир улгурмасдинг. Ана, эшик тақиллайди ҳозир ва Соли аканг шитоб билан кириб келади!..

Ҳақиқатан, шу заҳоти ташқари эшик тақиллади ва Марина сакраб ўрнидан турди.

— Нима бало, импотентмидингиз? — зардали оҳангда сўради у кийиниш асносида. — Намунча шалвирадингиз? Мени умидвор қилишни, устимдан кулишни мўлжаллаганмидингиз? Ана, ҳаммаси тугади. Уйимга кимдир келди. Беркининг! Ҳов анави шкаф ичига киринг!

— Мен беркинадиган иш қилмадим, — деди Ниғмат қўл силтаб. — Керак бўлса ўзингиз беркининг!

— Алдоқчи! Фирибгар! — койина-койина бошига дуррасини ўради Марина. — Табиб ниқоби остида уйимга кирволган экан бу ярамас! Ҳали қараб тургин! Кунингни кўрсаттираман!..

Аёл саннай-саннай йўлакка чиқди-да, ташқари эшик зулфинини суғурди. Орадан бир неча сония ўтиб-ўтмай Ниғмат турган хонада Соли ака ёнида икки барзанги билан пайдо бўлди.

— Ў, маишат зўр-ку! — деди Соли ака гўё Ниғматни биринчи марта кўриб турган каби унга совуқ назар соларкан. — Ёшгина йигитни уйга олиб кирволиб айш қилаётганмидилар? Яхшимас, яхшимас! Мендан олган пулларни қаёқдаги қаланғи-қасанғиларга бериб, эвазига айш қилиш, уларга эркаланиш… Афсус… Мен қўйнимда илон сақлаб юрганимни мана бугун кўрдим! Сенларам кўрдиларингми?

Барзангилар Соли аканинг саволига бош ирғаб сўзсиз жавоб қайтаришди.

Марина эса хиёл титраб қўяр, ҳеч нарса демас, юзини терс бурганча турарди.

Ниғмат эса бундай ҳолатда ўзини қандай тутиш, нима дейишни билмай хуноб эди. Чунки Соли ака бу ҳақда ҳеч нарса демаганди. Хайрият, тағин қалби унга далда бўлди.

— Сен хавотирга тушаверма, — деди қалби Ниғматнинг кўксини қитиқлаб. — Ўзлари келишволишади. Асосийси, сен вазифангни бажардинг, қойиллатдинг. Энди бу босқинчининг ишончига кирасан. Кўрибсанки, тез орада унинг ўнг қўлига айланишингам мумкин. Фақат сенга бир гапим бор. Уни Соли аканинг уйига боргандан кейин айтаман…

Унсиз суҳбатни Соли аканинг пўписаси бузди.

— Ҳой бола, кимсан? — Ниғматга ўдағайлай бошлади у. — Менинг хотинимминан қанд еяётганмидинг бу уйда? Гапир!..

«Қизиқ бўлди-ку, — деди Ниғмат хаёлан қалбига мурожаат этиб. — Бу одам нима қилмоқчи ўзи? Нимага менга ўдағайлаяпти? Бунисини келишмагандик-ку!..»

— Индамасдан уйдан чиқиб кет! — тайинлади қалби Ниғматга. — Гап қайтарма ҳозир! Ташқарига қараб юрсанг, у ортингдан бормайди. Тезроқ бўл!

Ниғмат айтилганидек, бир оғиз сўз демади ва бошини эгганча ташқарига қараб юрди.

Қалби алдамабди. Соли ака жойидан жилмади. Турган ерида сўкина-сўкина Маринага ўшқира кетди.

Ниғмат эса эшикни очди-ю, пастга чопди. Машинага чиқиб ўтиргани ҳамоно енгил нафас олиб кўзларини юмди…

Бу гал Ниғматнинг икки ёнидан бояги барзангилар жой олишди. Соли ака эса моторга ўт қўйди-ю, газни босишдан аввал ортга ўгирилиб Ниғматга маъюс боқди.

— Ука, кўрдингми, — деди у шивирлаб. — Аёллар мана шунақанги аҳмоқ бўлишади.

— Ака, мен ҳеч қандай ёмон иш қилмадим, — дея ўзини оқлашга тушди Ниғмат соддаларча. — Ўлай агар, у аёлга қўлимниям теккизмадим.

— Биламан, — деди Соли ака бош чайқаб. — Ишонмасам, сени ўша манжалақиникига киритармидим? Бопладинг. Қойиллатдинг. Ана энди меникига борамиз. Бу воқеани ювмасак бўлмайди…

Ниғмат индамади. Шу лаҳзаларда жуда уйқуси келаётганди. Чарчоқ танасига чиппа ёпишиб, уни тобора ҳолдан тойдириб борарди. Шу сабабли бош ирғаб Соли аканинг қарорини маъқуллади-ю, қайтадан кўзларини юмди…

 

* * *

 

Машина шаҳар кўчалари ичра елдек учиб бориб қайсидир муюлишга бурилди.

Бу кўчанинг икки юзи ҳашаматли ҳовлилардан иборат эди. Симёғочларга ўрнатилган ранг-баранг чироқлар ёрқин нур таратиб, ҳовлиларни янада гўзал кўрсатарди.

Машина уйлардан бири рўпарасига етиб тўхтагач, Ниғмат Соли аканинг ишораси билан пастга тушди.

Қаршисида уч қаватли ҳашамдор ҳовли ўзини кўз-кўз қиларди. Ҳовли дарвозасининг ўзи сеҳрли бир масканни ёдга соларди.

Ниғмат нақшинкор дарвозага бир муддат термилиб қолди. Хаёлида дарров қишлоқдаги кўримсизгина ҳовлиси, Умар миробнинг ғазабнок, ичкилик туфайли бужмайган башараси гавдаланди. Ўзича шундай уйни қандай бунёд этиш мумкинлиги ҳақида бош қотира бошлади.

«Дунё шунчалар адолатсизми? — кўнглидан ўтказди у ичкарига қадам қўяркан ҳовлига териб чиқилган қора мармарларга қўрқа-писа оёқ босиб. — Бундай уйни менга ўхшаганлар тушидаям кўрмайди. Қанча пул керакдир, ахир шундай уй қуриш учун! Соли ака қандай топди экан шунча пулни?.. Билмадим, билмадим…»

— Овсарсан-да, бўтам, — беихтиёр овоз берди қалби. — Оддий нарсаларни тушунмайсан. Ахир, Соли аканг ўғри, босқинчи, баттол! Керак бўлса у одам ҳам ўлдира олади. Кўрдинг-ку, қандай гўзал аёли бор экан. Чунки пули кўп. Соҳибжамоллар, шайтон йўриғига кирган гўзаллар фақат пулдорларнинг ортидан қувлашади. Сендайларни писанд этишмайди. Аммо кўнглингни чўктирма. Ҳали шундай кун келадики, ҳақиқий фариштамисол қиз йўлингдан чиқади. У сенга ёруғ дунёнинг ростакам жаннатини ҳадя этади… Майли, ундан кўра эсингда тут. Соли акангнинг шаҳарда ягона душмани бор. Исми Валера. Валера билан Соли ака ўн йилдан бери бекитиқча жанг олиб боради. Бойлик, ўғрилар дунёсига ҳукмдорлик илинжи икковини ёвуз душманга айлантирган. Сен Соли аканинг ишончини қозонмоқчи бўлсанг, биринчи навбатда душманини ёдига сол, исмини, қаерда туришини, нима билан шуғулланишини, феъли қанақалигини аниқ айтиб бер. Ўзим сенга ёрдам бераман. Кўрибсанки, бу одам қойил қолади. Икки қўлини боши узра баланд кўтаради-ю, сенга тан беради. Бўшашма!..

Ниғмат буларнинг барчасини ёдида сақлаб қолган ҳолда Соли ака ва барзангиларга эргашган кўйи хоналардан бирига кирди.

Хона ажойиб эди. Деворларига шарқона безак берилган, ўртага узун ва чиройли стол қўйилган, стол ноз-неъматларга тўла, уларнинг устига оппоқ дока ташлаб қўйилибди.

Соли ака ичкарига киришлари билан эгнидаги курткани ечиб барзангилардан бирига тутқазди-да, тўрдан жой олди.

— Хўш, нега бақрайиб қолдинг, ҳамюрт? — деди у кулиб. — Қани, ўтир! Базми жамшидни бошлайлик! Мана шу уй меники. Ўз уйингдагидек керилиб ўтиравер! Бу ерда сени ҳеч ким хафа қилмайди. Ўтир дедим!

Ниғмат дарҳол хаёлларини жамлади-да, Соли ака кўрсатган курсига чўкди ва мақсадга ўтишга шошилди.

— Қалбингиз жуда эзгин, ўзингиз безовтасиз, — деди Ниғмат ароқ тўла шишани очиб қадаҳ тўлдиришга тутинган Соли акага тик боқиб. — Тез-тез юрагингиз оғриб қоладиган бўлган. Кейинги бир ой ичида ўзингиз ҳам қўрқиб қолгансиз. Сиз… Ўлиб қолишдан қўрқасиз. Буйрагингиз хуруж қилиб туради. Асабийлашсангиз, миянгизда оғриқ туради. Жигарингизниям мазаси йўғроқ.

Ниғмат сўзларди-ю, Соли ака қўлидаги қадаҳни бир четга қўйганча бақрайиб қолганди.

— Н-нима бало, фолбинмисан? — сўради у Ниғмат сўзини тугатиб улгурмай. — Қаердан биласан буларни? Ахир… Мени биринчи марта кўриб турибсан-ку, қизиғар!..

Ниғмат жавоб бериш ўрнига асосий гапни тўкиб солишга ошиқди.

— Валера деган хавфли душманингиз бор, — деди ер чизиб Ниғмат. — У жуда жонингизга теккан. Қандай йўл билан йўқ қилишни билмай ҳайронсиз. У шунчалик хавфлики, ҳеч қачон сизга қарши очиқ жанг олиб бормайди. Сиз назорат қиладиган бозорларга бош суқади, сизга қарашли одамларни жазолайди, ўлдиради, майиб қилади-да, ҳеч нарса бўлмагандек юраверади. Аммо кўришиб қолса, сизминан қучоқлашиб кўришади. «Жигарим» дейди сизни.

Бу маълумотлар Соли акани ростакамига ҳайратга солиб қўйганди. Буни ичкилик, эшик олдида турган барзангилар, қўлида қайноқ овқат тўла косалар жойланган патнис тутганча буйруқ кутаётган аёлга-да эътибор бермаётгани, юзлари ловиллаб, кўзлари чақчайганидан пайқаб олса бўларди.

— Вей, сен зўр фолбин экансан-ку, — дея кутилмаганда ўрнидан туриб кетди Соли ака. — Тўппа-тўғри! Ҳамма айтганларинг ҳақиқат, ука, ҳақиқат! Менга қара… — Соли ака столни айланиб ўтди-да, Ниғматнинг тепасига келиб икки елкасидан тутди. — Очиғини айт, фолбинмисан? Айтавер!

— Йўқ, — деди Ниғмат норозиланиб. — Мени камситманг! Шунчаки… Дилгирман холос.

— Шунақа дегин? М-майли, майли, дилгир бўлсангам барибир кучли дилгир экансан! Тан бердим сенга, ука, тан бердим! Т-тўхта, о-олдин… Олдин манавиндан қиттай-қиттай ичайлик! Кейин сенга гап бор! Зўр гап бор! Дода гап бор, укам!.. Ҳой, Лариска, овқатларни олиб келмайсанми! Нимага қаққайиб қолдинг! Қўй буларни столга! Меҳмоним очиққан! Марат!

Эшик олдида турган барзангиларнинг бири исмини эшитиши билан икки қўлини кўксига қўйди.

— Ака, нима қилай?

— Тезда Бўрибой акангни чақиртириб кел! Оёғини қўлига олсин-у шуёққа етиб келсин! Зарур иш чиқиб қолди дегин! Бўл!..

Барзанги буйруқни эшитгани заҳоти илкис бурилиб ташқарига зипиллади.

Соли ака эса коса тўла овқатлардан бирини Ниғматнинг олдига суриб қўлига қадаҳ тутди.

— Қани, мана шу қадаҳни танишганимиз, келажакда ака-ука бўлиб қолишимиз учун кўтарайлик, ҳамқишлоқ! Тортинма, олавер!

Ниғмат ичкиликни оғзига яқин олиб боришдан олдин кўксига кафтини босиб қалбидан жавоб кутди. Ҳеч қандай садо бўлмагач, таваккал қадаҳни кўтарди.

— Менга қара, — деди Соли ака Ниғматга синчковлик билан боқиб. — Агар ростданам фолбин бўлсанг, айт-чи, Валера неча марта қамалган?

— Саккиз марта, — деди Ниғмат қайтадан кафтини кўксига босиб. — Охирги марта каттакон амалдорминан ёвлашиб қамалган. Лекин икки ойдан кейин уни қўйиб юборишган.

— Нега қўйворишган? Шунисиниям айтгин-да, хумпар!

— Катта пул эвазига, — деди Ниғмат пинагини бузмай. — Турмадагиларнинг оғзини яхшилаб мойлагани учун.

— Баракалла, — деди Соли ака кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Сен, бола, зўр чиқиб қолдинг-ку! Яхши-и!.. Қани, олдик яна!

Ниғмат эндигина қадаҳни қўлига олган эдики, қалби даъфатан қўзғолон қила бошлади.

— Бас, етар! Ҳаддингдан ошма!.. Қаердалигингни унутма! Ётиб дамингни ол!..

Ниғмат бу товушни эшитди дегунча қадаҳни стол устига қўйди.

— Узр, ака, менга кўплик қилади, — деди у безовталаниб. — Рухсат берсангиз, дам олсам. Очиғи, жуда чарчагандим.

— Шунақами? Гап йўқ, ўғил бола! Дам ол, тўйиб ухла! Қолган гапларни эртага гаплашамиз. Ҳой, ким бор? Келларинг! Укамга хонасини кўрсатларинг!

 

* * *

 

Ниғмат умри бино бўлиб бу қадар юмшоқ диванда ухламаган, оппоқ, нафис чойшабларни кўрмаганди.

Диванга чўзилганданоқ танаси яйраб кетди. Беихтиёр жилмайиб шифтга тикилди. Бироқ яна ички овоз оромини бузди.

— Сен бу ҳашаматларга ён берма, — тайинлади овоз. — Буларнинг барчаси сен учун омонат. Ҳали Соли ака ортингдан беармон кузатади. Сени оғир, машаққатли йўл, бир-биридан хавфли лаҳзалар кутмоқда. Фақат қўрқма, мен ҳамиша сенга йўл кўрсатаман! Сен бир нарсани ёдингда сақласанг бас.

Ниғмат кутилмаганда даст ўрнидан турди-да, эшик томонга юзланди. Қулоғини динг қилиб ташқаридаги товушларни илғашга уринди. Залда Соли ака ким биландир баланд овозда суҳбатлашар, лекин суҳбат нима ҳақида кетаётганини англаш қийин эди.

— Буёғига нима қилай? — энди овоз чиқариб сўради Ниғмат. — Келишга келдим, ҳаммасини айтдим ҳам. Энди-чи? Нима бўлади?

— Сен икки босқинчи орасида элчи каби кезаверасан, — деди овоз. — Ҳар бирининг ички сирларини ипидан игнасигача билиб оласан. Керак бўлса, бирини бирига гиж-гижлайсан.

— Бу хатарли иш, — дея норози бош чайқади Ниғмат. — Буларнинг қўлидан ҳар иш келади. Ўлдириб юборишлари мумкин.

— Мен ёнингда эканман, ҳаммаси рисоладагидек кечади, — деди овоз. — Бўшашмасанг, иккиланмасанг, қўрқмасанг, ортга чекинмасанг бас.

Ниғмат бу сўзларни эшитгач, янада енгил тортди ва диванга қайтадан ёнбошлади.

Эрта тонгда Ниғматни кимнингдир дағал товуши уйғотди. У кўзини очди-ю, тепасида Марат деган барзангини кўриб ўзи сезмаган ҳолда ижирғаниб қўйди. Ҳақиқатан, бу нусха унга бошидаёқ негадир ёқинқирамаганди. Аммо кўнглидан кечаётган гапларни Маратга сездирмай, аста ўрнидан турди.

— Сени Соли ака залда кутяпти, — деди Марат совуқ тиржайиш қилиб. — Нонушта тайёр!

— Ҳозир чиқаман, — деди Ниғмат сир бой бермай. — Сен боравер!

Барзанги ортиқ сўз демай, ташқарига йўл олди. Ниғмат эса шошилмасдан ваннахонага кирди, юз-қўлини чайди. Момиқ сочиққа обдон артинди. Шу баҳонада қалбида илиқлик туйиб кайфи чоғланди. Шундан кейингина зал томон юрди.

Соли ака тепакал, ёши қирқдан ошган бегона эркак билан бирга ўтирар, унга пичирлаб нималарнидир уқтирарди.

Ниғмат чиқиб келганини кўриб бирдан жим бўлди.

— Ие, ҳамқишлоқ, яхши ётиб турдингми? — дея ўрнидан турди Соли ака. — Кел, манави ерга ўтир! Ҳозир сенга қоврилган жўжа олиб келишади. Унгача акангминан таниш! Бу киши менинг энг яқин ёрдамчим. Исми Бўрибой! Бўрибой, бу ҳамюртимиз Ниғматбек! Ажойиб хислати боракан. Вей, ҳамюртимиз кучли фолбин экан, билдингми?!. Ҳали бизга кў-ўп ёрдами тегади. Шундайми, ҳамқишлоқ?

— Албатта, — деди Ниғмат Бўрибой акага билдирмайгина ер остидан қараб. — Ҳали бу акам иккаламиз зўр ишлар қиламиз. Сиз буюрсангиз бўлди, қотирамиз!

— Оҳ, ажойиб йигит экансан! — дея беихтиёр чапак чалиб юборди Соли ака. — Биринчи навбатда ёлғиз ўзингни Валераникига юборамиз. Алоҳида топшириқ бор. Шуни бажарсанг, уёғи қанддай бўлади. Тўғрими, Бўрибой?

Тепакал бош ирғаб Соли аканинг сўзини маъқуллади-ю, бироқ негадир афти бужмайди. Ниғматга совуқ тикилиб бир неча марта елка қисиб олди.

Бу ҳаракати, шубҳасиз, Ниғматни безовталанишга, ҳадиксирашга мажбур этганди.

Қалби уйғониб, унга тасалли бера бошлади.

— Кўрдингми, — деди у Ниғматга. — Булар бир-бирига ишонмайди, бир-биридан хавфсираб яшайди. Шундай экан, сен олдиндан хурсанд бўлма. Соли аканинг ҳамма гаплари ясама, сохта. Аслида ҳозир атайин сени текшириб кўриш ҳақида бош қотиряпти. Аллақачон ортингдан кузатадиган югурдакларниям тахт қилиб қўйган. Улар ҳар бир қадамингни кузатишади. Хато қилсанг, тамом, шу лаҳзада хўжайинига чопишади. Уларнинг ҳеч бири сени хуш кўрмайди.

— Нега? — сўради Ниғмат хаёлан. — Мен ҳеч кимга ҳали ёмонлик қилмадим-ку!

— Сен буларнинг ошига шерик бўлиш арафасидасан. Нони яримта бўлишидан чўчишади. Қўрқма, барибир қўлларидан ҳеч вақо келмаслиги тайин.

— Хўп, мен нима қилай? Қандай йўл тутай?

— Бугун тунда сени Валераникига юборишмоқчи, — деди қалби. — Жуда қалтис вазиятда қоласан. Чунки қўриқчиларни доғда қолдириб ичкарига киришинг, Соли аканинг устидан ёлғондакам арз қилишинг, Валерани ишонтиришинг зарур бўлади.

— Бу юмуш қўлимдан келармикан? Ахир мен…

— Бобонг раҳматли сенга яна бир ажойиб хислатни мерос қилиб юборган. Сен одамзотни гипнозлаш қувватига эгасан. Тўғри, ҳали бу вазифанинг ҳадисини олмадинг. Аммо мен айтгандай йўл тутсанг, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон битади. Илтимос, бўшашма, соддалик қилиб қўйма, ўзингни қўлга ол, бардам ҳаракат қил, унутма, Валера ҳам, Соли аканг ҳам сенинг ашаддий душманинг. Шундай экан, уларнинг ҳар бир гапини ёдда сақлаб қолишга урин.

Бу ростакамига илоҳий қудрат эди. Ниғмат ички овоз берган билдиргидан ниҳоятда руҳланди, вужудида номаълум кучни ҳис эта бошлади. Ҳатто, қаршисидаги бу хавфли одамларга дадил боқа олди. Ҳаётидаги илк хавфли юмушни адо этишга қалбан тайёр турди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...