Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизи прописка режимига қаршилигини билдирди

0

Ўзбекистон ички миграция даражаси бўйича жаҳонда энг қуйи ўринларда туради. Мамлакатдаги урбанизация кўрсаткичларида 2009 йилдан буён турғунлик кузатилмоқда. Жаҳон банки тадқиқотчиси Уильям Сеиз ўтказган тадқиқотда шу ҳақда сўз боради, деб хабар қилди «Kun.uz».

Фото: «Дарё»

Муаллиф ички миграцияга тўсиқ бўлаётган икки асосий омилни келтириб ўтган: прописка режими ва шаҳарда яшаш харажатларининг қишлоқ ҳудудларга нисбатан анча юқорилиги.

Маълум бўлишича, пойтахт Тошкентда яшаш харажатлари Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичдан 5,5 баробарга кўп. Бу эса қишлоқларда яшаётган деярли барча фуқароларнинг пойтахтда ҳаёт кечиришга қурби етмаслигини билдиради.

2018 йилда Тошкент шаҳридаги ўртача маош миқдори қишлоқ жойлардаги ўртача ойликдан 88 фоизга, республика миқёсидаги ўртача маошдан 61 фоизга юқорироқ бўлган.

Сўровлар натижасига кўра аҳолининг тахминан 90 фоизи – барча регистрацион чекловларни бекор қилиш тарафдори.

Таъкидланишича, прописка режимини бекор қилиш билангина урбанизация фаоллашишига эришиб бўлмайди. Бунинг учун шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш суръатини ошириш керак. Ўтказилган сўровлар ўзбекистонликларнинг 80 фоиздан кўпроғи бу фикрга қўшилишини кўрсатган.

Тадқиқотчининг фикрича, аҳолининг кўчиш суръатлари сустлиги мамлакатда меҳнат унумдорлиги ва бандлик даражаси ўсишига салбий таъсир қилади.

Ўрганиш натижасида қуйидаги чоралар тавсия этилган:

  • шаҳарларда кенг миқёсда арзон ижара уйларини қуриш ва ижара уй-жой бозорини шакллантириш (Сингапур, Гонгконг ва Хитой тажрибаси);
  • кўчмас мулк дахлсизлигини таъминлаш (бу ўз навбатида инвесторларни уй-жой қуришга рағбатлантиради);
  • ҳам уй-жой қурилиши билан шуғулланувчи корхоналар, ҳам уй-жой сотиб олувчилар учун мақсадли субсидиялар ажратиш;
  • шаҳарларни режалаштиришга (мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектлар жойлашуви) алоҳида эътибор қаратиш ва ҳк.

Жаҳон банки расмий сайтида эълон қилинган тадқиқот банкнинг «Қашшоқлик ва тенглик» глобал амалиёти доирасида ўтказилган бўлиб, ундаги маълумотлар Жаҳон банки ва Тараққиёт стратегияси маркази ҳамкорлигида 2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» сўрови натижаларига асосланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июнда Ўзбекистонда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил қилиниши ҳақида хабар берилганди.

daryo.uz

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here