Халқимиз қанақа гўшт емоқда?

1

Кимлиги эсимда йўқ, гўштни кўп еймиз, деб кўплаб танқидларга учради. Ҳа, айнан “гўштни кўп ейдиган халқ” қанақанги гўшт емоқда — ҳалолми ёки ҳаром? Ҳалол сертификатлими ёки йўқ? “Бисмиллаҳ” деб сўйилганми?

Бугун юртимиз аҳолисига ҳалол сертификат ниҳоятда муҳим. Чунки бу юртда турли миллат ва элат, ҳар хил дин вакиллари яшайди. Мусулмонларга шаръий ҳалол йўл билан сўйилган пок ҳайвонлар гўштини емоқ фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларидан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсаларингиз. Албатта У Зот сизларга ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган нарсаларни ҳаром қилди. Кимки маза талаб қилувчи ва ҳаддан ошувчи бўлмаган ҳолда мажбур бўлиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, раҳимлидир”. (Бақара сураси, 172-173 оят) Мўмин оч қолса ҳам ҳаром гўштни емайди. Гўштни ўрнини босадиган бошқа нарсаларни ейдики, фарзандининг луқмасини ҳаром бўлишидан очликни афзал билади. Чунки унинг иймони бор, Аллоҳ таолога итоати бор. Ҳақиқий мўмин ҳалол гўштни қидириб топиб ейди.

Собиқ шўролар даврида одамларнинг онгини бузиш, шариатдан узоқ қилиш мақсадида бисмиллаҳсиз гўштларни едиришга уринишлар бўлди. Чала сўйилган паррандалар сотилди. Ишонсангиз, ўзи ўлган молларни ошхоналарга арзон гаровга сотадиганлар бўларди. Ўша гўштларни ошпазлар кўриб билиб халққа едирганлари ҳам бўлган. Чунки худони билмайдиган нафс қули бўлган ошпазнинг фойда қилса бўлди эди. Аммо ҳалол-ҳаромни ажратадиган мўминлар болаларини ундай гўштларга яқинлаштиришмасди. Айниқса, қишлоқ жойларда эътибор катта эди. Миш-мишларга қараганда бугун баъзи қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар турли ғайри дин ва мушриклар юртидан гўштларни олиб келиб сотишмоқда экан. Қазиларга мушриклар ичагидан фойдаланаётган эмиш. У гўштлар ичида ўзи ўлган молларнинг гўштлари ҳам бор эмиш. Бу гўштларни омматан халққа едиришга, айниқса, арзон нарсага ўч одамларга тиқиштираётган эмиш.

Биз гўштларнинг келтирилишига қарши эмасмиз. Фақат бу гўшт фалон давлатники, қази фалон юртдан келтирилган ичакка солинган, деб ёзиб қўйсин. Бошқа гўштларни Ислом асосларига биноан сўйилган ҳалол сертификатли гўшт деб сотишсин. Одамлар нима еятганини билсин. Бугун эшитишимизча, баъзи ошхоналар арзон гўштлардан фойдаланиб, ҳаром гўштларни ҳалол деб сотмоқда. Сомса ва гуммахоналар ҳам турли ҳайвонларнинг ички аъзоларини аралаштириб сотмоқда.

Бу ишларга чек қўйиш керак.

Шу ўринда бир савол туғилади: ўзбекистонлик аҳли илм, уламолар қаерда?! Улар нега бу масалага келганда жим?! Нега жума маърузаларида тушунтиришмайди? Ҳалқуми бузилган, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайдиган авлоддан нима яхшилик кутиш мумкин? Аллоҳ таолонинг олдида ўз жавобгарлигимизни нега ҳис қилмаймиз? Барча давлатда бор бўлган ишончли ҳалол сертификати нега бизда йўқ? Ҳаром гўштлар билан болаларимизнинг касал бўлиши, турли юқумли касалликлар тарқашига нега беэътибормиз? Ҳаром гўшт орқали бой бўлаётганлар кимсалар савол-жавоб, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқмайдими?

Эй, мусулмонлар! Тўғри келган ерда овқатланманг, ҳаром ва шубҳали жойлардан қочинг!

Эй, аҳли илмлар!

Халққа ҳалол-ҳаром тўғрисида кўп тушунча беринг. Қиёматда ёқангиздан тутадиганларни кўз олдингизга келтиринг. Мен бу масалани шу юртни севганим, халқимни яхши кўрганим, болаларимизни бахтли бўлишини хоҳлаганим учун ёздим.

Мен ҳам индамасам бўлади, аммо эртанги кун сўроқ-жавобидан қўрққаман.

Шу юрт инсонларининг соғ-саломат юришларини хоҳлаганим учун ёздим. луқмамиз, ҳаётимиз, топганимиз ҳалол бўлсин.

Шермурод Тоғай

 

azon.uz

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Бозорга тушганингда сотувчидан гуштингиз халолми деб сура. Агар у гушт халол деб сени алдаса гунохи унга. Сенга хеч кандай гунох булмайди.

Comments are closed.